“...жиноят қилишга ҳеч кимнинг вақти йўқ!”

Қува туманидаги Қорақум маҳалласида яшовчи Муҳторжон Жўраев оиласи томорқачиликдан барака топган оилалардан. Оила аъзолари кўп йиллардан бери мевали ва манзарали дарахт кўчатларини етиштиришга алоҳида урғу бериб келади.

Ҳозирда ҳовлисида арчанинг қатор турларини ўстиряпти. Игна баргли, товланиб турадиган яна бир арча навини уруғидан кўпайтиряпти. Вилоят ҳокими кўплар қатори уларнинг томорқасини ҳам кўриб, қилган ишлари учун раҳмат айтди ва 3 миллион сўм пул мукофоти бериб кетди. Оила­миз фаровонлиги йўлида қилган ишимизни эътироф этгани учун янада ғайрат билан ишлаяпмиз, – дейди хонадон соҳиби.

Мухторжоннинг қўшниси Баҳодиржон Нурматовнинг томорқаси ҳам мақтаса арзийдиганлардан экан. Оила аъзоларининг томорқага яхши эътибор бергани кўриниб турибди. Томорқада олма, анор, шафтоли, олхўри, хорижий мамлакатларда ўстириладиган дарахт кўчатлари ва мевалари етиштирилаётгани уларнинг даромадларига даромад қўшмоқда.

Маҳалла оқсоқоли кетаётганимизда бир гапни айтиб қолди. Маҳаллада жиноятчилик умуман йўқ экан. Чунки жиноят қилишга ҳеч кимнинг тоқати ҳам, вақти ҳам йўқ. Ҳамма фойдали иш билан банд.

Ҳамиджон БУРҲОНОВ