ИССИҚХОНА: Туркиядан арилар келтирилди
Янгиариқлик тадбиркор Қодир оғанинг 4,5 гектар боғи бор. Боғда мевали дарахтларнинг ҳамма турини учратиш мумкин. Бир гектар ерда узумнинг “Ризамат ота” нави экспортга мўлжаллаб парваришланмоқда. Даромад ҳам меҳнатга яраша бўляпти.
Қодирберган Йўлдошев туман ҳокимлиги билан келишиб, бу йил бир гектар ерда гидропоника усулида иссиқхона ҳам ташкил этди. Унда помидор ва бодринг етиштириляпти.
– Эронлик мутахассислар бизга гидропоника усулида помидор, бодринг етиштириш сирларини ўргатмоқда, – дейди фермер. – Маҳсулотларимизни халқимиз дастурхонига тортиқ қиляпмиз.
Банкнинг 500 минг доллар миқдоридаги кредити ва ўз сармояси эвазига бунёд этилган иссиқхонада иш қизғин. Эронлик агрономларнинг айтишича, бир гектар майдондаги иссиқхонадан ўртача 150-200 тонна ҳосил олиш мумкин.
Ҳозирда иссиқхонадаги барча агротехник тадбирлар эронлик агроном назоратида олиб борилмоқда. Ҳатто, экинларни чанглатиш учун Туркиядан иссиқхонага мослашган арилар ҳам олиб келинган.
Болтабой МАТҚУРБОНОВ