УЧҚЎРҒОН ГЎЗАЛ МАСКАНГА АЙЛАНМОҚДА

by qishloqhayoti
УЧҚЎРҒОН ГЎЗАЛ МАСКАНГА АЙЛАНМОҚДА

Учқўрғон тумани ҳам сўнгги йилларда кўркам қиёфага кирди. Туман марказидан тортиб, чекка қишлоқларда ҳам замонавий турар жойлар, муҳташам бинолар бунёд этилаётир. Туманда тадбиркорликнинг ривожланиши натижасида маҳаллий маҳсулотлар турлари кўпайиб бормоқда. Бу, албатта, учқўрғонликларнинг турмуши фаровон бўлаётганидан далолатдир.

Учқўрғон шаҳрида бир пайтлар хароб аҳволга тушган собиқ ип-йигирув комбинати ўрнида “Uztex Uchkurgan” қўшма корхонаси иш бошлагани тумандаги кўплаб ишсиз опа-сингилларимиз учун айни муддао бўлди. Ушбу қўшма корхонада ишлаб чиқарилаётган бежирим трикотаж маҳсулотлари кўплаб чет давлатларга экспорт қилинмоқда.

Учқўрғон шаҳрининг марказий кўчалари замонавий чироқлар воситасида чароғон бўлди. Ўнқир-чўнқир йўллар асфальтланиб, ободончиликка катта эътибор берилаётир. Анча йиллар олдин ёпиб қўйилган йўлларнинг қайтадан очилиши одамларнинг узоғини яқин қилди. Норин дарёси бўйида қаровсиз қолган ҳудудларнинг тадбиркорларга берилиши натижасида турли дам олиш ва хизмат кўрсатиш масканлари ташкил этилмоқда. Дарё бўйига ранго-ранг чироқли аркалар ўрнатилди. Эндиликда дарё соҳилида сайр қилиб, Норин дарёсининг гўзал манзараларидан завқланиш мумкин.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож одамларга кўмак берилаётгани ҳам қувончли ҳолдир. Туман марказида жойлашган Иқтисодиёт коллежининг фойдаланилмаётган 3 қаватли ётоқхонаси реконструкция қилиниб, кам таъминланган эҳтиёжманд оилалар учун квартира сифатида берилди. Уйли бўлган инсонларнинг қувончи чексиз.

Дарҳақиқат, Ўзбекистонимиз жаҳон ҳамжамиятидаги ўрнини тобора мустаҳкамламоқда. Бу шаҳару қишлоқларимиз обод, турмушимиз фаровонлашиб бораётгани, юртдошларимиз онгу шуури юксалаётганида зоҳир. Эврилишлар жонажон Ватанимизнинг бир бўлаги бўлган Учқўрғоннинг бугунги жамолида ҳам акс этиб турибди.

Муҳаммадсоли АДАШЕВ,

Учқўрғон туманидаги 8-умумий ўрта таълим мактаби директори.

April 24, 2019
by qishloqhayoti