Келажак лидерлари - истиқболли ёш давлат хизматчилари.
Халқчил янги авлод кадрлар захирасини шакллантириш, истиқболли ёш давлат хизматчиларига республикани жадал ривожлантиришга йўналтирилган кенг миқёсдаги ислоҳотлар мазмун-моҳиятини етказиш мақсадида "Келажак лидерлари" махсус малака ошириш дастурининг 2-мавсуми учун ўрта бўғин бошқарув мутахассислари саралаб олинди.
Республиканинг 94 та давлат органи ва ташкилотларидан тавсия этилган ҳамда агентлик томонидан ташкил этилган телеграмм-бот орқали ариза топширган 25 ёшдан 35 ёшгача бўлган 1 862 нафар давлат хизматида фаолият юритаётган ўрта бўғин бошқарув мутахассислари ва раҳбарлари орасидан тизимли муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш кўникмасига эга, стратегик фикрловчи, кенг қамровли ислоҳотлар ва имкониятларни олдиндан кўра оладиган 48 нафар ёшлар танлаб олинди.
Саралаш ишлари давомида шахсий маълумотномани баҳолаш тизими орқали 294 нафар номзод, давлат хизматчиларини синовдан ўтказиш модули ёрдамида тест синови орқали 194 номзод саралаб олинди. Агентлик ходимлари томонидан амалга оширилган суҳбат-ассессмент босқичи якунларига кўра 48 нафар ёш кадрларнинг номзоди дастур тингловчилигига қабул қилишга тавсия этилди.
Шу кунларда мазкур дастурнинг навбатдаги мавсуми Давлат бошқаруви академиясда ташкил этилмоқда. Дастур Давлат фуқаролик хизмати ҳуқуқий асослари ва кадрлар сиёсати, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, глобал бошқарув сиёсий-ҳуқуқий ва иқтисодий билимлар, бошқарув ва лидерлик асослари, замонавий бошқарув технологиялари, компетенцияларни бошқариш йўналишларида ноодатий шаклдаги дарслар, маҳаллалардаги амалиёт ҳамда вазирлик ва идоралар раҳбарларига стажировка-дублёрлик билан уйғунликда олиб борилмоқда.
Бу эса “Келажак лидерлари”нинг интенсив тарзда эгаллаган билимларни мустаҳкамлашга ва келгуси фаолиятида қўллашга ёрдам беради.
Дастур давомида тингловчилар профессор-ўқитувчилар ва ўз соҳасининг етук мутахассисларидан билим олишлари, соҳалари бўйича юзага келаётган қийинчиликларни ечимини биргаликда топишлари мумкин. Аҳамиятлиси, тингловчилар 14 та ҳудудда, турли хил соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан тажриба алмашиш ҳамда мавжуд муаммолар юзасидан таклиф билдириш имкониятига эга.
Ўқув дастури босқичлари талабларини муваффақиятли бажарган, мақсадли битирув лойиҳа тақдимотини намунали амалга оширган тингловчиларга белгиланган шаклда Диплом берилади ва улар Миллий кадрлар захирасига киритилади.