July 29, 2022

42 нафар ёш мутахассислар билан устамалар тўлаш юзасидан шартномалар тузилди.

⚡️Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига кўра, давлат органлари, ташкилот ва муассасаларида фаолият кўрсатаётган нуфузли халқаро рейтинг ташкилотларининг юқори 500 талик рўйхатига киритилган хорижий олий таълим муассасаларини (бакалавриат, магистратура) тамомлаган ёки уларда илмий даража (PhD ва унга тенглаштирилган бошқа илмий даража) олган ёш мутахассисларнинг лавозим маошига қўшимча устамалар тўлаб бориш тартиби жорий этилган.

Белгиланган қўшимча устамалар Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, ёш мутахассис ва унинг иш берувчиси ўртасида имзоланган шартнома асосида ҳар ой тўлаб борилади. Шартнома 3 йилгача бўлган муддатга тузилади ва тўловлар иш берувчи томонидан амалга оширилади.

Бугунги кунда Агентлик томонидан 42 нафар ёш мутахассислар билан устамалар тўлаш юзасидан шартномалар тузилди.

❗️Маълумот учун: халқаро эътироф этилган рейтинг берувчи ташкилотлар – Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Нigher Education, Academic Ranking of World University ҳисобланади.

Ушбу рейтингларда эълон қилинган университетлар рўйхати Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг расмий веб-сайти — www.tdi.uz да жойлаштирилди.