May 20, 2022

УШБУ ДАСТУР, МЕН УЧУН “ИККИНЧИ НАФАС” БЎЛДИ

Мен Холова Зебинисо Фарходовна Бухоро вилоятининг Бухоро шаҳрида истиқомат қиламан. Ёшим 33 да. Отам қурувчи, онам тикувчи, иккиси хам бунёдкор касб эгалари бўлганлиги сабабли, ёшлигимдан бунёд қилишга, йўқдан бор қилишга интилганман. Оилада 1 ўғил 4 қиз фарзандмиз, мен тўртинчи фарзандман, кичиклигимда, чамаси 4-5 ёшларда катта бўлганингда ким бўласан деб сўрашса, “пахта теримчиси” деб жавоб берардим. Балки меҳнаткашлик, ишлашни яхши кўриш бу яратган томонидан берилган инъомдир, билмадим. Аммо боғчада, мактабда, коллежда, институтда ҳам олдинда бўлишга интилиш, топшириқ, ишларни хаммадан олдин бажаришга, бажарганда ҳам ҳеч кимга ўхшамасликка, дид билан, ўзига хос бўлишини хоҳлаганман. Бошқаларни билмадиму, хеч қачон ўзимга мен “лидерман” деган фикрни айтмаган эканман, махсус курсга келиб шу саволни нимага ўзимга бермаганман деб ўйладим, балки лидерлик бу - мен ўз ҳаётимнинг турли вақтларида бажарган ишларимни ўйлаб, таҳлил қила туриб, ҳеч қачон кимнингдир хато фикрининг орқасидан юрмаганимни, ўзимнинг фикрим, қолганлар бу ишни қандай қилиш мумкинлиги ҳақида бош қотираётган пайтларида шу ишни бажариб уларга қандай қилинса хато бўлмаслигини уқтиришга уринганимдир.

Институтда ўқиб юрган пайтимда турмуш қурганим сабабли, кейинчалик оила, фарзандлар тарбияси, рўзғор ташвишлари билан бўлиб қолиб, кейинги мақсадларимни аниқ йўлга қўймаганимни тушундим. Ўзбек аёли учун жамиятда ўз ўрнини топиш, хизмат пиллапояларидан юқорига кўтарилиши, аёл ишлашдан ташқари у меҳрибон она, вафодор турмуш ўртоғи, уй бекаси, ошпаз, меҳрибон қиз, сингил, опа каби вазифаларни ҳам бир вақтнинг ўзида бажаришига тўғри келиши сабабли анча масъулиятли ва ўзига хос мушкул. Бундан 5 йил аввал иккинчи бор оналик бўлиш бахтига муяссар бўлдим. Узоқ муддат фарзандли бўла олмаганим ва бир вақтнинг ўзида эгизак фарзандли бўлиш бахтини туйиш, мўжизадек туйилганди мен учун, аммо соғлигимда ўзгаришлар туфайли, бевақт туғилган фарзандларимдан бирини йўқотганлигим, менга берилган бир синов бўлди. Дунё мен учун қоронғу бўлганди. Ахир, она учун фарзанднинг ёши, каттаси бўлмас экан, ҳеч бир аёлни оналик билан синамасин экан. Аммо қатъиятлилик, сабр ва бардош билан ушбу синовларни енгиб ўтдим, бугунги кунда 3 нафар қизнинг онасиман, бахтли оиланинг бекасиман.

Давлат ишида иш бошлаганимда отам менга: “Ҳеч қачон пул ва мансабни ортидан югурма, ишингни яхши кўр, севиб ишла, тўғри ишласанг мансаб ҳам, пул ҳам, обрў ҳам сени ўзи қидириб келади”- деб ўгит бергандилар. Шунинг учун сал кам 11 йиллик иш даврим давомида, Бухоро банк коллежида ижро интизоми бўйича масъул ходим, махсус фанлар ўқитувчиси бўлиб ишлаганимда ҳам ўз ишимга бу пул манбаи деб қарамаган эканман(албатта ҳақ олмасдан ҳам ишлаб бўлмайди). Бухоро Хотин-қизлар тадбиркорлик марказига етакчи бухгалтер бўлиб ишга кирганимда 2 ой ҳисоб рақамимизга пул тушгунга қадар ойлик бўладими ёки йўқми деган шубҳа билан ишлаганимизга қарамасдан “ҳеч бўлмаганда ўрганган ҳунарим ўзим билан қолади” деган фикр билан ишлагандим. Марказимиз янги бўлгани учун унга бўлган ишонч, моддий-техник базанинг йўқлиги, (ишнинг бошида “0”дан бошлаш ҳар доим ҳам қийин бўлади, уни бажарувчиларга) бухгалтер бўлиб 10 ой ишлагандан кейин раҳбаримиз бошқа ишга ўтиб кетганлиги сабабли вақтинча вазифа бажарувчи сифатида менга бу иш топширилганлиги ва сал кам бир йил ҳам директорлик ва бухгалтерлик вазифасида ишлаб келдим. Аммо директорлик ишимни биринчи бўлиб ўзим кредит олиб тадбиркорлик фаолиятимни бошлашдан бошладим. Бугунги кунда “Нуримох” номли сувни қайта ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган хусусий корхона эгасиман, ҳозир бу иш менга жуда катта фойда келтирмаётган бўлсада, кредит олиб, иш бошлаш бу мен учун катта тажриба бўлган. Ўзим бу поғоналардан ўтмаган бўлсам қандай қилиб бошқаларни орқамдан эргаштира олишим мумкин деган фикр мени иқтисодчи-педагог касбидан тадбиркорлик билан шуғулланиш сари ундади. Чунки инсон бир нарсага бошқаларни ишонтириши, уларни орқасидан эргаштира олиши учун ўзи бунга ишониши ва бажара олиши, ўрнак бўла олиши муҳим. Натижадор бўлиши, инсонларга менга ишонч билдиришлари учун ишимни аввал самимийликдан бошлайман.

Бугунги кунда Бухоро вилояти Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази директори лавозимида ишлаб келаман. Вилоятимизда ҳар бир ёрдамга ва қўллаб-қувватлашга муҳтож аёллар бор эканки, уларни жамиятда ўз ўрнини топишлари учун қўлимдан келганча, бор куч ва ғайратим билан касб-ҳунар эгаллашларига, тадбиркорлик фаолиятларини бошлашларига ёрдам бераётганимдан фахрланаман. Ўтган 2021 йил Корея Халқаро Хамкорлик агентлиги( KOICA), Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда Республика Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази билан ҳамкорликда 200 минг $ АҚШ долларига тенг грант маблағлар эвазига Бухоро вилоятининг Когон, Қоракўл, Шофиркон туманларида “Хотин-қизлар тадбиркорлик марказ”лари ташкил этилиб, тўлиқ жихозланди. Ҳозирда ушбу марказларда ижтимоий ҳимояга муҳтож, бола парваришида узоқ муддат уйда қолиб кетган аёллар, ишсиз хотин-қизлар, “темир дафтар” “аёллар дафтари”, “ёшлар дафтари”га киритилган хотин-қизларни тикувчилик, аёллар сартарошлиги, пазандачилик, IT(компьютер графикаси), бухгалтерия дастури асосида бухгалтерия ҳисобини юритиш, уй ҳамширалиги йўналишлари бўйича касб-хунарга ўқитилиб, тадбиркорликка йўналтирилмоқдалар.

Телеграм ижтимоий тармоғи орқали “Келажак лидерлари” махсус курсларида малака ошириш учун танлов эълон қилинганда, ушбу номли ботга хужжат топширгандим. Синовлардан ўтиб, “Келажак лидерлари” махсус курси 2-мавсуми тингловчиси сифатида танлаб олинганлигим тўғрисидаги хатни қабул қилганимда қувончимнинг чеки йўқ эди. Ушбу курслар давомида Ўзбекистон Респбуликаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида ўқиш давомида лойиҳа асосчиларига чин дилдан миннатдорчилигимни билдираманки, бир хил ғоя остида ҳамфикр турли соҳа вакиллари бўлган лидер ёшларни бир жойда жамлаб, ватанимиз равнақи йўлида давлатимиз раҳбарига камарбаста бўлиш имконини беришди.

Ушбу ўқув курсида қатнашиб, кўнглимдаги сўзларимни ёзиш мен учун кўринмаган бир қиррамни очилиши бўлди. Чунки менда кимгадир ноқулай бўлиб қолиш хисси жуда юқори турарди, мендаги баъзи бир қўрқиш хисларини (тўлиқ йўқолиб кетдими билмайман, бировларга ёқмай қолиш, хамма учун бирдек яхши бўлишга интилиш, қулай бўлишга интилиш) тан олишга ва енгишга уринишим лозимлигини кўрсатди. Устозимиз М.Бекмуродов айтиб ўтганларидек, бир вазифани бажаришнинг 4 босқичи мавжуд: ахборотга эга бўлиш, тасаввур қилиш, тушуниш, англаш. Бугунги кунда ҳар қандай ишни “тушуниш” босқичида туриб амалга оширар эканман, авваламбор ҳар бир вазифани чуқур англаган холда, ҳис қилган ҳолда бажариш, унинг сифатли бўлишига олиб келар экан. Ёшлигимдан бадиий китоблар ўқишни жуда яхши кўраман, биринчи бўлиб ўқиган китобим 3-синфда “Олтин калит ёки Буратино” номли китоб эди. Китоб ўқиш дунёқарашни кенгайтиради, сўз бойлигини оширади деган фикрда эдим, аммо О.Хасановнинг “Лидерлар китоби”дан “Миямиздаги кинотеатр” мақоласини ўқиб китоб ўқиш нафақат дунёқараш ва сўз бойлигини оширади, балки миямиздаги кинотеатрни рангли 3D форматда бўлишини таъминлаши, кўп китоб ўқиган одам фикрни ғояга, ғоя ўз навбатида ноодатий ҳолатни талаб қилса креативлик ва уни ҳаётга тадбиқ этиш инновацияга айланишини билиб олдим, бу ўз навбатида ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган аёллар учун керакли инструментлардан биридир. Ўз ходимларимда ватанпарварлик хиссини уйғотиш, ўз ишига садоқат ва виждонан ёндашишни ўргатиш мақсадида “Гарсияга мактуб” ва “Элчи” ҳикояларини мактуб сифатида жўнатишни кўнглимга тугиб қўйдим. Ҳозир уйимда ўзимнинг кичкина кутубхонам бор. Олдига катта мақсад қўйган инсон борки, шахсий кутубхонасига эга бўлиши керак, кутубхонамни бойитиш учун китоблар харид қилиш – бу инсонга қанчалик бахт ва севинч улашишини ҳар бир инсон туйиши керак.

“Келажак лидерлари” ўқув курслари менда фақатгина бадиий асарлар эмас, балки тарихий, сиёсий, илмий асарларни ҳам ўқишга бўлган қизиқишимни оширди. Орттирган билимларим ва таассуротларим ҳақида фикр юритсам, ҳар бир профессор устозларимиз томонидан ўтилаётган модуллар асосида берилаётган билимлар, уларнинг ўз касбига содиқлигига амин бўлдим. Ушбу дастур, мен учун “иккинчи нафас” бўлди, руҳан ўсганимни ҳис қилаяпман.

“Дунёни гўзаллик қутқаради” деган нақл бор, аммо мен буни “Дунёни билим қутқаради” деган фикрга ўзгартирган бўлардим. Шунинг учун ўзим учун илм билан шуғулланишни олий мақсадларимдан бири сифатида белгилаб олганман. Бугунги кунда Бухоро Муҳандислик технология институти 1-курс магистрантиман ва бу борада илмий ишларимни давом эттираман ва илм йўлида қилинган ҳар бир иш халқ манфаати учун хизмат қилади.

Ҳар бир инсоннинг ўйлаган режалари, олдига қўйган мақсадлари бўлади. Бу борада хали ўрганишим керак бўлган кўп нарсалар борлиги, олдимда эришишим мумкин ва лозим бўлган мақсадларим, ўзим учун бажарилиши шарт бўлган вазифаларимни белгилаб олдим.

Мақсадларимдан энг асосийси – ўқув курсларни муваффақиятли якунлаб, бугунги кунда юртимизда халқимиз турмуши фаровонлиги йўлида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларга ўз ҳиссамни қўшиш.