42 нафар ёш мутахассислар билан устамалар тўлаш юзасидан шартномалар тузилди.
Маълумки, хориждаги нуфузли олий таълим муассасаларида таълим олаётган, илм-фан билан шуғулланаётган, етакчи компанияларда ишлаётган ҳамда юксак билим ва малакага эга бўлган Ўзбекистон ёшларининг Ватанимизга келиб ишлаши учун зарур шарт-шароит яратиш, уларга уй-жой ажратиш, муносиб маош тўлаш бўйича янги тизим жорий этилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 13 июлдаги “Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ – 6260-сонли Фармони шу мақсадда эълон қилинди.
Мазкур Фармоннинг 5-бандида давлат органлари, ташкилот ва муассасаларида фаолият кўрсатаётган нуфузли халқаро рейтинг ташкилотларининг юқори 500 талик рўйхатига киритилган хорижий олий таълим муассасаларини (бакалавриат, магистратура) тамомлаган ёки уларда илмий даража (PhD ва унга тенглаштирилган бошқа илмий даража) олган ёш мутахассисларнинг лавозим маошига Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қўшимча устамалар тўлаб бориш тартиби жорий этилган.
Фармон билан белгиланган қўшимча устамалар Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, ёш мутахассис ва унинг иш берувчиси ўртасида имзоланган шартнома асосида ҳар ой тўлаб борилади. Шартнома 3 йилгача бўлган муддатга тузилади ва тўловлар иш берувчи томонидан амалга оширилади.
Фармонга мувофиқ, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан ойлик устамалар татбиқ этиладиган таълим йўналишлари, тор мутахассисликлар рўйхати, давлат органлари, ташкилот ва муассасалари рўйхати шакллантирилиб, Агентликнинг расмий веб-сайти — www.argos.uz га жойлаштирилди.
Халқаро эътироф этилган рейтинг берувчи ташкилотлар – Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Нigher Education, Academic Ranking of World University ҳисобланади.
Ушбу рейтингларда эълон қилинган университетлар рўйхати Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг расмий веб-сайти — www.tdi.uz да жойлаштирилди.
Бугунги кунда Агентлик томонидан 42 нафар ёш мутахассислар билан устамалар тўлаш юзасидан шартномалар тузилди.