НОКНИНГ ШИФОБАШ ХУСУСИЯТЛАРИ

Ширин, хушбўй ва оғизда эриб кетадиган нокнинг тотли таъмини билмайдиган одамнинг ўзи йўқ, шундай эмасми? Табиатнинг ноёб бу мевасини кўрган киши емасдан олдидан ўтиб кетолмаслиги ҳам рост. Уни ёқтирмайдиганларнинг ўзи бўлмаса керак. Нокнинг 5000дан ортиқ навлари бўлиб, у дунёдаги барча мамлакатларда ўсади. Нок ширин мева бўлибгина қолмасдан, балки унинг талайгина шифобахш хусусиятлари ҳам бор. Бир сўз билан айтганда у ҳам тўйдиради, ҳам даволайди.

ТИНЧЛАНТИРАДИ, КАЙФИЯТНИ КЎТАРАДИ...

Шарқ табиблари нокнинг жуда кўп шифобахш хусусиятларини аниқлашган. У тетиклаштиради, чарчоқ ва зўриқишни йўқотади. Кайфиятни кўтариб, хушкайфият бағишлайди. 

Бу эса бемор учун энг зарур бўлган дори-дармондир. Ана шу кўтаринки руҳ, соғайишга бўлган иштиёқ мўъжизалар яратиб, инсон танасининг дардлар билан курашишига ёрдам беради.

Нокнинг ҳиди ниҳоятда хушбўй бўлган навлари тахикардиядан азият чеккан беморлар учун фойдали. Шунингдек, нок юрак тез урганда меъёрлаштириб, юрак мушаклари тўқималарини мустаҳкамлаб, тинчлантиради.Табибларнинг таъкидлашича пиширилган нок танани тозалаб, куч-қувват бағишлайди.

Чиндан ҳам одамлар нок воситасида қадим замонлардан бошлаб даволаниб келишган. Нок шарбати, мевалари ва баргларидан тайёрланган дамлама билан ҳарорат кўтарилганда чанқоқни босишган, шунингдек безгакни ҳам даволашган. Бу мева шамоллашга қарши кучли восита ҳисобланади. Нокнинг таркибида жуда кўп фенол қўшимчалари бўлиб, улар ўз навбатида қон томирларини мустаҳкамлайди. Ривожланаётган хотира сусайишининг (атеросклероз) олдини олади. Янги узиб олинган, қайнатилган ва пиширилган нок меваси ўпкага оид барча хасталикларни даволайди. Бронхит, сил (туберкулёз), бўғма ва кучли йўталда истеъмол қилинса нафи кўп.

ИЧАКЛАР МУАММОСИДА...

Битириш хусусиятига эга бўлгани учун нок ошқозон-ичак, овқат ҳазм қилиш тизими хасталикларини даволашда, парҳезда тавсия этилади. Чунки унинг таркибидаги дубил моддалар овқатни ҳазм қилиш учун зарурдир. Нокнинг бу шифобахш хусусиятлари учун одамлар уни жиддий хасталиклар, яъни қўзиқориндан ва овқатдан заҳарланганда ҳам қўллашади. Оқсилнинг кўплиги ичаклар фаолиятини тезлаштиради, ични меъёрига келтиради. Шунинг учун нокни кўпроқ ва мунтазам истеъмол этиш мақсадга мувофиқдир. У ичакларга ҳеч қачон зарар келтирмайди. Шуни унутмаслик керакки, нокни ҳеч қачон оч қоринга ейиш мумкин эмас. Иложи бўлса нокни бошқа овқатлардан алоҳида еган маъқул.

Қизиғи шундаки, нокнинг ҳали етилмаган хом мевасини, ҳатто, қанд касали билан оғриган беморлар ҳам бемалол ейишлари мумкин экан. Янги узиб олинган нок олмадан ширинроқ бўлса-да, таркибида қанд моддаси жуда оз миқдорда бўлади. Бу эса унинг таркибида органик моддаларнинг жуда камлигидан дарак беради. Микроэлементларга бой бўлгани ва модда алмаштириш жараёнини фаоллаштиргани учун нок кўпроқ парҳез мева ҳам ҳисобланади.

Айниқса ундан тайёрланган компот, шарбат ва дамламаларга шакар аралаштирмасдан ичган фойдалироқ. Шу боис озишни истаганлар нокдан истаганча истеъмол қилишлари ва компотидан ичишлари мумкин.