КЎЗЛАРНИ ИШҚАЛАГАНДАН КЕЙИН НИМА УЧУН «ЮЛДУЗЧАЛАРНИ» КЎРАМИЗ?

by @salomatlik_saboqlari
КЎЗЛАРНИ ИШҚАЛАГАНДАН КЕЙИН НИМА УЧУН «ЮЛДУЗЧАЛАРНИ» КЎРАМИЗ?

Кўзларни яхшилаб ишқалаганда ҳаракатланадиган «юлдузчалар» ва кичик ёруғ нуқталарни кўришимизни сезганмисиз? Ҳатто кўзлар ёпиқ ҳолда ҳам уларни кўришда давом этамиз. Бу нима учун содир бўлади?

Маълумки, кўз – электромагнит нурланишни қабул қилади. Кўз тўр пардасига тушадиган ёруғлик электрик импульсларга айланиб, мияга тушади ва тасвир кўринишида шарҳланади. Бироқ кўриш билан боғлиқ тасвирлар таъсир кўрсатишнинг нафақат ташқи, балки ички манбаларига ҳам боғлиқ. Улар учун ҳатто махсус атама ҳам бор – фосфенлар.

Фосфенлар бу – кўз олдимизда баъзида пайдо бўладиган ўша ёнувчи юлдуз, нуқта ва шакллар. Фосфенлар кўриш тизимига механик таъсир ёки миянинг кўриш учун жавоб берадиган қисми «кучли уйғотилиши» натижасида содир бўлиши мумкин.

Масалан, бармоқлар билан кўзимизни босганимизда нима юз беради? Биз кўз тўр пардасида жойлашган рецепторларга бевосита таъсир кўрсатамиз. Бу эса кўриш фантомлари юзага келишига сабаб бўлади. Рецепторлар мияга нотўғри маълумот етказади. Кўзлар очиқ бўлганида ҳам, ёпиқ ҳолида ҳам уларни қабул қилишда давом этамиз.

Механик таъсир орқали юзага келган фосфенлар зарарсиз. Бироқ «юлдузчалар» кўз олдингизда сабабсиз пайдо бўлса, шифокорга мурожаат қилиш керак. Бундай белгилар нафақат кўз тизими, балки мия касалликларида ҳам бўлиши мумкин.

January 7, 2019
by @salomatlik_saboqlari