"Шўртан ГКМ" МЧЖда Кибер маданиятни юксалтириш мавзусида тарғибот тадбири ўтказилди
Жаҳонда бўлгани каби, юртимизда ҳам ахборот коммуникация технологиялари ривожланган сари унинг афзаллиги ва қулайликларидан фойдаланиш билан бир қаторда ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалалари долзарб бўлиб қолмоқда. Телекоммуникация тармоқлари орқали бепарволик туфайли ёки қасддан амалга оширилаётган таҳдидларга қарши туриш, уларга нисбатан чора кўриш ва кутилмаган таъсирлардан ҳимояланиш борасида Қашқадарё вилоятида 1 июлдан - 30 июлга қадар “Cyber month Qashqadaryo – Кибер маданиятни юксалтириш ойлиги”, деб эълон қилинган эди.
Жорий йилнинг 10 июл куни "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖнинг фаоллар залида "Киберхавфсизлик маркази" ДУК, Ғузор тумани ИИБ мутахасислари ҳамда мажмуа ишчи-ходимлари иштирокида кибержиноятга қарши курашиш бўйича тарғибот-ташвиқот тадбири ўтказилди.
Тадбирда киберҳужумлардан банк-молия соҳасидаги фирибгарликларнинг олдини олиш, базавий маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш, мижозларнинг эса ўз шахсий маълумотларини, пластик карта кодларини сир сақланишини таъминлаш ҳақида зарурий йўл-йўриқлар айтиб ўтилди.
Шунингдек учрашув давомида ишчи-ходимларга кибержиноятчилик, кибермакон, кибертаҳдид, киберхавфсизлик мавзуларида тушунтириш билан бирга тадбир қатнашчиларининг саволларига ҳам батафсил жавоблар қайтарилди.