June 13, 2022

"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖдаги бирламчи газни тозалаш ва ажратиш технологик қурилмаси ҳақида

Газдан фойдаланишни ўрганиш, инсонлар томонидан амалга оширилган энг яхши кашфиётлардан биридир десак сўзимиз муболаға бўлмайди. Ўтган узоқ йиллар давомида ушбу жараён такомиллашиб бир қанча босқичларни босиб ўтгани ҳолда юқори технологияларга асосланган йирик мажмуалар фаолиятига қадар етиб келди.

Шўртан газ кимё мажмуаси бу борада Ўзбекистонда амалга оширилган дастлабки лойиҳа саналиб, биз унинг ишлаб чиқариш жараёнларини ташкил этиш, унда фойдаланилган техника технологиялари ҳақида тўхталиб ўтишга қарор қилдик.

Технологик жараёнларнинг бошланиши ҳисобланган газни тозалаш ва ажратиш технологик қурилмаси ҳақида қисқача:

Табиий газни тозалаш ва ажратиш қурилмаси таркибига амин ёрдамида тозалаш (1700-зона), қуритиш, газ ажратиш (1800-зона) блоклари киради.

Қурилманинг асосий вазифаси "Шуртан нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси" МЧЖдан қабул қилинадиган табиий газ таркибидаги углерод (IV) оксиди СО2 ва водород сульфид Н2S ни диэтаноламин (ДЭА) ёрдамида абсорбция усули билан ажратиб олиш, цеолит ёрдамида адсорбция усули билан намликдан тозалаш ва тозаланган табиий газни ректификация усули билан газларга ажратиш ҳисобланади.

Адсорбция ва Десорбция усуллари ёрдамида табиий газни ажратиш жараёнида товар маҳсулотлар - метан, этан, пропан, бутан, С5+ ва юқори фракциялар ажратиб олинади. Ушбу жараёнда табиий газ таркибидаги хар бир компонентларни ажратиш учун қурилма ректификатцион колонналар билан жихозланган.

Товар газ маҳсулоти (табиий газ) “Ўзтрансгаз” АЖнинг магистрал газ қувурига юборилади ҳамда ўз ички эҳтиёжлари учун ёқилғи газ сифатида фойдаланилади. Ундан ташқари табиий тозаланган газни , "Uzbekistan GTL" корхонасига ҳам юборилиши назарда тутилган.

Маълумот ўрнида шуни айта оламизки, технологик жараённинг Бош лойиҳачиси ва ишлаб чиқарувчиси - ABB Lummus Global GmbН ҳисобланади.

Ўз йўналишида турдош корхоналарга маҳорат мактаби вазифасини ўтаб келаётган "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖда ушбу жараёнларни бошқариш маҳаллий кадрлар томонидан амалга оширилади.

"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|