ҚИРОНОВИРУС

Ассалому алайкум, азиз ватандошлар!

Бу тун ҳам деярли бедорликда ўтди. Одамнинг табиати қизиқ, бир яхши, бир оғир кунларида фаоллашиб кетасан...

Начора, Оллонинг шундай синовли кунлари ҳам бор экан. Ўзига таваккал қилиб, кўнгилни кўп ҳам чўктирмай, бир нарсаларни қоралаб, олтмишбешвойлар сафида тамом хонанишин, уйда ўтирибмиз. Ҳар қалай, бола чақа қарамоғида бўлса ҳам, соғмиз, омонмиз. Шунисига ҳам шукр! Бошга бундан ҳам оғир, бундан-да ёмон кунларини солиб қўйса нима қилар эдик, деб ўзингга ўзинг тасалли ҳам берасан.

Кўнгил бироз чўкиб қолгани ҳам рост. Оз-моз қўрқув, эртанги кундан ҳавотир ҳам йўқ эмас. Чунки, ҳамма, уйга кириб “яккаланиб” қамалиб олса, экин тикинни ким қилади? Дов-дарахтни ким парваришлайди? Чорвага ким қарайди? Ишлаб чиқаришнинг ҳоли не кечади?...

Ётиб еганда тоғ туриш келмайди! Ҳаракатда бўлмаса, банкдаги пул чирийди, қадрини йўқотади, баракаси ўчади!...

Халқимиз охирги юз йилликда қийинчилик, етишмовчилик,қимматчилик йилларини, касалликлардан битлиқилик, безгак, қоқшол, каллик, кўкйўтал, сил, сариқ (гепатит)сингари оммавий кулфатларни озми-кўпми кўрган эди. Аммо қора ўлат, вабо, қирон, пандемия деган сўзларни эшитган бўлсакда, бошимизга тушмаган эди. Бу қўрқинчли атамалар асли нима эканини, қандай кечишини аниқ тиниқ тасаввур қила олмасдик.

Мана энди, ана шу терминларнинг ҳам биз учун сири аён бўла бошлади. Бошга тушса кўз кўрар, десалар, бу нима дегани экан, дердик. Бу иборанинг ҳам асл мантиғини бугун ўз танамиз, онгимиз, маънавиятимизда ҳис қилиб турибмиз.

“Бир ёмоннинг бир яхши томони бўлади”, “Ўлмаган қул кўраверади”, дейишарди боболаримиз. Бу жумлаларнинг ҳам ҳақиқий ҳикматини сал-пал англаётгандаймиз. Худонинг бу синови дунё ҳамжамияти учун ўзини бир тўхтатиб, қилмиш қидирмишларидан аччиқ хулосалар чиқариб олиши учун сўнгги имкониятлардан биримикин, деб ҳам қоларкансан. Оллонинг ушбу кулфати оқибати инсоният бошига яна не шўришу савдоларни соларкин, деб ҳам ўйларга толасан. Мушоҳада ва мулоҳалар қиласан.

Қани ўша, мен “сени бутун халқинг билан қириб, мамлакат памлакатинг билан ер юзидан супуриб ташлайман”, деган худобехабар сиёсатдонлар? Қани уларнинг бутун бутун минтақаларнинг кулини кўкка совурадиган қудратли қуроллари?! Ажални сув остидан элтадиган гаввос кемалари?

Бу қиронавирус дегани Американинг қуруқликни онда сонда кўрадиган, тўрт мингдан ортиқ ҳарбийни бағрига олиб минтақаларни даҳшатга солиб дунё кезиб юрган №1 кемасининг аскарларини вирус ёппасига “забт” эта бошлабди. Ўтакаси ёрилган қўмондани президентига, дунё ҳамжамиятига SOSлар юборишни бошлабди. Европанинг айрим мамлакатларида эса маййитларга гўрковлар қабр қазиб, усталар “гроб” ясаб улгурмаётган экан. Ўликларни стадионларга қалаштириб сақлашаётгани ҳақида ёзишяпти.

Бу худонинг уларга “қирғин мана бундай бўлади, эй жоҳил бандалар!

Қирон келтириш учун еру осмонни остин устун қилиш, яксон этиш шарт

эмас!” дея огоҳлантириши эмасмикин?!

Лекин бир тасалло ҳам борки, одамизотни дард, ғам алам эмас умидсизлик халок этади. Шунинг учун иймонли одамлар динсиздан эмас, умидсиздан қўрқ, дейди. Беҳисоб шукрки, халқимиз беадад шукрли, умидли, бўлганда ҳам бепоён умидли халқ. Умидли бандамни ноумид қолдирмайман, деган жойлари ҳам бор, муқаддас битикларда. Кўнгилларимизда, Худо хохласа, мана шу синовли кунларидан эсон-омон ўтиб омонлик кунларга етиб олсак, тинимсиз шукроналар айтиб бир ажойиб ишлар қилайинки, деган ниятлар ҳам қаддини ростлай бошладики. Тўғриси, умиднинг бунчалар некбин соғинчларга йўғрилиб келишини илгари жуда кам ҳис қилар эдик. Эҳтимол, мана шу ҳислатларимиз, халқимизни “пандемия” балосини енгиб ўтиб ҳаётнинг ғолибона юришлари ярашадиган кунларига олиб чиқар. Иншо Олло!

Нима бўлганда ҳам, чин юракдан истиғфору “АСТАҒФИРУЛЛОҲ”лар айтиб, Яратганга ёлбориб илтижолар қилинмаса бўлмайдиган, кунлар келди чоғи!

***

Кеча бир қизиқ воқеа содир бўлди.

Ёнимиздаги домда кўп йиллардан бери яшайдиган, тез-тез кўришиб турадиган, жигаримиздай бўлиб кетган сантехник оғайним бор. Дийдор сал узоқлашса, қучоғини кенг очи-иб кўришадиган. Ўша оғайним ён қўшнимнинг бузилган кранини тузатиб, чиқиб кетаётиб, кел, Наби акани ҳам кўриб ўтақолай, дебди. Чиқсам, йўлакда турибди. Ҳар доимгидай сўрашмоққа чоғландим, “Ҳе, йўқ ака, – дейди у, – ўша жойда тураверинг. Кўнгилга олиш йўқ, кўрганимиз, кўришганимиз!”...

Суҳбатимизнинг у ёғини айтмасам ҳам кўз олдингизга келди. Хуллас, оғайним мен билан “масофадан сўрашиб” кўп ҳам ҳаялламай тушиб кетди. У кетгандан кейин бир аламлар қуйилиб келди-ю! Мана, ўша мисралар:


ҚИРОНОВИРУС


Ён қўшним чиқипти, Сўрашолмадим,

Остонадан кўрай, дебди. Начора!...

“Қани, уйга...”, дейман. Синиқар ҳаддим,

Қисталангим ёлғон. “Йўқ!” дер, бечора.


Кўнглида, бир кўнгил олишни чоғлаб,

Чиққан-да! Ҳа, келинг, деёлмадинг, дил!

“Чойлашардик...”, дедим кетар чоғида,

Хафа бўлмайсан-да, қадрдон Кўнгил!


Сени деб келганди, у сенсиз кетди,

Остонангдан қайтди кўнглини ғашлаб...

Энди сен ким бўлдинг, ай кўнгил, айт-да?

Қани у меҳрлар? Қучоқлашишлар?!...

Художон!

Ҳар ёмон дардларинг-ку, бор,

Бундай бадхулқини кўрмовдик! Афсус!

Энди унга ўзинг бир “офат” юбор,

Қиронавирусга учрасин, коронавирус!

©Абдунаби БОЙҚЎЗИЕВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси

05.04.2020


Азизлар, бизнинг телеграмм мессенджеридаги "Sirdaryo 24" каналимизга қўшилиб, бизни кузатинг:

▶️ Каналга уланиш: 👉🏻Sirdaryo24