Сирдарё вилоятида томорқалар дронлар орқали мониторинг қилинмоқда

Давлат раҳбари томонидан коронавирус пандемиясига қарши курашишда жойлардаги ишлар натижадорлиги таҳлили ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишнинг муҳим манбаи бўлган томорқачиликни ривожлантиришда аниқ вазифалар белгилаб берилган эди. Шунинг баробарида томорқаларда икки-уч марта ҳосил олиниб, бир оила 8-10 сотихли экин майдонидан ўртача 40-50 миллион сўм, баъзилар ҳатто 73 миллион сўм даромад олаётганлиги эътироф этилганди. Вилоятларда ишни шундай ташкил этиш ва қўшимча ҳосил олиш биринчи даражали вазифа бўлиши кераклиги таъкидланди.

Белгилаб берилган вазифалар ижроси юзасидан Сирдарё вилояти Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси, туманлар ҳокимликлари, ҳудудлардаги фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари билан ҳамкорликда томорқа ерларни дронлар воситасида мониторинг қилиш механизми ишлаб чиқилди.

Сирдарё вилоят “Ермулккадастр” ДК хамда Сирдарё вилояти Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси , 3 та дрон ёрдамида Сайхунобод туманининг “Ўзбекистон” МФЙ да мингга яқин хонадоннинг томорқа ерлари ўрганилди.

Сайхунобод туманида "Ўзбекистон" МФЙда истиқомат қилаётган оилалар тасарруфида 138,32 гектар томорқа мавжуд. Шундан 18.2 гектар томорқа ер майдонига тўқсонбости экинлари экилган, қолган 110.12 гектар томорқа ерида баҳорги сабзавот, полиз, картошка ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш кўзда тутилган.

Ўрганиш жараёнида айрим хонадонлар томонидан баҳорги сабзавот, полиз, картошка ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини тўлиқ экмаслик, томорқа ерини қаровсиз, ўз ҳолига ташлаб қўйиш ёки чорва учун озуқабоп беда ва маккажўхори экинларини экиш каби ҳолатларга ҳам дуч келинди.

Амалдаги қонунчилигимизга мувофиқ, эндиликда тасарруфида бўлган томорқа ерини ташландиқ аҳволга солиб, ундан ойлаб-йиллаб фойдаланмасдан келаётган экин ери эгаларига нисбатан тегишли таъсир чоралари қўлланилади. Натижада, ер солиғи белгиланганидан уч баробарга оширилади. Маъмурий чора томорқа еридан мақсадли фойдаланмагунича давом эттирилади.

Зеро, бугун ҳар бир томорқа эгаси ҳар қарич ер хазина эканлигини, ҳеч бўлмаганида, ўзи ва оиласи эҳтиёжларини имкон қадар қондириши тақозо этилаётганини теран тушуниб етиши даркор.

Sirdaryo viloyati "Yermulkkadastr" DK Axborot xizmati