October 28, 2020

Интеллектуал мулк соҳаси- тадбиркорлар нигоҳида.



Барчамизга маълумки жорий йил 12 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари бўйича йиғилиш бўлиб ўтди. Бунда, соҳа комплекс таҳлил қилиниб, тизимдаги мавжуд муаммолар таҳлил қилинди ва уларни бартараф этиш учун бир қатор устувор вазифалар белгилаб берилди. Интеллектуал мулк ҳимоясини кучайтириш, ҳар бир вазирлик, идора ва тармоққа илмий ютуқларни олиб кириш масалалари муҳокама қилинди.



Юқоридаги вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида бугун Термиз шаҳрида Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги директори ўринбосари Е.С. Каньязов томонидан амалий учрашув ўтказилди.

Учрашувда тадбиркорларга миллий бренд яратишнинг ўзига хосликлари, товар белгисини рўйхатдан ўтказиш тартиби, юртимиздаги жой номлари билан боғлиқ товар ва хизматларни оммалаштириш, илмий ишланмаларни тижоратлаштириш, тадбиркорлар ва патент эгалари, илм-фан вакиллари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш масалалари муҳокама қилинди.



Шунингдек, Е.С.Каньязов Термиз шаҳридаги “ZIF TEXTILE” масъулияти чекланган жамияти ҳамда “SURXON KSP-GRAND” масъулияти чекланган жамиятларида ҳам бўлиб, тадбиркорларга интеллектуал мулк объектларини ҳимоя қилиш орқали тадбиркорлар ўртасида ноҳалол рақобатнинг олдини олиш, ихтирочи яратган саноат намунасидан қонунда белгиланган тартибда фойдаланиш ва ундан фойда кўриш, товар белгиларини миллий ва халқаро рўйхатдан ўтказиш каби масалалар юзасидан атрофлича тушунтириш берилди.





Амалий учрашув қатнашчилари икки ҳафталик муддатдан сўнг яна бир марта масалаларнинг амалий ечими бўйича таклиф ва маълумотлар билан ўзаро учрашишга келишиб олдилар.


Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими.