Тошкент шаҳар Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази.




Хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди

Президентимиз раҳбарлигида ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини ошириш, уларни даромад манбаи билан таъминлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда Ўзбекистонда ишсизларнинг 732 минг нафари ёшлар, 834 минг нафари хотин-қизлар эканлиги, хотин-қизлар билан ишлаш учун Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигида вертикал тизим яратилганлиги таъкидлаб ўтилди.

Вазирлик олдига жорий йил охиригача маҳаллаларда 136 та касб-ҳунар ўқитиш маскани, қисқа муддатли касб-ҳунарга ўқитиш курсларини ташкил этиб, 31 та касб-ҳунарга ўқитиш марказларини жиҳозлаш бўйича топшириқ берилди. Бу мақсадлар учун Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан Бандликка кўмаклашиш жамғармасига 200 миллиард сўм ажратиш, ўқув курсларини, аввало, камбағаллик энг юқори бўлган маҳаллаларда ташкил этиш кераклиги таъкидланди.

Жумладан, ҳозирда юртимиз бўйлаб 20 мингга яқин аёллар оғир турмуш шароитида яшаётганлиги, уларнинг аксарият қисми профилактик ҳисобда туриши қайд этилди. Мазкур масалага ижобий ечим топиш мақсадида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига вазиятни чуқур таҳлил қилган ҳолда, 33 минг 380 нафар аёлнинг ҳаётга бўлган қизиқишини ошириш, уларга мотивация бериш, бунинг учун уларни касбга ўргатиш бўйича маҳаллаларда қисқа ўқув курсларини ташкил қилиш вазифаси қўйилди.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, ҳудудларда ўз тадбиркорлик лойиҳаларига эга, аммо зарур молиявий ресурс манбалари топа олмаётган, ўз ғояларини ҳаётга татбиқ этиш учун керакли кўмакни кимдан ва қай шаклда олиш бўйича аниқ маълумотга эга бўлмай, қийинчиликларга дуч келаётган хотин-қизларимиз кўплаб топилади.

Давлатимиз раҳбари Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги олдига аёлларнинг шу каби бизнес лойиҳалари рўйхатини ҳар бир туман ва шаҳар кесимида шакллантириб бориш вазифасини қўяр экан, уларни ойма-ой молиялаштириш, хотин-қизлар тадбиркорлиги дастури доирасида соддалаштирилган кредитлар ва грантлар ажратиш бўйича тегишли ташкилотларга топшириқлар берди.

Айни даврда ижтимоий ҳаётимизга жадал кириб келаётган ҳамда тижорат банклари томонидан фаол равишда берилаётган микроқарз мабалағлари орқали ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ниятидаги фуқароларимиз сони кундан-кун ошиб бормоқда.

Муҳтарам Юртбошимиз йиғилиш давомида таъкидлаб ўтганларидек, мазкур тур маблағлари ҳисобидан ўз ҳаётий режаларини амалга оширмоқчи бўлган ёшлар ва хотин-қизларимиз, аввало тадбиркорликка бепул ўқитилади ва бу орқали йилига 5 минг нафар ёшлар ва аёлларнинг бандлиги таъминланишига эришилади.

Жорий йилнинг 14 июл куни қабул қилинган, тадбиркорлик ҳамда кичик саноат зоналарини ривожлантиришни молиялаштиришга доир Президент қарорига кўра ушбу мақсадларни молиялаштириш, шунингдек, ёшлар ва аёллар ишсизлиги юқори бўлган қишлоқ жойларда ишни тўғри ташкил этиш мақсадида Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 2 миллион доллар кредит ажратилади. Маблағлар нодавлат ташкилотлар ўртасида ўтказилган танлов натижаларига асосан энг яхши ўқув марказига грант ажратиш йўли орқали берилади.

Давлатимиз раҳбари, шунингдек, Жаҳон банки томонидан ажаратиладиган 2 миллион доллар маблағ ҳисобидан амалга оширилиши режалаштирилаётган 15 минг нафар аёлнинг бандлигини таъминлаш лойиҳаларини тезроқ амалиётга татбиқ этиш лозимлигини таъкидлаб ўтди.

Йиғилиш давомида ёшлар бандлигини таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида тўхталиниб, бу борадаги асосий муаммо кадрлар етишмаслиги, аниқроқ айтганда, мутахассислар тайёрлаш тизимининг тизимли олиб борилмаганлиги, муҳим соҳаларда кадрлар етишмаётганлиги айтиб ўтилди. Бу муаммога ечим сифатида барча соҳалар, айниқса, тоғ-кон, металлургия, нефть-газ, кимё, автомобилсозлик, қурилиш, электротехника, фармацевтика, озиқ-овқат, транспорт-логистика соҳасидаги йирик корхоналар ва кластерлар давлат берган имтиёз ва преференцияларга жавобан ўзлари учун ишчи-мутахассисларни тайёрлайдиган инфратузилмани барпо этишлари кераклиги таъкидланди.

Шунингдек, ҳаётимизга жадал кириб келаётган ахборот технологиялари соҳасида етук кадлар танқислигини баратарф этиш учун ҳар бир туман ва шаҳар Ёшлар ишлари бўлимлари ва олий ўқув юртлари қошида ахборот технологияларига ўқитиш марказлари ташкил этиш режалаштирилди.

Ёшларнинг ҳам ўз ғоялари, ўз ҳаётий режалари бор. Юртимизда ўз бизнес лойиҳалари доирасида иш бошлаш ниятидаги йигит-қизларимизнинг сони ҳам етарли даражада. Муҳтарам Президентимиз масаланинг ана шу жиҳатларига ҳам алоҳида эътибор қаратиб, йил якунига қадар ёшларнинг 360 миллиард сўмлик шу каби 2 минг 200 та лойиҳасини амалга ошириш орқали 10 мингта янги иш ўрни яратиш мумкинлиги таъкидлаб ўтди.

Йиғилиш давомида ёшлар учун муҳим янгиликлар сифатида Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси қошида дастлаб 1 миллион доллар йўналтириладиган Венчур фонд ташкил этилиши, шунингдек, ўз бизнес лойиҳаларини доирасида қудуқ қазиш, суғориш воситалари харид қилиш, иссиқхона ўрнатиш, уруғлик ва кўчатлар сотиб олиш учун ёшларга субсидиялар ажратилиши айтиб ўтилди.