March 21, 2019

НАВРЎЗ ДУНЁНИНГ ТУРЛИ МАМЛАКАТЛАРИДА ҚАНДАЙ НИШОНЛАНАДИ?

  • Шу кунларда мамлакатимизнинг ҳар бир гўшасида Наврўз байрами кенг тантана қилинмоқда. Қайд этиш керак, турли манбаларда 3-5 минг йиллик тарихга эга дея қараладиган ушбу байрам дунёнинг қатор халқлари томонидан ҳам ўзгача шукуҳ ва завқ билан тантана қилинади. Қуйида айрим давлатларда Наврўз айёмининг нишонланиши билан боғлиқ қизиқарли маълумотларни келтириб ўтамиз.

Қозоғистон

Наврўз қозоқларда — баҳорий янгиланиш, муҳаббат тараннуми, унумдорлик ва дўстлик байрами сифатида кенг нишонланади. Наврўз тантаналарини қай тарзда нишонлаш йил давомида олинадиган ҳосил ва шунингдек, омадга боғлиқ, дея ишонишади.

Наврўз байрамида Қозоғистонда турли байрам тадбирлари, ўйинлар ва от чоптириш мусобақалари ўтказилади. Наврўзни нишонлашда қозоқлар учун 7 санаси ўта муҳим саналади: ҳар бир фуқаро 7та хонадонни зиёрат қилиб, 7 та меҳмон чақириши муҳим шартлардан бири саналади.

Қирғизистон

Қирғизистонда март ойини қутлуғ байрам шарафига тўлалигича Наврўз дея номлашган. Мамлакатимизда бўлгани каби бу ерда ҳам байра арафасида урушганлар ярашади, байрамона дастурхон тузалиб, узоқ-яқин қариндошлар ҳолидан хабар олинади.

Маҳаллий эътиқодга кўра, ушбу кунда қор ёғиши яхшилик аломати саналади.

Туркия

Туркияда инсонлар ушбу кунда биринчи ким билан кўришса ёки қайси бир буюм ва таомга кўзи тушса йил давомида ана шулар унинг ҳамроҳи бўлишига ишонишади. Шу боис ҳам бу ерда Наврўз куни одамлар ўз уйлар ва либосларини эзгу ниятлар билан бахт, соғлиқ, бойлик саналган рамзий нарсалар билан безатишади.

Мамлакатда 23 март Наврўзнинг илк куни саналади. Бу кунда туркиялик аёллар ўз яқинларини ёнғоқ билан сийлашадиган "Ҳақ улашиш" маросими бўлади.

Туркманистон

Туркманистонда қадимий байрам билан боғлиқ бир қанча одат, эътиқод ва удумлар мавжуд. Хусусан, агар бу кунда ҳаво булутли бўлса, бундай об-ҳаво июнь ойига қадар давом этади ёки қор, ёмғир ёғиши йилнинг тўкин-сочин, серҳосил бўлишини англатади. Аслини олганда Наврўз билан боғлиқ бу каби ишонишлар ва қарашлар Шарқ халқларининг аксариятида бор ва бу ушбу мамлакатларда қадимдан астрономия илми, деҳқончилик маданияти шаклланганидан далолат.

Тожикистон

"Наврўз муборак бод", "Наврўзатон пируз бод"! Тожикистонда Наврўз байрами арафасида инсонлар бир-бирини ана шундай қутлашади. Байрам дастурхонига номи "С" ҳарфи билан бошланадиган 7 хил таом тортилиши одати Тожикистонда ҳам мавжуд.

Қолаверса, дастурхонда рамзий маънога эга шам, кўзгу ва бўялган тухум ҳам бўлади. Зеро, бу ерда шам инсонни ёвузликлардан ҳимоя қилади, дея қаралади. Кўзгу ва бўялган тухумдан эса эски йилнинг тугаши ва янги йилнинг бошланишини аниқлашда фойдаланишади.

Эрон

Эронда Наврўз 13 кун давомида нишонланади. Шундан дастлабки беш кун байрамни кутиб олиш, яқинлар ҳолидан хабар олиш сифатида тантана қилинади. Тўққизинчи куни эса Шаҳръяран-Наврўз, ун учинчи куни Сиздаҳ бедор дея номланади.

Анъанага кўра, байрам кунлари эронлик аёллар гулхан устидан сакрашади. Бу гўзаллик ва соғлиқни чақириш, шу кунга қадар содир бўлган барча ёмонликларни ўзидан узоқлаштиришни англатади. Эркакларда эса қизил либосларда, юзларини қора рангларда бўяган ҳолда шаҳар кезиш одати бор.

Озарбайжон

Озарбайжонда инсонлар бу байрамни нишонлашга жуда орзуманд. Шу боис тайёргарлик ишлари бир ой олдин бошланади. Ҳафтанинг ҳар сешанба куни эса табиат унсурларидан бири – сув, олов, эр ва ҳаво куни дея аталади. Афсонага кўра, ҳафта кунларини унсурлар номи билан боғлаш инсонларга бахт, саодат, фаровонлик ва хотиржамлик олиб келади.

Одат бўйича, "тонгал" дея аталувчи гулхан ёқилиб, унинг устидан етти бор ҳатлаб ўтилиши керак.

Афғонистон

Афғонистонда Наврўзнинг кириб келиши 20 мартдан 21 март куни ўтар кечаси дея қаралади. Бу ерда 21 март кундузги 12:00 га қадар ҳеч ким остона ҳатлаб кўчага чиқиш мумкинмас. Урфга кўра, кишиларнинг шу вақтдан олдин хонадонни тарк этиши йил давомида оила аъзоларидан бирини йўқотишини англатади.

Байрам кунлари мева ва ёнғоқ дастурхонда албатта бўлиши керак. Оила аъзоларининг ҳар бирининг бўялган тухум истеъмол қилиши бало-қазоларни даф этади дея ишонишади.

Ҳиндистон

Ҳиндистоннинг айрим ҳудудларида нишонланадиган Наврўз бошқа халқларда бўлгани каби тантана қилинади.

Ўзига хос жиҳати эса байрам арафасида ёқиладиган гулхан тутуни қанчалик олисларга тарқалса, шунча офатни даф этиши билан боғлиқ эътиқоднинг мавжудлигидир.