March 13, 2019

Зарбулмасал: "Шернинг қафасга кўникиши"

Эркак шер тинмасдан қафас ичида у ёқдан бу ёққа юришини қўймас эди.

Унга маюс тикилиб бир бурчакда ётган урғочи шер ҳам олдидаги қўйилган овқатига бир қараб қўйганча афтини бурарди. Нима ҳам қилсин иштаҳаси йўқ, томоғидан овқат ўтадиган даражада кайфият йўқлиги-шундоққина билиниб турарди. Аммо нима бўлса ҳам ейиш шарт, сабаби у- ҳомиладор. Туғилажак насилларини соғ-саломат дунёга келиши учун ҳам - ейиши керак. Эркак шерни истаги ҳам шу бўлса керак - ҳеч йўқ фарзандалари учун есин.

Ким билсин шерларни ҳаёлидан шу онда нималар ўтмоқда экан. Балким улар бир вақтлар кенг ўрмонда ҳукмдор бўлиб ҳаёт кечирганлари, истаган ерларига бориб сайр қилганлари, гоҳ соҳил бўйида гоҳ ўрмонни соя салқин жойларида тинч осойишта ҳаёт кечирганлари ҳаёлларидан ўтаёткандир.

Балким яна ўша - озодликларига қандай эришиш тинчлик бермаётгандир? Балким шу онда қафасдан қандай қутулиб чиқиш имконини ўйлаёткандирлар. Мана бир қанча йиллар-ки улар тутқунликда.

Гоҳ-гоҳ бир ўкириб ҳайвонот боғидаги маймунлар юрагини зир титратиб қўйишади. Қўлларидан нима ҳам келарди.

Қафасдан қутулиб чиқиш учун кимдан ҳам умид қилишади. Нима, анави ён қафасдаги – олдиларига қўйган ювундини тиржайиб еб турган шоқоллардан умид қилишсинми ?...,

Асло. фойдаси - йўқ.

Кунлар ўтиб она шер кўзи ёриди, нақ паҳлавон- икки шербачча дунёга келди. Аммо кичкинтойларни тез орада бошқа қафасга ўтқазишди.

Орадан бир йил ўтди...Янги дунёга келган шер болалари тез катта бўлишди.

Улар ўз қафасларида бир-бирлари билан тинмай олишиб шўхлик қилишарди, улкан шерлардай ўкириб қўйяр, аммо бу ўкириш - олдиларига қўйилган овқат билан барҳам топар эди.

Улар ҳам баъзан ота-оналари каби қафасни у четидан бу четига тинмай юришади, аммо бу юришлари кўм-кўк ўрмон орзусидаги сабрсизлик эмас эди.

Балки кечки овқатга нима беришлари ўйидаги - бир бесабрлик эди ҳолос. Чунки улар ўрмон нима эканлигини. Озодлик нима эканлигини қаёқдан ҳам билишсин...

Ким билсин, балким улар – шер эканликларини ҳам билишмас ...

Манба: Содиқлар