April 24, 2019

Беҳуда 10 дақиқа

Ўн дақиқада қанча савоб олиш мумкин?

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деган экан: “Эй одам боласи, сен маълум кунлардан иборатсан. Сен учун бир кунинг кетиши бир қисминг, бир бўлагинг кетиши демакдир”.

Кунларимиз соатлардан, соатлар эса дақиқалардан ташкил топган. Гоҳида бир неча дақиқа вақтимизни беҳуда сарфлаганимиздан ачинмаймиз. Ваҳоланки, бир дақиқа ёки бир сонияда ҳам аҳамиятли, натижаси улкан ишларни қилиш мумкин.

Масалан, умрнинг кичик бўлаги бўлган 10 дақиқа вақтимизни беҳуда ишларга сарфладик, дейлик. Аслини олганда 10 дақиқада қандай ишларни амалга ошириш мумкин? Қуйида бунга жавоб излаймиз.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Аллоҳнинг Китобидан бир ҳарф ўқиса, (номаи аъмолига) битта яхшилик ёзилади. Ҳар бир яхшилик ўн баробар кўпайтирилади. Мен “алиф, лом, мийм” бир ҳарф демайман. Балки “алиф” бир ҳарф”, “лом” бир ҳарф ва “мийм” бир ҳарфдир”, деганлар” (Термизий ривояти).

  • Ўрта ҳисобда киши бир дақиқада Қуръони каримнинг 100 та ҳарфини бемалол ўқий олади. Юзта ҳарф учун биттадан бериладиган савобни Аллоҳ таоло ўн баробар кўпайтирса, 1000 та савоб бўлади. Демак, Қуръони каримдан ўн дақиқада 1000 та ҳарф ўқисак, 10.000 та савобга эга бўларканмиз.
  • Ёки беҳуда кетиши эҳтимоли бўлган 10 дақиқа вақтда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот ва саломлар айтиш мумкин. Бир дақиқада шошмасдан ўртача узунликдаги салавотни 15 марта такрорлаш мумкинлигини инобатга олсак, 10 дақиқада 150 марта салавот айтиш имкони бор. Салавот айтиш фазилатларини қуйидаги ривоятлар орқали ўрганамиз.

Имом Насоий ва имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадисда Абу Талҳа розийаллоҳу анҳу қуйидагиларни айтади: “Бир куни Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам юзларидан қувонч балқиган ҳолда келдилар. Биз: “Юзингизда қувонч кўрмоқдамиз”, дедик. У зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Чунки ҳузуримга фаришта келиб, “эй Муҳаммад, Роббинг айтадики, “ким сенга салавот айтса, албата Мен унга ўн марта салавот айтишим, ким сенга салом айтса, Мен унга ўн марта салом айтишим сени рози қилмайдими?” деди”, деб хабар бердилар”.

Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким менга бир марта салавот айтса, Аллоҳ унга ўн марта салавот айтади ва ўнта хатосини ўчиради”, дедилар”.

Салама ибн Вардондан ривоят қилинади: “Анас ва Молик ибн Авс ибн Ҳадасонларнинг қуйидагиларни айтганларини эшитдим: “Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳорат ушатгани чиқдилар. Орқаларидан фақат Умаргина сопол парчаси ёки покловчи нарсани олиб эргашди. У зотни хурмо атрофига уни суғориш учун қилинган ҳовузчада сажда қилган ҳолда кўрди. У нарироқ бориб орт томонларига ўтирди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бошларини кўтариб, “эй Умар, саждада эканимни кўриб нари кетиб яхши қилдинг. Жаброил келиб, менга: “Эй Муҳаммад! Сенга ким бир марта салавот айтса, Аллоҳ унга ўн марта салавот айтади ва унинг даражасини ўн марта кўтаради”, деб айтди”, дедилар”.

  • Агар ўн дақиқа вақтимизни беҳуда сарфламай истиғфор айтганимизда, қанча гуноҳлардан фориғ бўлардик?! Киши шошмасдан бир дақиқада 80 марта “астағфируллоҳ”, дейиши мумкин. Ўн дақиқада 800 марта бўлади. Бир марта истиғфор айтганда битта гуноҳ кечирилса, ўн дақиқада ўртача 800та гуноҳдан халос бўлиш мумкин экан. Истиғфорнинг бундан бошқа яна кўплаб фойдалари бор.

Бўш вақтда фақат Қуръон тиловат қилиш, салавот ва истиғфор айтиш шарт эмас. Балки исталган зикрни қилиш, илм ўрганиш, силаи раҳм ёки бошқа хайрли амалларни бажариш мумкин. Албатта барчаси учун савоб бор. Муҳими амал Аллоҳ розилиги учун бажарилса бўлгани.

Биз юқорида келтирган маълумотлар олтиндан ҳам қимматроқ вақтни беҳуда сарфламаслик учун мисол тариқасида қилинган ҳисоботлар, холос. Ҳар бир амални қабул қилувчи, унга савоб берувчи Аллоҳ таолодир. Истаса, бундан-да кўпайтириб бериши ҳам мумкин. Биздан эса ихлос билан амал қилиш талаб этилади.