July 12, 2018

“СИЗЛАРГА ҲАВАСИМ КЕЛАДИ, ҲАСАДИМ ҲАМ...”

Ёхуд тинчликнинг нақадар улуғ неъмат эканлигини англатган афғон йигити

Манзара

Ёш эмас эдим. Ақлим қуюлиб, яхши-ёмонни ажратадиган ёшда эдим. Ҳайтовур ён қўшнимиз, бир девор қўшнимизникида бир кун оқшомда жанжал бошланди. Оиланинг тўнғич ўғли тўйдами, улфатлари биланми озроқ ичган, шунга... Даставвалига қаттиқ-қаттиқ айтишув, “сан-ман”дан сўнг нарса-буюмларнинг синиши бошлангач чидаб туролмадим, ўтдим. Аммо у ердагилар “аралашма” қабилида мени дарвозадан чиқариб қўйишди. Ҳартугул биров фурсат ўтиб можаро тинди. Аммо менинг халоватим йўқолганди. “Бу қўшнининг ўғли маст-аласт уйидиган чиқиб тўғри келган дарвозага кириб келса”, ёки “Кўчада бақириб-чақириб, сўкиб дераза-перазани синдирса болалар ёки хотин-халаж қўрқмасмикан?” деган ўй билан, ишонсангиз тонггача ухлолмай чиқдим. Эртаси куни ҳам бу хавотир кўнглимни тарк этмади. Ишда ҳам, юрсам ҳам ҳар замонга уйга телефон қилиб “қўшнилар тинчми?” деб сўраб қўярдим. Бу бир ҳовлининг, бир оиланинг гапи. Энди шуни маҳалла, шаҳар, мамлакат даражасига кўтариб кўринг-а!

***

Ҳа, тинчликка не етсин! Бу неъматнинг нақадар тотли, нақадар қимматли эканлигини уруш ўчоғида “тўлғонаётган” мамлакатлар, миллатлар, халқлардан сўранг! Тунов куни интернет манбаларидан ўқиб қолдим Сурияда ҳар 4 боладан 3 таси урушдан бошқасини билмас экан! Ёким Африка давлатларидаги қонли можароларни, Роҳинжа мусулмонлари билан содир бўлаётган воқеаларни шунчаки ҳиссиз кузатиб бўлмайди. Мана шундай лаҳзаларда ташқарида ҳеч нимадан ташвишсиз, қийқириб кулганча ўйнаб юрган фарзандингиз, набирангизни қучиб, шукрона келтиришдан ўзингизни тия олмайсиз.

Афғонистон... Бу замин билан юртимиз тарихи, урф-одатлари чамбарчас боғлиқ. Алишер Навоийнинг қабри шу заминда, Бобур шу юртда ўз давлатини мустаҳкамлаган. Амир Темур салтанатининг ажралмас қисми бўлган, темурий шаҳзодалар ҳукм юритган бу заминда маънавият-маърифат ўз вақтида гуллаб-яшнаган, юксалган. Аммо ХХ асрнинг иккинчи ярмида муаммолар гирдобида қолган мамлакатда барча соҳа, барча тизим издан чиқди. Мана салкам 40 йилдирки ўқ овози тинмайдиган бу юртнинг ҳар бир фуқароси тинчликни нақадар исташини сўз билан таърифлаб бўлмайди.

Юқоридаги манзарада бир қўшнининг безовталиги, оиласидаги нотинчлик иккинчи оилага таъсири ҳақида тўхталиб ўтдик. Хўш, Афғон диёридаги нотинчликлар Ўзбекистон учун қанчалик зиён етказаётгани баҳолашнинг имкони йўқ назаримда. Бугунги кунда Афғонистонда бир қадар тинчлик ҳукмрон бўлсада, ҳамон ички адоват ва низолар тўла бартараф бўлмагани, Толибонлар ва ИШИД жангарилари тинч аҳоли учун, ҳукумат учун етарлича муаммо чиқариб келаётганлигини тан олмасдан илож йўқ. Ўзбекистон эса, қўшниси – Афғонистонда тинчлик ҳукмрон бўлиши, яхши қўшничилик муносабатлари ўрнатилишини жуда-жуда истайди.

Манзара

Бу воқеага 4-5 йилча бўлиб қолди. Курсдошлар билан Сурхондарё вилоятидаги курсдошимизникига меҳмондорчиликка борадиган бўлдик. Узоқ йўл босиб, манзилга етиб бордик. Музрабод туманида истиқомат қиладиган курсдошимизнинг оила аъзолари, ота-онаси билан суҳбатимиз турфа мавзуларда бўлди. Жумладан, турмуш шароити хусусида ҳам.

-Биз томонларда тадбиркорлик билан кўп ҳам шуғулланавермайдилар, -дейди курсдошимнинг отаси. -Чунки чегарага яқинмиз. Мана бу томонга юрсангиз 40-50 километрдан сўнг Амударё, уёғи Афғонистон. У ерда ҳозир ИШИДчилар, жангарилар уя қурган. Худо кўрсатмасин, чегараларимиз мустаҳкам, аммо барибир кўнгилнинг бир чети ғаш туради-да.

***

Қўшнининг тинчлиги... Халқимиз бежизга “Ҳовли олма, қўшни ол” демаган. Тинчлик нафақат афғон-ўзбек муносабатлари, борди-келдиси, балки барча соҳаларда ҳам самарали эканлигини кўплаб фактлар, мисоллар билан исботлаш мумкин.

Ўзбекистон томони Афғон диёридаги тинчлик борасида дадил қадамлардан бирини ташлаб бўлди, десак муболаға қилмаган бўламиз. Буни пойтахтимизда жорий йилнинг 27 март куни «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзусида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси мисолида ҳам кўриш мумкин.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган мазкур конференция жаҳон ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотди. Унда иштирок этиш учун мамлакатимизга Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани, БМТнинг Афғонистондаги махсус вакили Тадамити Ямамото, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Федерика Могерини, шунингдек, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Италия, Франция, Туркия, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарлари, жами 25 давлат ва халқаро ташкилот вакиллари ташриф буюрди.

Ер юзининг катта қисмида сўнгги 40 йилда афғон урушига у ёки бу даражада дуч келган авлодлар улғайди. Кимнингдир ўғли, кимнингдир қариндоши ёки қўшниси бу адолатсиз уруш қурбонига айланди. Уруш олови қанчадан-қанча бегуноҳ одамнинг ёстиғини қуритди, унинг совуқ нафаси бошқа юртларга ҳам етиб борди, минглаб оилаларни пароканда, гўдакларни етим қилди. Шу боис «Афғонга кетибди» деган хабар юракларга қўрқув, хавотир олиб кирарди. Оталар ўғлининг афғонга ҳарбий хизматга кетганини кекса ота-онасидан яширар, ичидаги дардини билдирмасди. Оналар пана-панада жигарбандига соғлик-омонлик сўраб Яратганга ёлворар, йўл қарарди.

Ана шундай муҳитда улғайган болалар «афғонга олиб кетмасмикан», дея йиллар давомида хавотир билан яшади, ҳарбийга бормаслик чорасини қидирди. Орадан ўн йиллар ўтган бўлса-да, афғон муаммоси одамлар хотирасида қолдирган ваҳима ва қўрқув ҳали унутилгани йўқ.

Афсуски, афғон уруши йиллар ўтган сари жанг майдонларидан наркобизнес, терроризм, экстремизм каби кўзга кўринмас уруш ўчоқларига кўчди. Энди бу заминдаги нотинчлик ва зўравонликлар, ноҳақ қон тўкишлар дунёнинг барча минтақаларига таҳдид солар даражада кенгайди.

Агар Афғонистонда тинчлик ҳукм сурганда 2001 йил 11 сентябрь воқеалари бўлмасди, минглаб инсонлар террор қурбонига айланмасди. Бу юртда тинчлик-осойишталик бўлганда, диний экстремистик ҳаракатлар илдиз отмасди, дунёнинг турли минтақаларида нотинчлик оловини ёқаётган ёвуз кучлар, Ислом давлати деб номланган террорчилик ташкилоти пайдо бўлмасди. Гиёҳванд моддалар ва ноқонуний қурол савдоси нафақат қўшни давлатлар, балки бутун дунё ҳамжамиятига таҳдид солмасди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, жафокаш Афғонистон заминидаги тўқнашувлар, “уруш олови” афғон халқининг ўз танлови эмас, аксинча, четдан тиқиштирилган фитна натижасидир. Ана шу нотинчликдан афғон халқи ўн йиллар давомида жабр чекиб келмоқда, миллионлаб одамлар ўз уйини ташлаб олис юртларда сарсон-саргардон бўлиб юрибди.

Манзара

Қашқадарё вилоятининг сўлим Яккабоғ тумани... “Кумуш куз файзи” масъулияти чекланган жамияти раиси Наби ака Ғиёсов билан экспортга мўлжалланган тухумлар ҳақида мақола тайёрладик. Суҳбат давомида Наби ака тухумларни Жанубий Кореядан тортиб Эрон, қўшни Тожикистон ва Афғонистонга ҳам экспорт қилишини айтиб ўтди. Буни қарангки, биз у ерда Афғонистондан келган корхона мижози – Фаррух Бахтиёрзода билан суҳбатлашиш имконига ҳам эга бўлдик. Юз кўзлари офтобда қорайган, серсоқол, эгнига узун тиззагача эркакча кўйлак, нимча, кенг шалвар кийиб олган тахминан 25-28 ёшлардаги бу йигит билан бироз қийин бўлсада тилмочсиз суҳбатлашдик. Гарчанд тожик лаҳжасида, деярли тушуниб бўлмайдиган аралашган ўзбек тилида гапирса-да, унинг ботиқ ва дард тўла кўзларидан нима демоқчи эканлигини англаш қийин эмасди. Очиғи, суҳбатдошим мен нимага қизиқаётганимни тушунди шекилли, ўзи тожик, афғон, ўзбек, баъзан аралашган тарзда инглиз тилида ҳам сўзлар қўшиб гапни бошлади.

-Биласизми, мен сизнинг юртингизга 3 йилдан буён келиб-кетаман. Сабаби, тижорат. Наби акадан тухум олиб Афғонистонга сотаман. Аслида, Афғонистоннинг пуштунлар ўлкасиданман. У жой марказдан анча йироқ Покистон, Ҳиндистон ва Эрон билан чегарадош қисм. Атрофимиз тоғу-тошлар билан ўралган. Лекин начора, деҳқончилик ва чорва билан шуғулланишга имкон деярли йўқ. Кун кўришимиз керак-ку.

Сўнгра у ўйчан ҳовлида экилган гулларга тикилганча сўзлашдан тўхтаб қолди. Кейин жилмайганча: - Бу гуллар (сўзни инглиз тилида талаффуз қилди) ҳовлида жуда чиройли кўринади-я,-деди. Кулиб қўйганимни кўриб эса мен тасаввур ҳам қила олмайдиган дард ва алам билан гапида давом этди.

-Сизларнинг тинчлигингизга, тўқ ва фаровон ҳаётингизга ҳам ҳавас, ҳам ҳасад... Мен яшайдиган қишлоқдан атиги бир қишлоқ нарида ўғил болалар 11-12 ёшга кирганда толиблар томонидан мажбурий аскарликка олиб кетилади. Агар оила аъзолари ёки қишлоқ аҳолиси бунга қарши чиқса шафқатсиз жазоланади, ҳатто ўлим билан ҳам. Бизнинг қишлоқ аҳолиси табиатан жанговор ва чапдаст бўлганлиги учун ҳам толиблар биз билан ўйлаб муомала қилишади, назаримда. Тасаввур қилинг, динни ниқоб қилиб ўғлини жиҳодга мажбуран олиб кетиб, унинг бевақт ўлимига сабаб бўлган онгсиз террор бандалари (бандаи террори ва яна бир нималар деб ғудранди) уни “Аллоҳ йўлида шаҳид бўлди” деб ваъз ўқишади...

...Яқинда арзимаган муаммо туфайли баҳслашаётган икки ўзбек йигитининг суҳбатини тинглаб туриб йиғлаб юбордим. Очиғи, мавзу улар учун “ўта муҳим”, мен учун эса арзимаган маиший муаммо, ечимини ўзаро топса бўладиган ширин ҳаёт ташвиши эди. Йигитларга қараб туриб, бугун Ўзбекистон озод ва ҳур мамлакат эканлигига, бунга сабаб эса юртингизни оқилона сиёсати билан бошқариб бораётган Юртбошингиз борлигига, келажагингиз ҳам худди бугунингиз каби тинч, обод ва озод бўлиб қолишига имон келтирдим.

...Бахтиёрзода вазмин қадамлар билан биздан узоқлашар экан, Фаррухнинг ортидан қараб юқорида 25-28 ёшни қарши олган йигит эмас, гўёки уруш, нотинчлик ва терроризм деган офатдан эзилган, халқини озод ва обод кўришни истаган 35-40 ёшлардаги эркакни кўргандек бўлдик. Унинг нега ҳовлидаги гулларга суқланиб қараганини ҳам тушунгандекмиз. Бугун биз ҳовлимизни чиройли, анвойи гуллар билан тўлдиришни ўйлаётган, фарзандларимизга янги уй солишни, машина олиб беришни режалаштираётган, кексаларимиз айтганидек, омон-омон замонда яшаётган бир паллада кимлардир бир бурда нонни хотиржам ейишга, тирик қолиш учун курашишга маҳкум...

***

27 йиллик тарих... Мустақилликнинг бу ўтган фурсатида халқимиз бошидан не-не ҳодисотлар ўтмади, дейсиз. Айнан ёт ғояларни сингдириш, юртда нотинчлик, таъбир жоиз бўлса Ўзбекистонни ҳам иккинчи Афғонистон қилишга уринишлар бўлмади, дейсизми? Бўлди. Аммо оқилона сиёсат туфайли энг бебаҳо неъмат – тинчлик сақланди. Ўтиш даври деймиз, бозор иқтисодиёти деймиз, турмуш қийинчиликлари-ю, Фаррух Бахтиёрзода айтганидек ширин ташвишлар билан бандмиз. Баъзида бу ташвишлардан ёзғириб ҳам қоламиз. Аммо, ҳақиқий бахт, ҳақиқий бойлик – ТИНЧЛИК эканлигини биз афғон йигитининг кўзларида, сўзларида кўриб бўлдик. Ҳа, халқимиз бу неъматни ҳеч кимга, ҳеч қачон бериб қўймаслигини аллақачонлар англаб олган. Шундай экан, тинчликни, бу олий неъматни кўз қорачиғидек асрайлик, авайлайлик.