Олий таълим “коррупциясиз соҳа” бўла оладими?

Шу йилнинг 5 ноябрида шов-шувли хабар тарқалди: “Нархоз”нинг ректори ишдан олинди!” Сабаб: университетда коррупция авж олган экан.

Очиғи, айни масалага бағишланган йиғилишда биз ҳам иштирок этдик. Тан олиш керак, у ерда айтилган гаплар, билдирилган мулоҳазалардан уялдик. Чунки йиғилишда фақат Тошкент давлат иқтисодиёт университетигина эмас, балки бутун олий таълим тизими, шу соҳадаги коррупция ҳолатлари ҳақида сўз борди.

Афсуски, ҳақиқат...

Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, таълим соҳасида масъул ходимлар ўртасида пора олиш билан боғлиқ ҳолатларни йўқотиш қийин кечмоқда. Тўғри, коррупция аталмиш бало бошқа соҳаларда ҳам йўқ эмас, албатта. Буни ҳар қандай кўзи ва қулоғи бор одам рад эта олмайди. Аммо таълимдаги коррупция бу – ана шу иллатни ишлаб чиқариш заводидек гап. Унинг мамлакат тараққиёти ва жамият ҳаётидаги салбий оқибатини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди.

Шу боис Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги қонуни ва давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида олий таълим тизимини “коррупциясиз соҳа”га айлантириш борасида концептуал фикрлар ўртага ташлангани бежиз эмас.

Шундан келиб чиқиб, олий таълимда “коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга оширишга қаратилган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Шунингдек, қабул жараёни, талабалар билимини баҳолаш, ўқишни кўчириш ва нострификация, ОТМларни такомиллаштириш, ўқитувчилар ижтимоий ҳимояси, бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланиш каби йўналишларини қамраб олган, 2019-2020 йилларда амалга ошириш белгиланган “Йўл харитаси” қабул қилинди. Унинг доирасида 2 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларининг узлуксиз малакаcини ошириш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларининг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Нима(лар) ўзгарди?

Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларининг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, олий таълим муассасаси раҳбар кадрларининг ўқув-методик ва илмий-педагогик фаолияти натижалари инобатга олинадиган, уларга мунтазам равишда касбий ўзини ўзи ривожлантириб бориш имкониятини берувчи узлуксиз малака ошириш тизими амалиётга жорий этилди. Ўқитишнинг замонавий усулларини қўллаш билан боғлиқ фан ва курсларни кенгайтириш мақсадида қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари ўқув режаларига 13 та янги модуль киритилди.

Бундан ташқари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар инвентаризациядан ўтказилмоқда. Унга мувофиқ, амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда коррупцияга оид ҳолатларни келтириб чиқарадиган нормалар аниқланса, уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилади.

Олий таълим муассасалари веб-сайтларида “Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар портали яратилади. Ҳозирда бу бўйича ахборот тизимининг техник топшириғи ишлаб чиқилди.

Таълим муассасалари ўртасида коррупцияга қарши кураш рейтингини жорий қилиш, ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларини шакллантириш ҳамда таълим жараёнига “Булутли технологиялар” (электрон университет)ни босқичма-босқич татбиқ этиш, талабалар ўртасида коррупцияга оид ҳолатлар юзасидан онлайн сўровномалар ўтказиб бориш масалалари бўйича чора-тадбирлар дастурлари тасдиқланди.

Касбий одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш, манфаатлар тўқнашувини бартараф қилиш ва коррупцияга қарши курашишнинг бошқа йўналишлари бўйича қисқа муддатли ўқув дастури тайёрланди. Бу олий таълим муассасалари ходимлари ва профессор-ўқитувчиларнинг коррупцияга қарши курашиш йўналишлари бўйича малакасини ошириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг академияси билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Коррупциянинг олдини олишда олий таълим муассасаларига кириш синовларини шаффоф, очиқлик тамойиллари асосида ўтказиш ҳам ниҳоятда муҳим. Шу нуқтаи назардан 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишларига кириш имтиҳонларининг бир қисмини (5 тадан 2 ёки 3 тасини) тест синовлари орқали, касбий (ижодий) имтиҳонларни жамоатчилик ва онлайн кузатувда ўтказиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди. Улар ўрнатилган тартибда Давлат тест марказига тақдим этилади.

Олий таълим муассасаларида коррупция кенг тарқалишига сабаб бўлган асосий омиллардан яна бири – ойлик-маош саналади. Шу маънода, тизимдаги таълим муассасаларининг бошқарув, техник, хизмат кўрсатувчи ва ўқув-ёрдамчи ходимларининг амалдаги намунавий штатларига ўзгартириш киритиш лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унга кўра, бош ҳисобчи муовини – аудитор лавозими “Бухгалтерия” бўлимидан чиқарилиб, “Ректорат” таркибига киритилди. Шу орқали унинг бўйсунуви бош ҳисобчи бўйсунувидан тўғридан-тўғри биринчи раҳбар бўйсунувига ўтказилади. Ҳозирда олий таълим муассасаси аудиторининг иш ҳақи тариф коэффициенти ва разрядларини белгилаш бўйича иш олиб борилмоқда.

“Йўл харитаси”да белгиланган тадбирларни амалга оширишнинг энг яқин муддати 2019 йилнинг тўртинчи чорагига белгиланган. Буларнинг барига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси, Ўзбекистон Республикасининг Бош прокуратураси ҳамда Бош прокуратура академияси яқиндан ёрдам бермоқда.

Режалар қоғозда қолиб кетмайдими?

Бундай бўлиши ҳам мумкин! Агарки, биз барчамиз биргаликда, ҳамкорликда ишламасак, фақат айрим масъул лавозимдаги инсонларгагина ишониб ўтираверсак, жамоатчилик назоратини кучайтирмасак, коррупцияга қарши курашиш, унинг олдини олиш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиз эканини англаган ҳолда иш юритмасак, режаларимиз, мақсадларимиз қоғозда қолиб кетиши ҳеч гап эмас.

Яна бир нарсани айтиш керакки, қанчадан-қанча чора-тадбирларни белгиламасин, агар таълим муассасасидаги ҳар бир талаба, профессор-ўқитувчи, масъул ва ёрдамчи ходимлар чин юракдан коррупцияни йўқотишга бел боғламаса, бари бефойда. Чунки тизим катта. Унинг қайси бурчагида ким нима билан шуғулланаётганини бирдек кузатиб бориш жуда мушкул. Бундай ҳолатда, аксинча, коррупцияни амалга ошириш технологиялари ривожланади, холос.

Масалан, бундан 4-5 йил аввал хизмат юзасидан кўчада сотиладиган ахлоқсизликка йўғрилган дисклар бўйича рейд ўтказдик. Улар сотиладиган жойларда қаттиқ назорат ўрнатилиб, сотувчиларга чоралар кўрилди. Шунда бир танишимдан сўрадим: “Дисклар ва уни сотувчилар анча йўқолиб қолдими?” Шунда танишим: “Қаерда йўқолади, рейддан кейин текширув қаттиқ бўлаяпти, деган баҳона билан нархини ошириб, бошқа жойларда сотиб юришибди”, деган эди.

Нима учун шундай бўлди? Негаки, биз кўр-кўрона шакл билан ишладик. Дискни соттирмасликни мақсад қилиб олдик. Бу билан нимага эришдик? Дискнинг қизиқарлилик даражаси ва нархини оширишга сабабчи бўлдик.

Демак, коррупцияга қўл урган шахсга нисбатан ундай чора кўрилади, бундай жазо қўлланади, дейиш билангина иш тутсак, коррупционерлар сездирмасдан шу ишни бажариш йўлларини қидириб топаверади. Шунинг учун биз, аввало, бу иллатнинг оқибатлари нималарга олиб бориши мумкинлиги, коррупция нафақат жиноят, балки катта гуноҳ ҳам эканини бутун жамият англаб етишига эришишимиз керак. Буни айниқса, ёшларимиз онг-у қалбига чуқур сингдиришимиз лозим. Шу мақсадда таълим муассасаларининг ўқув дастурларига коррупцияга қарши курашиш махсус курслари киритилди. Улардан унумли фойдаланиш, натижадорлигини ошириш эса яна профессор-ўқитувчининг зиммасида.

Бу борада таълим муассасасининг бошқа фаоллари, касаба уюшмаси, талабалар, ота-оналар вакилларидан иборат жамоатчилик кенгаши ҳам муҳим таъсир кучига айланмоғи керак. Ҳар бир олий таълим муассасасида жамоатчилик кенгаши институти шакллантирилган. Унинг барча ваколати ишга солинадиган бўлса, ўйлаймизки, самарадорлик ҳам шунга яраша бўлади.

Мақсадимиз бир, йўлимиз ҳам бирга бўлсин!

Фарзандларимизни тарбиялаш ва уларга билим беришда ҳар доим тўғри йўл тутайлик. Уларга ўз кучи, билими билан илм олишларига имконият яратиб берайлик, мурғак қалбига таъмагирлик иллатини оғу каби жойлаштиришга йўл қўймайлик. Ўғил-қизларимизни таниш-билишлик ёки пора эвазига ўқишга олиб кириш йўлидан сақланайлик.

Ёшларимизга қаранг! Уларнинг аксарияти ўз кучига ишонган, қалбида Ватанига, юртига меҳр-муҳаббат жўш уриб турган, кўзлари илм олиш учун порлаган янги авлоддир! Яхшиси, бу қудратли кучга халақит қилмайлик. Аксинча, уларни қўллаб-қувватлайлик, мустақил билим олиши учун кўмаклашайлик. Ахир, ҳаммамизнинг мақсадимиз бир – коррупцияга қарши курашиш. Шундай экан, йўлимиз ҳам бир бўлсин!

Отабек БОЗОРОВ,

Олий ва ўрта махсус таълим

вазирлиги бошқарма бошлиғи.

Manbaa:Edu.uz

TerDU Denov filialining Telegramdagi rasmiy sahifasi