Мурожаат ва ижро: Сурхондарё ёшлари сардорларига ноутбуклар совға қилинди

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов таълим, санъат, маданият, спорт каби йўналишларда юксак натижаларга эришиб келаётган йигит-қизлар, муаммо ва таклифлари бор уюшмаган ёшлар вакиллари билан куни кеча учрашув ўтказгани ҳақида аввал хабар берган эдик.

“Ҳоким ва ёшлар” учрашувида “Истеъдодли ёшлар” йўналиши сардори, Термиз шаҳридаги 3-умумтаълим мактаби 10-синф ўқувчиси Азиза Қосимова вилоят ҳокимидан Ёшлар иттифоқи Сурхондарё вилоят Кенгашининг Сардорлар кенгаши хонасини зарур мебель жиҳозлари билан, кенгашнинг 10 нафар сардорини ноутбук билан таъминлашда амалий ёрдам беришни сўраганди.

Мулоқот давомида ёшлар томонидан ўртага ташланган муаммолар, таклиф ва ташаббуслар қаторида ушбу мурожаат ҳам ижобий ҳал этиладиган бўлди. Учрашувнинг эртасидаёқ Сардорлар Кенгаши хонаси учун офис мебелларини ясаш ишлари бошлаб юборилди. Жорий ҳафта якунига қадар бу мебеллар тўлиқ ўрнатилади.

Бугун, 31 октябрь куни эса вилоят ҳокимлигида 10 нафар сардорнинг ҳар бирига биттадан энг сўнгги моделдаги ноутбук совға қилинди.

Т.Боболов воҳа ёшлари сардорларининг қизиқишлари, орзу-умидлари билан танишиб, келгусида ташаббускор, шижоатли, эл-юрт манфаати йўлида бор куч-ғайратини, билимини сафарбар этишга қодир йигит-қизлар бўлиб етишишларига тилаклар билдирди.

Ўз навбатида, сардорлар Президентимизнинг ёшларга кўрсатаётган улкан эътибори ва ғамхўрлигига жавобан янги марралар сари интилишга, ижтимоий фаоллиги, ижодий ҳамда интеллектуал қобилиятларини доимо ривожлантириб боришга ваъда беришди.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил май ойида Қашқадарё вилоятида бўлиб ўтган “Энг намунали Сардорлар Кенгаши” Республика танловида Сурхондарё вилоят Сардорлар Кенгаши фахрли 3-ўринни эгаллаганди.


Manbaa:Surxondaryo viloyati hokimligi matbuot xizmati

TerDU Denov filialining Telegramdagi rasmiy sahifasi