June 29, 2020

Cайёрамиздаги энг ғайриоддий кўллар

Ҳаётингизда бир бора бўлса ҳам кўл бўйлаб сайр қилишни истаганмисиз? Ер юзида шундай гўзал, ҳайратланарли ва ноодатий кўллар мавжудки, уларнинг суратларини томоша қилсангиз, бениҳоя бу масканларни ўз кўзингиз билан кўриш истаги пайдо бўлади.

Эътиборингизга ана шундай бетакрор ва ғайриоддий кўлларнинг суратларини ҳавола этамиз.

  • Медузалар кўли, Палау
Медузалар океан пляжларида дам олаётган кишиларга ноқулайлик туғдириш мумкин, бироқ Медузалар кўлида улар билан бирга сузиш — мутлақо ўзгача завқ бағишлайди. Тилларанг медузалар баъзан танга ҳажмида, баъзан эса футбол коптоги катталигида ёғду сочади. Бу эволюция жараёнида тишлаб олиш хусусияти йўқолган ягона медуза тури ҳисобланади.
  • Нонг Хан кўли, Тайланд
Ҳар йили бу ерда минглаб лотус гуллари очилади ва Нонг Ханг кўлининг юза қисмини сузиб юрувчи гуллар майдонига айлантиради. Мазкур сувдаги боғ октябрда ёмғирлар мавсумидан сўнг очилишни бошлайди, энг гуллаган давр эса декабрга тўғри келади ва маҳаллий аҳоли гўзал манзарадан баҳра олиш мақсадида қайиқларда сайрга чиқади.
  • Питч-Лейк, Тринидад
Айрим кўллар жуда ҳам ёпишқоқ бўлади. Тахминан 10 миллион тонна суюқ асфальтдан иборат, майдони 100 акрни ташкил этувчи Ла Бреа шаҳри яқинидаги Тринидад оролида жойлашган Питч-Лейк кўли дунёдаги энг катта табиий асфальт конларини ўз ичига олади. Бу ёпишқоқ сув қоришмаси, табиий газ, битум ва минераллар 1595 йилдан бошлаб дунёдаги асосий асфальт манбаи бўлиб келган.
  • Қайновчи кўл, Доминикан республикаси
Мазкур 70 метрли кўлнинг марказида сув доим қайнаб туради, бу эса унинг ҳароратини аниқ ўлчашга халақит беради. Бироқ у 82 дан 92 даража диапазонда фарқланади.
  • Маникуаган, Канада
Агар дарё ёки кўл орасида қаерга боришни билолмай, иккиланаётган бўлсангиз, Канаданинг Квебек провинциясидаги Маникуаган кўлига боринг. Бу қарийб 200 миллион йил аввал диаметри 5 километр бўлган баҳайбат астроид ерга қулаб тушганда узук шаклида пайдо бўлган ягона кўлдир. Астроид қулаши натижасида бу узуксимон кўл ёки бошқача қилиб айтганда, концентрик дарёга айланади.
  • Лагуна-Колорадо, Боливия
Бу кўлнинг манзараси шу қадар гўзалки, ҳаттоки, Сальвадор Далининг ўзи ҳам унга ҳавас қилган бўлар эди. Кўлнинг қизил ранги планктон, қизил сув ўтлари ва ундан озиқланадиган бошқа микроорганизмлардан ҳосил бўлади. Сувдаги ўтлар эса яна бир ажойиб манзара — Жемс фламинголарининг ташриф буюришига сабаб бўлади.
  • Эребус, Антарктида
Бу кўлнинг атрофидаги ҳарорат 60 даражани ташкил этади. Сайёрадаги беш лава кўлидан бири бўлган ҳовузнинг ҳарорати 1700 даража атрофида. Умуман олганда, Эребус — 1972 йилдан бери Антарктидада доимо ёниб турадиган ҳажми бўйича иккинчи улкан вулқон.
  • Хильер кўли, Австралия
Йўқ, бу асло сутли музқаймоқдан иборат кўл эмас. Шунчаки кўлда пушти рангли сув мавжуд. Мазкур 600 метрли кўлдаги сув ўз рангини кеча ва кундуз сақлаб туради. Бу хусусиятнинг асл сабаби ҳалигача аниқланмаган, бироқ асосий кўрсаткич сифатида туз конларида озиқланадиган бактерия ва микроорганизмларнинг ноодатий ранги қайд этилади.
  • Юқори кўл, АҚШ
Баъзан кўллар ҳам океан каби улкан бўлиши мумкин. Масалан, АҚШ ва Канададаги буюк кўлларни олиш мумкин, ундаги баҳайбат тўлқинлар — кўплаб штатлардан ташриф буюрувчи сёрфнрчилар учун чинакам жаннатга айланиши мумкин. Кўлнинг шимолий қисмига қанча кўп борилса, тўлқин баландлиги ҳам шунча ошаверади. Юқори кўлда кучли шамол 10 метрга етувчи тўлқинларни ҳосил қилиши мумкин.
  • Медисин кўли, Канада
Канаданинг Альберт провинциясидаги миллий боғ сирли кўлга эга, бунга сабаб ҳар қишда ундаги сув ўз-ўзидан ғойиб бўлади. Бироқ бунинг буғланишга алоқаси йўқ. Медисин кўли кўпроқ узунлиги 6 километр ва чуқурлиги 30 метр бўлган ҳаммомни ёдга солади. Ҳар ёзда тоғ музликлари эриб, Малинье дарёсига келиб тушганида кўл сувга тўлади. Катта ҳажмли музлик сувларига қарамай, ютилиш жараёни бор-йўғи бир неча ҳафта давом этади. Медисин кўлининг сири 1970 йиллардагина очилган.
  • Натрон кўли, Танзания
Натрон кўлида ҳайвон ва қушлар тошга айланади. Кўл қирғоғида тошга айланган қуш (ҳаттоки, кабутарлар) ва кўршапалакларни учратиш мумкин. Бу ёвуз кўл калцийланиш хусусиятига атрофдаги вулқонлардан ажралувчи заҳарли куллар туфайли эга бўлган.
  • Маккензи кўли, Австралия
Ер юзида Маккензидан ажойиброқ ҳовузни топиш жуда мушкул. Сабаби, унинг қирғоғи бўйлаб ёйилган оппоқ қум 100 фоиз кремнийдан ташкил топган бўлиб, у кўплаб атторлик ва пардоз маҳсулотларида ишлатилади ва соч, тери, тирноқларга ижобий таъсир кўрсатади. Кўлдаги тоза ва шаффоф сувнинг ягона манбаи ёмғир саналади.
  • Павилион кўли, Канада
Канада провинцияси бўлмиш Британ Колумбиясидаги мазкур кўл сиз юз миллион йиллар ортига олиб кетиши мумкин. Унинг юза қисми бошқа тоғ кўлларидан сира фарқ қилмайди, бироқ унинг тубидаги қадимий маржонлар сайёрамизда 2,5 миллиард йил аввал пайдо бўлган илк жонли намуналарни акс эттиради.
  • Ньос кўли, Камерун
1986 йил Камерундаги мазкур кратер кўли ноодатий табиий офатга учрайди. Сувнинг катта қисми 100 метр баландликга кўтарилади, бу эса кўл қирғоғини цунами билан қоплаб олади. натижада углекислота булутлари барча ҳудудга тарқалади ва уч кун ичида 1746дан ортиқ инсонни ҳаётдан олиб кетади. Ҳозирда мазкур кўл яқинида юриш мутлақо хавфсиз —офатдан сўнг олимлар карбонат ангидридни сув тубидан олиб ташлайдиган тизим ишлаб чиқишади.
  • Ўлик кўл, Исроил/Иордания
Бу денгиз сайёрадаги исталган бошқа денгизга нисбатан 35 фоиздан ортиқ шўрроқдир. Мана шундай концентрация туфайли сиз доим кўлнинг юзасида қоласиз, тери ва бўғимларингиз эса ажойиб шифобахш таъсирга эга бўлади.

Ўлмасбек Примқулов