May 12, 2020

11. Э-курс. КИНЕМАТОГРАФДА ЙЎНАЛИШЛАР, ОҚИМЛАР, ТЎЛҚИНЛАР ҲАҚИДА.

Адабиёт ва санъат пайдо бўлибдики, бадиий асарларни таҳлил қилиш, уларнинг шакл ва мазмуни, ғояси ва йўналиши, жанри ва стилистикасини аниқлаш учун адабиётшунослик ва санъатшунослик соҳаси пайдо бўлди. Адабиётшуносликсиз адабиёт бўлмагандай, санъатшуносликсиз ҳам санъат бўлмайди. Адабиётшунослик ва санъатшунослик илмий ишланишлари, таҳлиллари, рецензиялари нафақат адабиёт ҳамда санъат ихлосмандларига, балки, энг авваламбор, ижодкорлар учун бир барометр, ўлчов, маёқ воситасини бажаради.

Худди шундай санъат турлари ичида энг мураккаби ва оммавийи ҳисобланган кинематограф ҳам киношуносликсиз ўз ривожланишига эриша олмайди. Бежизга, деярли бутун буюк режиссёрлар бир пайтнинг ўзида кучли кино назариячилар бўлишмаган. Яъни кинорежиссёр қанчалик амалиётчи (практик) бўлса, шунчалар назариячи (теоретик) ҳамдир. Биргина машҳур Сергей Эйзенштейнинг 6 томлик китобларини мутолаа қиларкансиз, қанчалик кучли назариячи бўлганига ишонч ҳосил қиласиз. Кино назарияси эса – киношуносликнинг асосий йўналишидан бири ҳисобланади. Кўплаб кинорежиссёрлар илмий ишлар ёзиб санъатшунослик фанлари доктори бўлишган, жумладан, Эйзенштейн ҳам.

Киношуносларнинг таъкидлашича, “ҳақиқий” кино санъати 1915-1920 йиллар пайдо бўлган. Айнан илк профессионал киношунослик ҳам шу пайтга тўғри келади. Мақоланинг ибтидосида адабиёт ва санъатнинг ривожланиши ўзаро чамбарчас боғлиқлигини таъкидлаганимиздай, худди шундай турли йўналишлар, оқимлар, жанрлар ва бошқа назарий тушунчалар ҳам бир пайтнинг ўзида, биргаликда, бир-бирларини қўллаб-қувватлаб, тўлдирган ҳолда ривожланиб келади.

Кино тарихида жуда кўп йўналишлар, оқимлар, тўлқинлар бўлган ва янгилари пайдо бўлишда давом этмоқда. Кино тарихига назар ташлаб бу назарий тушунчаларни пайдо бўлиши, ўзига хос томонларини ўрганиб чиқайлик. Энг аввало, кенг тарқалган ва машҳур бўлган кинематографдаги йўналишлар, оқимлар, тўлқинлар номларини таъкидлаб ўтайлик: “Авангард”, “Экспрессионизм”, “Поэтик реализм”, “Соцреализм”, “Артхаус”, “Параллель кино”, “Альтернатив кино”, “Италия неореализми”, “Франция янги тўлқини”, “Совет янги тўлқини”, “Немис янги тўлқини”, “Британия янги тўлқини”, “Эрон янги тўлқини”, “Жанубий Корея янги тўлқини”, “Америка янги киноси”, “Мексика янги киноси”, “Догма 95”.

ОЙБЕК ВЕЙСАЛ ЎҒЛИ
киношунос, санъатшунослик фанлари номзоди.

Manba: kinolaboratory