Ўзбекистонда ўрмон фонди ерларини 50 йилгача муддатга ижарага бериш бошланади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикасининг 1999 йил 15 апрелда қабул қилинган “Ўрмон тўғрисида”ги 770-I-сонли қонунига қуйидаги ўзгартишлар киритилиши мумкин:

8-модданинг (Ўрмон фонди ерлари) иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён қилинади:

“Ўрмон фонди ерлари Ўзбекистон Республикасининг фуқароларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда эгалик қилиш, фойдаланиш учун, шу жумладан ижарага давлат-хусусий шериклик асосида ўрмон хўжалиги органлари томонидан 50 йилгача муддатга берилиши мумкин.”;

13-модданинг (Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг ўрмонларни муҳофаза қилиш, ҳимоя қилиш, кўпайтириш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, уларнинг маҳсулдорлигини ошириш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги ваколатлари) биринчи қисми тўққизинчи хатбошисидаги “кесиш, шунингдек асалари уялари ва қутиларини жойлаштириш” деган сўзлари “кесиш” деган сўзи билан алмаштирилади;

31-модданинг (Ўрмондан фойдаланиш):

еттинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён қилинади:

“Ўрмондан қисқа муддатли ёки узоқ муддатли фойдаланиш ҳуқуқини ўрмондан доимий фойдаланувчилар томонидан бериладиган тегишли ҳужжатлар асосида давлат ўрмон фонди участкаларидан фойдаланишни амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахслар ўрмондан вақтинча фойдаланувчилардир.”;

саккизинчи қисмидаги “ўн йилгача” деган сўзлари “эллик йилгача” деган сўзлари билан алмаштирилади;

33-модданинг (Ўрмондан доимий фойдаланувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари) иккинчи қисми саккизинчи хатбошиси чиқариб ташланади;

40-моддадаги (Асалари уялари ва қутиларини жойлаштириш) “Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг рухсатномаси бўйича” деган сўзлари “давлат ўрмон хўжалиги органлари томонидан” деган сўзлари билан алмаштирилади;

45-модданинг (Илмий-тадқиқот, маданий-маърифий, тарбиявий, соғломлаштириш, рекреация ва эстетик мақсадларда фойдаланиш) иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён қилинади:

“Юридик ва жисмоний шахслар томонидан давлат ўрмон фонди участкаларидан маданий-маърифий, тарбиявий, соғломлаштириш, рекреация ва эстетик мақсадларда фойдаланишга ўрмондан доимий фойдаланувчилар томонидан йўл қўйилади.”.

Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 30 апрелда қабул қилинган 598-I-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексига қуйидаги ўзгартиш ва қўшимча киритилади:

20-модда қуйидаги таҳрирдаги тўққизинчи қисм билан тўлдирилади:

“Фойдаланилмаётган ўрмон фонди ерларида янги ўрмонзорлар ва доривор ўсимликлар плантацияларини барпо этиш мақсадида фойдаланиш учун Ўзбекистон Республикасининг фуқароларига давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ўрмон хўжалиги органлари томонидан 50 йилгача муддатга ижарага берилиши мумкин.”;

76-модданинг учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён қилинади:

“Фойдаланилмаётган ўрмон фонди ерларида янги ўрмонзорлар ва доривор ўсимликлар плантацияларини барпо этиш мақсадида фойдаланиш учун Ўзбекистон Республикасининг фуқароларига давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ўрмон хўжалиги органлари томонидан 50 йилгача муддатга ижарага берилиши мумкин.”.

Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 17 декабрда қабул қилинган “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги ЎРҚ-191-сонли Қонунига қуйидаги қўшимчалар киритилади:

38-моддаси:

иккинчи қисмидаги “Рекреация зоналари” деган сўзларидан кейин “Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси,” деган сўзлари қўшилади;

қуйидаги таҳрирдаги учинчи қисм билан тўлдирилади:

“Давлат ўрмон фонди ерларида рекреация зоналари Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси қарори билан ташкил этилади.”.