СИМФОНИК МУСИҚА ОҒУШИДА (46 сон)

by O'zbekiston adabiyoti va san'ati gazetasi
СИМФОНИК МУСИҚА ОҒУШИДА (46 сон)


Ҳафта бошида XXI аср мусиқа санъати муаммоларига бағишланган халқаро илмий-амалий конференция қатнашчилари ишига “оқ йўл” тилаган Ўзбекистон давлат консерваториясида яна бир тарихий анжуман — бешинчи халқаро Симфоник мусиқа фестивали ўз ишини бошлади. Фестивалда ўндан ортиқ хорижий мамлакатдан йигирма нафарга яқин таниқли композитор ва дирижёр иштирок этмоқда.

Тадбирнинг очилиш куни бўлиб ўтган симфоник мусиқа концертида Рашид Калимуллин (Россия), Андриан Петут (Австралия), До Хонг Куан (Вьетнам), Муратбек Бегалиев (Қирғизистон) каби чет эллик композиторлар ҳамда Мирсодиқ Тожиев, Рустам Абдуллаев, Ҳабибулла Раҳимов, Мустафо Бафоев каби ўзбекистонлик ижодкорларнинг асарлари янгради. Ўзбекистон халқ артисти Исмоил Жалилов раҳбарлигидаги Миллий симфоник оркестр (дирижёр Алибек Кабдураҳмонов) ижросида янграган куйлар мухлисларга завқ ва кўтаринки кайфият бағишлади.

— Беш кун давом этадиган анжуман катта ташкилий ва ижодий жараённи қамраб олган, — деди Композиторлар ва бастакорлар уюшмаси раиси, фестиваль бош директори Рустам Абдуллаев. — Консерваторияда ва уюшмамиз залида Ўзбекистон ва жаҳон композиторларининг симфоник асарлари, камер чолғу мусиқаси, халқ чолғулари оркестри учун яратилган асарлардан тузилган концерт­лар бўлиб ўтади. Чет эл композиторлари билан ижодий учрашувлар, маҳорат дарслари ўтказилади, ҳамкорлик меморандуми имзоланади. Ушбу халқаро тадбирнинг уюшмамиз фаолиятига 80 йил тўлиши арафасида ўтказилаётгани ҳам рамзий маънога эга. Симфоник мусиқа шинавандалари учун бу фестиваль катта ­совға бўлганига ишонаман.

Дарҳақиқат, фестиваль давомида намойиш этилган симфоник ва камер мусиқа концертлари, “Суғдиёна” халқ чолғулари камер оркестри, “OMNIBUS” ансамбли, давлат Академик халқ чолғулари оркестри концертлари, Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театрида қўйилган Анвар Эргашевнинг “Ҳумо” балети, Рустам Абдуллаевнинг “Садоқат” операси чет эллик меҳмонлар ва юртимиз санъатсеварлари томонидан қизғин қарши олинди.

Шунингдек, фестивалга чет давлатлар композиторлар уюшмалари ва ассоциациялари раҳбарлари ҳам таклиф этилган. Улар билан ижодий ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва мустаҳкамлаш борасидаги вазифалар, жумладан, икки томонлама дўстлик учрашувлари ўтказиш, фестиваль, концертлар, симпозиум ва конференцияларни мунтазам ўтказишни йўлга қўйиш, композиторлик ижодиётини янада такомиллаштириш, мусиқа ­тарғиботини жадал ривожлантириш каби долзарб масалалар келишиб олинди.

* * *

Бугун Ўзбекистон давлат консерваторияси катта залида фестивалнинг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтади. Тадбирда Айдин Самими (Эрон), Моисес Бертран (Испания), Артиқ Токсанбоев (Қозоғистон), Ян Мейсл (Чехия), Азер Дадашов (Озарбайжон), Тўлқин Қурбонов, Феликс Янов-Яновский, Нуриддин ўиёсов, Мирхалил Маҳмудов каби композиторларнинг асарлари янграйди. Ўзбекистон Миллий симфоник оркестри ижросидаги мусиқалар давомида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Адиба Шарипова, халқаро танловлар ­совриндори Раҳим Мирзакамолов ва чехиялик Ян Мейсл солист сифатида иштирок этадилар.


Г.УМАРОВА

November 15, 2018
by Jasurbek TOJIBOYEV