МЕНГА ПУЛ КЕЛДИ (ҳикоя) (46 сон)

by O'zbekiston adabiyoti va san'ati gazetasi
МЕНГА ПУЛ КЕЛДИ (ҳикоя) (46 сон)

Ишга келдим. Компьютерни очдим. Почтамга кирдим. Хат келибди, Наталья Скороходовадан. Бирдан юрагим ўйнаб кетди. Ё Оллоҳ, қудратингдан!

 Наталья Скороходова деганлари менинг “нажот фариштам”. Ҳар бир ярим, икки ойда “йўқлаб” туради. Экранда акс этган салом-аликни ўқиб-ўқимай, асосий муддаони изладим: О- о, уч юз доллар!!! Ростдан ҳам уч юз долларми? Ҳа, уч юз доллар, ана учдан кейин иккита ноль турибди. Эҳ, айланиб кетай, ўзимдан. Қўлларимни бир-бирига қарсиллатиб урдим. Ё адашишдими? Лаҳзада бир сесканиб, сапчиб тушдим. Авваллари ўттиз ё эллик доллар жўнатишарди — шунгаям димоғим осмонни ёриб, банкка югургилардим.

 Жўнатмани дарҳол принтердан чиқариб олдим-да чўнтакка урдим, шундай қилмасам жўнатма ўчиб, йўқолиб кетадигандай, худди уч юз доллардан ажраб қоладигандай ўрнимдан шаҳд туриб йўлакка отилдим — банкка ошиқдим. Таҳририят эшиги олдида бош ҳисобчига дуч келдим, шаштимдан уни уриб йиқитиб, йўлдан улоқтириб юборар ҳолатда бўлсам керак, у деворга қисиниб, менга ажабсиниб қараб, йўл берди:

— Йўл бўлсин, милтиқдан учган ўқдай бўлиб... — деди шунда ҳам пичингни канда қилмай.

— Банкка!!! Нимайди?

— Ўзим. Мен бирор кор-ҳол юз берибдими, дебман.

 У атай, жиғимга тегиш учун кўйлагининг олд тугмасини ечиб, кўксига туф-туфлаб қўйди.

— Одамми капалагини учириб юбордингиз-а... Хонангизда зилзила бўлиб, шундан қочиб чиқдингизми, деб ўйладим.

— Мана!

 Ён чўнтагимдан “жўнатма”ни олиб узатдим.

 У қоғозга бирпас тикилиб турди, сўнг менга анграйиб қаради:

— Зўр-ку...

— Жудаям зўр. Москвадан келди. “Камертон” журналидан. Ўзиям иккита даҳшат ҳикоямни босишувди-да. Улар чинакам асарнинг баҳосини билишади. Сизларга ўхшаб қурумсоқ-қиртнов эмас. Романим чиқсаям шимилдириқ ҳам бермайсизлар. Кўрдингизми, Москвани ҳам забт этаяпман!

— Бирорта ноль-полни хато қўшиб юборишмадимикан? Олдинлари йигирма, ўттиз доллар келарди-ку, — деди у синиқ товушда.

— Ноль-полни сиз қўшиворасиз. Улар хато қилишмайди.

 Бош ҳисобчи яна сўз отмоққа шайланувди, оғзига банд солдим:

—          Бугун сиздан ҳам, анави ёрдамчи хонимингиздан ҳам қарзимни узаман. Окей!

— Ок... Окей...

 Бош ҳисобчининг гапини бўйнига илгак қилиб илдим, бўғзида тиқилиб қолди.

 Кўчага чиқдим. Кайфиятим баланд, бош осмонда. Ўзимча жилмайиб қўяман. Ана банк, йўлнинг нариги четида. У ердагилар ҳам мени таниб қолишган. Икки йилдирки онда-сонда бош суқиб йигирма-ўттиз доллар олиб кетаман. Банк ходимаси компьютерни титкилаб тўловнома ёзиб бераркан, олис Руссиядан аллақандай Натальянинг каминага пул жўнатиб туриши унга умуман қизиқмасдай туюлади, эътибор ҳам бермайди, мен ҳам чурқ этмай қоғозни олиб касса туйнуги олдида ҳозир бўламан. Тўғри-да, оператор қизга нима қизиғи бор, қанчалаб Ольгаю Марусалар номидан шунчалаб Эшмат-Тошматларга пул   келиб турадиган маблағхонада сен  билан бировнинг нима иши бор?

 Бугун айтаман, ҳар ҳолда каминанинг ёзувчилиги-ю, Москванинг манаман      деган нашрларида асарларим босилиб, қалам ҳақи келиб туришини у ҳам билиб қўйсин. Бугун банк ишлармикин? Нега ишламайди? Иш куни-ку — чоршанба. Анави валюта бўлими-чи? Қайси бир гал борганимда қайтариб юборишувди,   компьютер кўрсатмаяпти, тармоқ носоз дейишганди. Ўлдими, бугун ишлаётгандир. Худо хоҳласа, пулни олсам, халқ артисти билан тушлик қиламан, йилнинг энг яхши драматурги бўлдинг, қачон ювасан деб ҳоли-жонимга қўймагандан кейин, бир гап бўлар, деб айнан шу бугун тушликни ваъда қилувдим. Истаса майли, ёнига икки-учта такасалтангни ҳам тақиллатиб етаклаб келаверсин. Пешиндан сўнг шифохонага бориб устозни кўриб қўяман, емак-ичмакни босиб оламан. Хурсанд бўлади. Кечқурун Алимқулнинг туғилган куни, шўрликка бирор яхши туфли, бўйинбоғ билан оқ кўйлак оламан. Э-е-ей, журналда ишлайдиган Солижон акамиз қизини эрга   бераяпти. Эрталаб ош. Майли, эллик доллар ҳадя қиламан. Ўғлимни уйлантираётганимда уззукун ёнимда бўлди. Оқибатли одам. Демак, икки юз доллар қулоғини ушлаб кетади. Юзини эса кечқурун хотинга бераман. Эрталаб нимадир деб жавраётувди. Кўнгил қоронғу тортди.

Кенг-мўл залда уч юз долларнинг эпкини эсгандай бўлди, кўнгил яна ёришди. Кошонанинг бошдан то охиригача чўзилган узун стол ортида бирам ажойиб ва гўзал бўлиб ўтирган йигит-қизларга худди ичимда улкан ғаройиб сирни яширган одам каби жилмайиб қарайман. Тепасига 6 рақами илинган ўриндиққа бориб ўтираман. Озода ва пўрим банк кийими ўзига жудаям ярашган қизга паспортимни узатаман. Қиз тўлов қоғози билан паспортимни солиштириб компьютерни титкилайди. Бепарвогина нималарнидир ёза бошлайди.

— Менга пул жўнатишибди. Қалам ҳақи. Журналдан.

 Қиз менга жилмайиб қараб қўяди ва яна компьютерга “кириб кетади”.

—          Ёзувчиман, — дейман андак оғриниб.

—          Биламан, — дейди қиз экрандан кўз узмай.

—          Э-э-ей, биласизми? — дейман ажабсиниб.

—          Биламан... Олдинлари кам жўнатишарди. Бу галгиси яхши, — дейди қиз ҳамон икки кўзини қаршисидаги матоҳдан узмай.

Ҳафсалам пир бўлади. Дими-дирс қоламан.

— Манави қоғозни олиб кассага беринг.

— А-а? Хўп.

Ойнадевор ортида ўтирган қизга рўбарў келаман. Туйнукдан қўлимдаги қоғозни узатаман. У қоғозга синчиклаб разм солади ва менга сирли карашма билан боқиб жилмайиб қўяди-да, қоғозларга тарсиллатиб муҳр уради, тағин менга қайтаради.

— Имзо чекинг. Бир нусхаси ўзингизда қолсин.

Қиз дик этиб ўрнидан туради-да, қопоғон итни қамаб қўйса бўладиган каттакон пўлат сандиқни очади. Лаҳзада тахлам-тахлам долларга кўзим тушади. Юрагим бир увишгандай бўлади, шунча доллар-а... Шу қуриб кетгурларни кимларгадир берса керак-да...

Қиз пўлат сандиқдан қати бузилмаган, бир тахлам юзталикни олади. Кўз ўнгимда унинг тахини бузади-да, саноқ аппаратига қўяди: машина шиғиллатиб уни санаб ташлайди — юз дона, юз долларлик. Қиз эринмай уни махсус резина ришта билан танғиб боғлайди. Тортмага ташлаб қўяди. Яна пўлат сандиқ сари юзланади. Тағин бир тахлам юз долларликни шиғиллоқ аппаратга қўйиб санайди, бунисиниям тортмага уради. Жаҳлим чиқади. Қаршингдаги одамми, ким, эътибор ҳам қилмайсан-а? Шунчалик ҳам шишасанми! Ортингдаги пўлат қопқонга қамалган девнинг дамидан зўрайиб кетиб, елкангдан нафас олаётган бўлсанг ҳам аввал мени жўнатвор, кейин нима қилсанг қиласан ойимқиз, санайсанми, бошқа нарса қиласанми, ўзинг биласан. Йўқ, қизнинг парвойи палак. Оббо, яна ўша совуқ сандиққа қўл чўзди. Очди. Тоқатим тоқ бўлди, томоқ қирдим. Қиз худди мени таҳқирлагандай қилиб бир тахлам долларни очиб саноққа юз бурувди, чидаб туролмадим.

— Менга қаранг, бунча имиллайсиз? Мен сизни томоша қил-и-и-б, маҳлиё бўлиб ўтиравераманми?

 Қиз кўзларини пирпиратиб қаради. Мени эндигина кўриб тургандай таажжубланди. Ўлганнинг устига тепгандек табассум ҳам қилди. Уфф тортиб юзимни тескари бурдим, аппаратнинг шиғиллаган овози миямни тешиб ўтди. Нимадир тап этди. Илкис қарадим. Туйнук раҳида ҳалиги уч тахлам юз долларлик турибди.

— Марҳамат, олинг. Ҳаммаси тўғри.

Мен ҳангу манг бўлиб гоҳ қизга, гоҳ ойна девор тагидаги туйнукдан ярми чиқиб турган уч тахлам долларга қарайман.

— Хоҳласангиз шу ерда санаб кўринг.

Мен беихтиёр пулга қўл чўзаман. Кафтим қизиб, кўз олдим қоронғилашиб кетади, чап кўксимда оғриқ туради, сонияда олам ёришиб қаршимда жовдирабгина, менинг руҳий аҳволимни пайқамаган қизни кўраман.

— Нима бу? — дейман ички алам билан.

— Сизнинг пулингиз, ўттиз минг доллар, — дейди қиз.

— Яхшилаб қаранг, мана, ўқиб кўринг, — дейман сўл қўлимдаги тўлов қоғозининг бояги нусхасини унга узатиб. Ўлмайиннинг кўйида илжайиб тураман.

 Қиз қоғозга синчиклаб қарайди.

— Э-й-е-й..., — унинг ботинидан иҳроқли, синиқ бир сас отилади. Туйқус оппоқ чеҳраси чўғдай қизариб кетади.

Мен қўлимни куйдириб, юрагимни ўйнатиб турган уч боғ долларни қизга базўр қайтараман. Қиз шўрлик кафти билан юзларини тўсиб ўриндиққа мук тушади. Айни тоб негадир ўзимга ҳам, қизга ҳам ачиниб кетаман.

— Мана, олинг, уч юз доллар...

Туйнук ортида уч донагина титраб турган “кўки”га қўл узатаман.

 Бир оздан сўнг гавжум кўчада ўзимни дадил ва бардам тутиб ишхонамга қайтаман. Чап кўксим чимиллаб-чимиллаб оғриб қўяди.

Қўчқор НОРҚОБИЛ

November 17, 2018
by Jasurbek TOJIBOYEV