“Турон” кутубхонасининг 100 йиллиги (46 сон)

by O'zbekiston adabiyoti va san'ati gazetasi
“Турон” кутубхонасининг 100 йиллиги (46 сон)

“ТУРОН”ДА КЕЧГАН КУНЛАРНИ ЭСЛАБ

“Турон” кутубхонаси, унинг тарихию тавсифи ҳақида илк бор устоз Озод  Шарафиддиновдан эшитиб эдим. Уларнинг оиласи Қўқондан Тошкентга кўчиб келиб, Эскижўва мавзесидан макон топганида саккиз ёшлик Озоджон хонадонларидан ярим чақирим нарида жойлашган “Турон” кутубхонасининг кунда-шундасига айланади. Бу қутлуғ маданият маскани ўспирин тақдирида ўчмас из қолдиради. У икки йил давомида “Турон”да сақланаётган ўзбек тилида чоп этилган барча адабий-бадиий асарларни ҳатм қилиб чиқади. Сўнг рус тилидаги китоблар дунёсига шўнғийди.

Тақдир тақозосини қарангки, камина оиламиз билан Тошкентга кўчиб келганимизда устоз илк макон топган масканга қўшни таниш хонадон ҳовлисида яшай бошладик. Бундан хабар топган устоз ҳазил аралаш “Яшаш, ишлаш, муҳими, ўқиш, ёзиш учун қулай жойни топибсиз”, деб каминани чин дилдан қутлаган эди.

Эскижўванинг шундоқ биқинида – Маҳсидўзлик кўчасида жойлашган “Турон” кутубхонасидаги Озод ака нигоҳи тушган нодир китобларни мутолаа қилиш каминага ҳам насиб этди. Умримнинг энг тотли саккиз йили айни шу қутлуғ даргоҳда кечди.

Ўша кезлари “Турон” тарихи билан ҳам таниша бошладим. “Тошкент” қомусида қайд этилганидек, бу маскан 1918 йили республикамиздаги энг йирик кутубхоналардан бири, илмий-маърифий муассаса, мустақил оммавий кутубхона сифатида очилган. Ўтган аср бошида майдонга чиққан Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний, Абдулла Қодирий, Чўлпон, ўулом Зафарий,   Шокиржон Раҳимий, Маннон Уйғур каби тараққийпарвар зиёлиларни бирлаштирган, Ватан ва миллат озодлиги учун   курашда муносиб ўрин тутган маънавий муҳит айни шу ерда – шу масканда шаклланганидан огоҳ бўлдим.

Қарангки, бу кутубхона таъриф-тавсифи бадиий асарлар саҳифаларидан ҳам ўрин олган. Улуғ адиб Абдулла Қодирий қаламига мансуб ўтган аср 20-йилларида дунё юзини кўрган “Калвак махзумнинг хотира дафтаридан” ҳажвий юмористик асарида довдир, калвак, ҳаёт янгиликларидан ортда қолган Махзумнинг “Турон” кутубхонасидаги кулгили кечинмалари моҳирона гавдалантирилган. Бу ерда ўрнатилган янгича тартиб-интизом, ходимларнинг кийинишидан тортиб хизмат кўрсатиш одобигача – барчаси Махзум учун ғайритабиий туюлади ва бу даргоҳда у ўзини буткул бегона ҳис этади. Орадан салкам саксон йил ўтиб аср поёнида битилган Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Бозор” романидаги воқеалар ҳам айни шу Эскижўва бозорида, “Турон” кутубхонасида рўй беради. Бозор одами Фозилбек ва кутубхона хизматчиси Қадрия орасидаги ҳаётий, ишқий мулоқотлар китобхонни ўй-мушоҳадалар гирдобига тортади. Асарда маънавият билан бозор оқилона туташган жойдагина чинакам тотув ҳаёт, тараққиёт бўлиши мумкин, деган эзгу ғоя илгари сурилади. Қарангки, “Турон”дек буюк маскан бугунги бозор иқтисодига оид ўткир муаммолар талқини учун ҳам мавзу, ҳам ноёб манба бўлиб келаётир.

Кутубхона мудири Вазира опамиз ташаббуси билан ўша кезлари бу ерда мунтазам ўтказилган адабий анжуманлар, таниқли адиб ва адабиётшунослар гурунглари, янги нашрдан чиққан      китоблар тақдимотлари куни кечагидек ёдимда. Айниқса, устоз Озод Шарафиддинов таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан уюштирилган беназир анжуман ҳамон кўз олдимда гавдаланади. Устоз оғир хасталигига қарамай тадбирда иштирок этган, шу даргоҳда кечган болалик кунларига доир ёрқин хотираларидан ёниб сўзлаган эди. “Мен шу кунга қадар адабиёт дунёсида нимагаки эришган бўлсам, барча ютуқларимнинг пойдевори мана шу маскандир” деганида, тингловчилар қарсакларидан ўқув зали ларзага келган эди.

Адашмасам, Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Бозор” романи илк муҳокамаси ҳам айни шу масканда ўтказилган, китоб шайдоларининг олқишига сазовор бўлган эди.

Тошкент шаҳрининг Эски шаҳар мавзеини қайта қуриш муносабати билан “Турон” кутубхонаси бузилиб, 2008 йили янги бинога кўчди. Табаррук    кутубхона янги маскан – Яшнобод тумани Оҳанрабо кўчаси 1-бинода юз йиллик анъаналарига, асл номига содиқ қолган ҳолда Тошкент вилояти илмий универсал кутубхонаси сифатида янги шароитга мос тарзда ўз фаолиятини давом эттираётир.


Умарали НОРМАТОВ,

филология фанлари доктори,

профессор,

Ўзбекистон Республикаси фан арбоби

November 18, 2018
by Jasurbek TOJIBOYEV