ДИЛТОРТАР УЧРАШУВЛАР (46 сон)

by O'zbekiston adabiyoti va san'ati gazetasi
ДИЛТОРТАР УЧРАШУВЛАР (46 сон)

Ўлкамиз оёқлаб бораётган кузнинг латиф либосига бурканган. Тўйимли ҳаво қуёшнинг илиқ тафтига қўшилиб, вужудингизга ёғдай сингади. Ўрим-йиғим якунланган далалар беланчакда ухлаётган боладай ором оғушида. Пахтакорларнинг заҳматли меҳнати ҳисобига етиштирилган ҳосилни нес-нобуд қилмай териб олиш ишлари ниҳоясига етмоқда. Теримчилар меҳнатига ҳақ тўлашнинг бу йилги миқдорлари кўпчилик оилаларга қўшимча даромад келтираётир. Ҳашарчилар сув танқислигига қарамай далаларда мўл ҳосил яратган пахта усталарини қўллаб-қувватлаб туришибди.

Бундай пайтда адабиёт ва санъат аҳлининг дала меҳнаткашлари ёнида бўлиши, уларни маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаши мамлакатимизда яхши анъанага айланган. “Жаҳон адабиёти” журнали таҳририяти аъзолари ҳам шу кунларда Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятида сафарда бўлишди. Дала меҳнаткашлари, фахрийлар, таниқли ижодкорлар, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи фаоллари, математика бўйича Муҳаммад ал-Хоразмий номида Урганч шаҳрида ўтказилган биринчи хал­қаро олимпиада иштирокчилари билан бўлган суҳбатлар ижодкорлар қалбига чўғ ташлаб қўйган бўлиши шубҳасиз.

Очиқ осмон остида жойлашган тарихий музей-шаҳар — Хивага саёҳат, яқин ўтмишимизнинг тилсиз гувоҳи бўлмиш, мозий нафаси сезилиб турган ноёб обидалар тарихи ҳақидаги ҳикоялар сафарчиларда катта таассурот қолдирди. Хоразм, Хива тарихи билан боғлиқ кўплаб асарлар “Жаҳон адабиёти” саҳифаларида эълон қилинган, шу ерда нашрга тайёрланган. Аммо ёзилган асарлар қўлёзмаларини ўқиш бошқа, яқин ўтмишнинг не-не сир-синоатларига гувоҳ бўлган, салобатини бугун ҳам йўқотмаган, улуғ алломаларнинг табаррук излари тушган ноёб ёдгорликларни кўз билан кўриш, таъсирланиш ­бошқа. Давлатимиз раҳбарининг қарорига биноан, мамлакатимизда сайёҳликни янада ривожлантириш бўйича муҳим чора-тадбирлар белгиланган. Жумладан, жорий йилнинг 15 июлидан бошлаб дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакатлари фуқароларига Ўзбекистонга келиш учун электрон виза бериш йўлга қўйилди. “Дунёнинг йигирмадан ортиқ мамлакатларида бўлганман, аммо Ўзбекистонга келиш, мўъжизавий Хивани кўриш мен учун умримнинг энг ёрқин лаҳзаларига айланди”, дейди марселлик сайёҳ биз билан суҳбатда.

Қўшни Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманидаги “Умрбек-Маъсурбек” фермер хўжалиги пахта далаларида ўтказилган учрашув меҳмонларнинг ҳам, мезбонларнинг ҳам кўнглини кўтарди. Қадим анъанага кўра тушлик чоғи куй-қўшиқ, шеърхонлик авжига чиқди. Илғор теримчиларга таҳририятнинг совғалари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси “Ижод” фонди ҳомийлигида нашр этилган китоблар ҳадя қилинди. Тўрткўл тумани ҳокимлиги билан бу ерда қурилажак ёшлар марказида “Жаҳон адабиёти” журналининг кутубхонасини ташкил этишга келишиб олинди, ёшлар етакчиси Умиджон Аллабергеновга журналнинг икки йиллик тахлами, янги китоблар топширилди.

— Давлатимиз раҳбари ёшлардаги ташаббускорликни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашни, улар учун зарур шарт-шароитларни яратиб беришни олдимизга ғоят масъулиятли вазифа қилиб қўймоқдалар, — дейди туман ҳокими Неъматулла Худойберганов. — Бу ерда илмга чанқоқ, тадбиркор, ижодкор ёшлар кўп. Уларни бирлаштириш, бирор фойдали иш билан банд бўлмаган, ҳаётда ҳали ўз ўрни ва йўлини топмаган йигит-қизларни ижтимоий фаолликка чорлаш, меҳнатсеварликка ўргатиш олдимизда турган муҳим вазифалардан бири. Бунда ижодий, маънавий-маърифий тарғибот ишларини янада кучайтириш, адабиёт ва санъат аҳли билан доимий равишда ҳамкорлик қилиш, жаҳон адабиётининг дурдона асарларини ўзбек тилида ўқиб бориш муҳим аҳамият касб этади.

Уч кунлик сафар давомида журналхонлар “Жаҳон адабиёти”да эълон қилинаётган бадиий асарлар таржимасини янада такомиллаштириш, янги-янги мавзуларга қўл уриш, ўқувчиларнинг бадиий-эстетик дидини оширишга, ўтмиш тарих воқелигини янада теран ва аниқ анг­лашга хизмат қиладиган асарларга алоҳида эътибор бериш тўғрисида таклифлар ҳам билдирдилар. Бу фикр-мулоҳазалар мамнуният билан қабул қилинди.


М. АҲМАДЖОНОВ

November 18, 2018
by Jasurbek TOJIBOYEV