XХI АСР МУСИҚА САНЪАТИ (46 сон)

by O'zbekiston adabiyoti va san'ati gazetasi
XХI АСР МУСИҚА САНЪАТИ (46 сон)

Мустақиллик йилларида бошқа йўналишлар қатори мусиқа соҳасига ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Ана шу эътиборнинг самараси ўлароқ, мумтоз ва халқ қўшиқлари, замонавий қўшиқчилик санъати янада ривожланиш сари юз тутди. Бу борада Ўзбекистон давлат консерваториясида амалга оширилаётган турли мусиқий тадбирларнинг ўрни алоҳида.

Ҳафта бошида ўз ишини бошлаган “XXI аср мусиқа санъати: муаммо ва ечимлар” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция мусиқа санъати соҳаси олдида турган муаммоларга ечим топиш йўлларига бағишлангани билан аҳамиятлидир. Анжуманнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Маданият вазири, Консерватория ректори Бахтиёр Сайфуллаев турли давлатлардан ташриф буюрган мусиқашунослар ва юртимиз аҳлини катта халқаро тадбир билан қутлар экан, жумладан, шундай деди:

— Ўзбекистон мусиқа санъати чуқур илдизларга эга. Юртимизда анъанавий мақом ижрочилиги, бахшичилик, мавриги, фольклор, шунингдек, профессионал композиторлик санъати, профессионал эстрада ҳам жадал ривожланишда. Мусиқада қўлга киритилаётган ютуқлар, шубҳасиз, давлатимизнинг бу соҳага эътибори натижасидир. Шундай шароитда композиторлик ижодиёти ва анъанавий санъат, янги жанр ва шаклларнинг пайдо бўлиши, ижрочилик мактабларининг ривожланиш жараёни, мусиқа маданиятига инновацион технологияларнинг таъсири каби муҳим масалалар хусусида фикр алмашиш имконини берувчи анжуманлар, албатта, зарур.

Тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Ўзбекистондаги Британия кенгаши раиси Р.Айлен, Қозоғистон Композиторлар уюшмасининг экс­президенти Б.Қидирбек, Тожикистон Композиторлар уюшмаси раиси Х.Низомов мазкур анжуманнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб, барча иштирокчиларга омад тиладилар.Консерваториянинг илмий ишлар бўйича проректори С.ўафурова модераторлигида ўтган ялпи мажлисда А.Пертоу (Австралия), До Хонг Куан (Вьетнам), Ф.Машурова (Қозоғистон), Р.Абдуллаев, О.Иброҳимов, Н.Янов-Яновская (Ўзбекистон) ўз маърузалари билан иштирок этишди.

Илмий-амалий анжуман қатнашчилари “XXI аср композиторлик ижодиёти: муаммо ва ечимлар”, “Ижрочилик масалалари: тарих, назария ва амалиёт”, “Мусиқий педагогикада инновацион услублар ва технологиялар”, “Фольклор ва анъанавий мусиқа масалалари”, “Мусиқашуносликнинг тарихий-назарий масалалари” каби шўъбаларга бўлиниб иш олиб бордилар.

Анжуман ишида ўзбекистонлик профессор-ўқитувчилар, илмий ходимлар, мустақил изланувчилар, мутахассислар билан биргаликда Жанубий Корея, Австралия, Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Озарбайжон каби давлатлардан келган олимлар ҳам маъруза билан қатнашди. Ушбу анжуманга топширилган юздан ортиқ мақолалар илмий тўплам тарзида чоп этилди.

                                                                                             

* * *

Шу куни кечқурун Консерваторияда яна бир тадбир бўлиб ўтди. Катта залда таниқли композитор, кўплаб халқаро ва республика танловлари лауреати Дилором Сайдаминованинг муаллифлик концерти бўлди. Композиторнинг етук асарларидан тузилган дастурда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Камолиддин Ўринбоев раҳбарлигидаги ёшлар симфоник оркестри, ёшлар хор жамоаси (хормейстер Ю.Ҳуснутдинова) ҳамда солист, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Адиба Шарипова қатнашди.


Ўз ахборотимиз

November 18, 2018
by Jasurbek TOJIBOYEV