Тақдирнинг инояти

Замонавий ҳайкалтарошлик мактабининг етакчи вакилларидан бири Қурбон Норхўрозов қадим санъат сирларини таниқли рассомлар Анвар Раҳматуллаев ва Улуғбек Мардиевдан ўрганди. Мамлакатимиз мустақиллиги рассом ижодига янги мазмун ва моҳият бахш этди. Миллий анъаналарга бой маҳобатли ҳайкаллар хиёбонлар ва боғларга ўзгача файз бағишлашида Қ.Норхўрозовнинг ҳам ҳиссаси бор. Рассом асарларини кузатар эканмиз, у ҳайкалтарошлик санъатида ўзига хос ижод услубига эга эканлигининг гувоҳи бўламиз. Ижодкор ёғоч, бронза, мис, шамот каби материаллардан асарлар ишлар экан, уларнинг ҳар бирига меҳр билан сайқал бериб, мукаммал санъат асари даражасига етказади. Замон воқеа-ҳодисаларига бефарқ бўлмаган ҳайкалтарош бугун ҳам фаол изланишда. Суҳбатимиз ижодкорнинг болалиги ҳақидаги ҳикоясидан бошланди.

— Қашқадарё вилоятининг Чироқчи тумани, Сўфи қишлоғида туғилганман. Ўзбек оилаларининг анъанасига кўра бувимнинг (отамнинг онаси) қўлида тарбия топганман. Бувим ҳар кеч ухлашимиздан олдин турли эртаклар, ривоятлар, достонлар, қиссалар айтиб берарди. Бувим образга кириб, жонли сўзларди, эртакдаги қаҳрамонлар гўё атрофимизда юргандек таассурот уйғотарди. Бора-бора бувим таърифлаган тойчоқ, отлар, дарёлар, дарахтлар, эртак қаҳрамонларининг расмини чизиш севимли машғулотимга айланди. Бошланғич синфда ўқиётган пайтим Холмон муаллим деворга осилган тахта олдига чиқариб, табиат манзарасини чизишни буюрди. Ўшанда ўзимни рассомдек тутиб, манзарани аниқ ва чиройли чиздим. Уйга вазифа берилганда ҳам табиат манзарасини чизиб бордим. Устозим расмимни ўқувчиларга кўрсатиб, роса мақтади. Мақтовдан руҳланиб, яна суратлар чиздим, рассомликка қизиқишим ортиб борди. Яхши кўринган расмларни “Гулхан” болалар журналига жўнатдим. Расмларим босилмаган бўлса-да, таҳририятдан жавоб хатлари келган. Унда чизишдан тўхтамаслигим, янада яхши ишлашим ҳақида ёзилганди. Мактабни тугатган йили П.Беньков номидаги рассомлик билим юртига ўқишга киролмадим. Икки йил ҳарбий хизматда бўлдим. Очиғи, олий ўқув юртига киришим осон кечмади. Бахтимга, 1977 йили Театр ва рассомлик санъати институти қошида тайёрлов курси очилди. Икки йил тайёрлов курсида ўқиб, ўқишни давом эттирдим.

Ўқиш даври ва ундан кейинги йиллар ижодкор кўплаб асарларни мухлисларга тақдим этди. Миллий анъаналарга асосланган ва қисман янги шакл-шамойил касб этган ўз йўналишини, услубини яратди. “Келинчак”, “Она замин”, “Замон садоси” сингари асарлари мамлакатимиз галереяларидан ўрин олган. Айниқса, ўрик ёғочидан ясалган “Она замин” асари Тасвирий санъат галереясини безаб турибди.

Термиз шаҳридаги “Алпомиш” ҳайкалини ишланганига ҳам ўн саккиз йилдан ошди. Халқимизнинг афсонавий қаҳрамони образини янада мукаммалроқ яратиш устидаги соҳа ходимларининг баҳс ва мунозаралари якунлангач, янги ғоялар асосида халқ қаҳрамонининг маҳобатли қиёфаси эскизини яратиш рассомга тинчлик бермади. Мана, яқин ўн бир ойдан буён у улкан ҳайкалтарошлик мажмуаси устида ишламоқда. Усти ёпиқ, атрофи очиқ айвонда гипсдан ясалган Алпомиш от устида, гўё учиб кетаётгандек...

— “Алпомиш” достони болалигимдаёқ қалбимга сингиб кетган, десам муболаға бўлмас, — дейди мусаввир. — Биз болалар камон ясаб, Алпомишга тақлид қилиб, қир-адирларда чопганимиз кечагидек эсимда. Тақдирнинг иноятини қаранг, йиллар ўтиб мен бир бўз бола ҳайкалтарош бўлиб, Алпомишнинг минг йиллик юбилейига бағишланган ёдгорлик яратиш жараёнида қатнашганимдан қувонаман. Бугун Алпомишнинг маҳобатли ҳайкали узоқ муддат туришини ҳисобга олиб мисдан ясаяпман. Баландлиги беш ярим, узунлиги етти метр бўлган ҳайкалтарошлик мажмуаси ўн метрли устунга ўрнатилади. Умумий баландлиги эса ўн беш ярим метр. Ҳайкал мухлисларга ёқади, деган умиддаман.

— Ҳайкалтарошлик санъат турлари ичида энг машаққатли соҳа бўлиб, ҳам руҳан, ҳам жисмонан оғир меҳнатни талаб қилади. Рангтасвирда ижод қилганингизда ижодингиз кўлами бундан ўзгача бўлармиди... Афсусланмайсизми?

— Махсус тайёрлов бўлимида Раҳим Ризомуҳамедовдан рангтасвир сирларини чуқур ўрганиш билан бирга, ҳайкалтарошлик эскизларини ҳам чизардим. Институтга қабул бошланганда тайёрлов курсидан чекланган миқдорда ўқувчилар қабул қилингани учун рангтасвир бўлимида ўрин бўлмаган. Шунда ҳайкалтарошлик бўлимига олишган. Шундай бўлдики, ўқиш, ижодий ишлаш жараёнида дунё миқёсида рангтасвир ва ҳайкалтарошликда (бошқа йўналишларни камситмаган ҳолда) томошабинлар қалбига кириб борадиган ҳақиқий,   фалсафий санъат намуналарини яратиш мумкин экан, деган хулосага келдим. Эҳтимол, рангтасвирчи бўлганимда асарларим сони кўпроқ бўлиши мумкин эди. Лекин ҳайкалтарошлик асарларим озми-кўпми чет эл галереяларидан, Англиядаги “Замона” галереясидан ўрин олганидан кўнглим таскин топади.

Мустақиллик йилларида санъатнинг барча соҳалари қатори ҳайкалтарошлик ҳам ривожланмоқда. Бу соҳанинг келажаги ҳақида қандай фикрдасиз? Ҳайкалтарошликда устоз-шогирд анъаналари қандай давом этяпти?

— Дарҳақиқат, Соҳибқирон Амир Темур (Илҳом Жабборов асари) ҳайкали мустақиллик шарофати билан бунёд бўлди. Улуғ шоирлар Алишер Навоий ва Бобур ҳайкаллари ўрнатилди, атрофи боғу бўстонга айланди. Шу кеча-кундузда ҳар бир вилоят ва шаҳарда буюк алломаларимизнинг ҳайкаллари ўрнатиляпти. Айниқса, 2018 йили бир қатор атоқли шоир-ёзувчиларнинг ҳайкаллари яратилди.

Равшан Миртожиев, Илҳом Жабборов, Анвар Раҳматуллаев, Абдумўмин Бойматов, Аҳмад Шоймуродов чин маънода ҳайкалтарошлик санъатининг ривожига улкан ҳисса қўшдилар. Ажойиб ҳайкалтарош Азамат Ҳотамовнинг ишлари музейлар, галереялардан ўрин олган. Раҳматли Мухтор Аблоқуловнинг томошабинлар қалбини ларзага солувчи асарлари санъат музейларида сақланади. Халқимизда “От ўрнини той босади”, деган мақол бежиз айтилмаган. Устозлар И.Жабборов, Р.Миртожиев, А.Ҳотамов ижод қилиш баробарида талабаларга билим бериб, кўплаб ёш ҳайкалтарошларни етиштиришди. Шулардан бири Жасванд Анназаровнинг ижоди ёш ҳайкалтарошлар орасида кўзга яққол ташланди. Ёшлар бизга қараганда анча ҳаракатчан, янги ғоялар устида тинмай изланишда.

— Ижодкор ҳамиша бедор, дилида янги асар, мавзу туғилиб туради. Сизни бугун қандай мавзулар безовта қиляпти, нималар билан бандсиз?

— Албатта, ҳар бир ижодкор асарлари ғоясини олдиндан ўйлаб юради. Алпомиш ҳайкали устидаги ишлар ниҳоялангандан кейин ўйлаб қўйган ижодий ишларим бор. Насиб қилса, 2019 йилда кўргазма ташкил этиб, фалсафага бой, бадиий ечим топган ҳайкаллар билан бирга графикада чизган ишларимни ҳам илк бор намойиш этмоқчиман. Бўш вақтимда кўпроқ китоб ўқийман. Китобнинг қадр-қиммати шундаки, бир ҳафта, бир ой ўқиб, бой таассуротларни қалбингизга жо қиласиз. Шундай дориломон кунларга етказганига шукр қиламан. Рафиқам билан тўрт ўғил ва бир қизни вояга етказдик. Уларнинг камоли бизни доимо янги ютуқларга илҳомлантиради.

Сарвара ҚОСИМОВА

суҳбатлашди.