УМР ДАФТАРИДАН САТРЛАР (46 сон)

by O'zbekiston adabiyoti va san'ati gazetasi
УМР ДАФТАРИДАН САТРЛАР (46 сон)

Ҳаво мавжларида янграётган сухандоннинг ширали овозига қулоқ тутаман: “Қадрли радиотеатр мухлислари. Бугун биз сизларга атоқли ўзбек адиби Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи асосида тайёрланган радиоспектаклни эшиттирамиз. Радиоспектакль режиссёри — Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Жавлон Тошхўжаев...”. Спектаклни 27 ёшида санъатимиз дарғалари иштирокида эфирда жонлантирган, бугун чоракам бир асрлик умр дафтарининг янги саҳифаларини қоралаб турган истеъдодли режиссёр Жавлон Тошхўжаев билан яқинда танишиш, унинг ҳаёт тажрибаси, ижодий изланишларини ўрганиш истаги туғилди. Устозга берилган илк саволим унинг радиорежиссура соҳасига ошнолиги ҳақида бўлди.

— Бундан олмиш беш йил аввал, мактабда ўқиб юрган кезларимда, — дея сўз бошлади устоз, — қор бўралаб ёғиб турибди. Катта танаффусга қўнғироқ чалиниб, ташқарига чиқамиз деб турган болаларни синфга ўқитувчимиз Таскира опа билан кириб келган нотаниш киши тўхтатди.

— Бу киши Азиз Ёқубов бўладилар, — дея таништирди Таскира опа. — Ҳар куни мактабга келишдан аввал болалар учун бериладиган эшиттиришни тинглайсизлар-а? Азиз ака ана шу эшиттиришларни тайёрлайдиган журналист — редакторлардан бири.

Азиз Ёқубов мақсадга кўчди. У ўқувчилар орасидан болалар учун тайёрланадиган эшиттиришларга ҳаваскор сухандонларни излаб юрган экан. Биз ўша заҳотиёқ шеър ва эртаклардан намуналар ўқиб бердик. Кетар чоғида Азиз ака синф раҳбаримизга юзланиб шундай деди:

— Жавлонхўжа эртагаёқ мана шу кўрсатилган манзилга, радио уйига борса ёмон бўлмасди. Ота-онасига илтимосимни етказиб қўйсангиз...

Шундай қилиб радиога келганимда бор-йўғи ўн ёшда эдим. Кундан кунга қизиқарли, унутилмас воқеалар содир бўларди. Қанча одамлардан ўргандим, бирга улғайдим. Улар орасида таниқли сухандон Насиба  Иброҳимова, шифокор Дилфуза ўуломова, доришунос олималар Ақида Фозилова, Дилкаш Каримова, овоз режиссёри Анвар Тожиев, Анвар Иброҳимов... эҳе, яна қанча ажойиб инсонлар бор.

Кўп ўтмай бошқа ўқувчилар қатори мени “Ўзбекфильм” киностудиясининг дубляж гуруҳига таклиф қилишди. Биз Борий Ҳасанов, Собит Саидов, София Имонқулова, Собиржон Искандаров каби ажойиб режиссёрлар раҳбарлигида иш олиб бордик. “Трубачев отряди жанг қилади” ва “Чол ибн Хаттоб” фильмларида асосий роль ижрочиларига овоз беришим дубляждаги илк қадамим бўлди.

Болаликда радио, телевидение ва “Ўзбекфильм” киностудиясининг дубляж жамоасида каттаю кичик ролларга жалб этилганим, энг муҳими, Тошкент театрларида фаолият юритаётган санъат дарғаларининг ижодларига нисбатан катта муҳаббат ва уларга ўхшаган санъаткор бўлиш орзуси умрим бўйи хизмат қилган касбу коримни белгилаб қўйган экан... Бугунги кунда ҳам радиода ижро этган биринчи ролим — “Васек Трубачев ва унинг ўртоқлари” постановкасидаги Трубачев ролини эслаб юраман. Уни эфирга тайёрлаган ажойиб инсон, меҳрибон устозим Дамир Шокировнинг оламдан ўтганига ярим асрдан ошган бўлса ҳам, барҳаёт сиймоси қалбимнинг тўрида.

Ж.Тошхўжаев 1960 йили мактабни аъло баҳоларга тугатиб, икки йил шу мактабда ўқувчиларнинг етакчиси вазифасида ишлади. 1962 йили Тошкент давлат театр ва рассомлик санъати институтига ўқишга қабул қилинди. Талабалик йилларининг илк давридан устози    Дамир Шокиров раҳбарлигида Тошкент радиосида  кичик эшиттиришларга режиссёрлик қила бошлади.

Радиода ижод қилган йиллари жаҳон ҳамда ўзбек адибларининг 200дан ортиқ асарига иккинчи умр бахш этди. У.Шекспир, Ф.Шиллер, А.Пушкин, М.Лермонтов, Н.Некрасов, Р.Тагор, Алишер Навоий, Заҳириддин  Бобур, Нодира, ўафур ўулом, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Ҳамид Олимжон, Саид Аҳмад, Ўлмас Умарбеков, Фарҳод Мусажонов, Мар Байжиев, Алексей Арбузов, Самад Вурғун каби қалам соҳибларининг асарлари асосида ҳаво тўлқинларига узатилган радиопьеса, постановка, инсценировка ва композициялар бугун ҳам тингловчиларнинг эътирофига сазовор бўлиб келяпти. У режиссёрлик қилган биринчи радиопостановка кубалик ёзувчи Хесус Кастельянос қаламига мансуб эди. 19 ёшли режиссёрнинг саъй-ҳаракатлари муносиб баҳоланиб, асар радионинг бадиий кенгаши томонидан “Олтин фонд”га қабул қилинди.

— Ўзинг мустақил яратган биринчи асар биринчи муҳаббатга ўхшаб тоабад хотирангда сақланар экан, — дея ҳикоясини давом эттирди Жавлон ака. — Бор-йўғи ўн беш дақиқа атрофидаги воқеаларни ҳикоя қилувчи бу инсценировкада Шариф Қаюмов, Рихси Иброҳимова, Тўлқин Тожиев каби етук санъаткорлар иштирок этишган. Улар билан ижодий мулоқотда бўлиш ҳузур бағишласа-да, бош қаҳрамон Луисита образини жонлантириш ниҳоятда машаққатли кечган эди. Сабаби, Луисита олти ёшли қизалоқ бўлиб, уни жонлантирадиган болакайни топиш осон кечмади. Шунда Дилфузахон ўуломова: “Жияним Земфира худди шу ёшда.   Боғчага қатнайди. Синаб кўрмайсанми?” деб қолди. Шукрки, Земфира айни мен излаган қизча бўлиб чиқди.

Мутахассислигим бўйича босиб ўтган йўлимни эсласам, омад менга ёр бўлганига шукроналар келтираман. Театр соҳасидаги устозим Иосиф Радун ва радиорежиссуранинг чинакам билимдони Дамир Шокиров катта-кичик муваффақиятларимнинг асосчиси ва йўл қўйган камчиликларимнинг қаттиққўл танқидчилари бўлишган.

1978 йили Ўзбекистон Маданият вазирлигининг топшириғига кўра бир муддатга Андижон вилояти маданият бошқармасига ижодий сафарга юборилдим. Тақдир экан, “бир муддатлик” сафар нақ 32 йилга чўзилиб кетди. Аввал маданият масканларида мутасаддилик қилган бўлсам, 1989 йилдан Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги театрнинг директори ва бадиий раҳбари лавозимларида 2010 йилнинг бошларигача ишладим. Андижон театрида саҳналаштирганим Собир Абдулла ва Тўхтасин Жалиловнинг “Тоҳир ва Зуҳра”, Ҳошимжон Раззоқ ва Комилжон    Жабборовнинг “Нодирабегим”, Муҳаммаджон Абдукаримовнинг “Оғу сиртмоғида”, Комилжон Нишоновнинг “Устаси фаранг келин”, Иномжон Турсуновнинг “Сеҳрли китоб”, Ферузбек Тошхўжаевнинг “Янги йил ҳангомалари”, Назиржон Раҳимовнинг “Оқибат” асарлари театр ижодий жамоасининг изланишларида ўзига хос ўрин эгаллаганидан хурсандман.


Хотима ўрнида

Мустақиллигимизнинг илк йилларидан бошлаб Андижондаги байрам тантаналари, Мустақиллик ва Наврўз шодиёналари Ж.Тошхўжаев режиссёрлигида ўтказиладиган бўлди. Моҳир ташкилотчи ва режиссёрнинг андижонлик санъаткорлар иштирокида тайёрлаган концерт дастурлари Болгария, Руминия, Ҳиндистон, Испания мамлакатларида катта муваффақият билан намойиш қилинди. Шунингдек, Қўқон шаҳар театрида Фарҳод Мусажоновнинг “Хаёлпарастлар”, Ёнғин Мирзонинг “Занжирбанд она”, Ўлмас Умарбековнинг “Суд” пьесаларини, Жиззах вилоят театрида Ўткир Рашиднинг “Зиёкор”, Душан Файзийнинг “Ўн етти ёшлилар”, Мустай Каримнинг “Ойгул диёри” сингари асарларини муваффақиятли саҳналаштирди. Уларнинг кўпчилиги республика радиосининг “Олтин фонд”идан ўрин эгаллаган. Ўлмас Умарбековнинг “Суд” пьесаси асосида Қўқон шаҳар театрида саҳналаштирилган спектаклда режиссёр саҳна санъатида кутилмаган бир янгилик яратди. Яъни актёрлар тарафидан жонли ижро этилаётган асар воқеалари ривожини тўлдириш мақсади��а кино тасмаларга туширилиб саҳна ва кино лавҳалар уйғунликда намойиш этилди. Спектаклда бир гуруҳ ёш ижодкорлар илк маротаба бош қаҳрамон сиймоларида саҳнага чиқдилар.

Ж.Тошхўжаевнинг серқирра ижоди 1995 йили “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” унвони, 2005 йили “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланди. 2010 йили вилоятлардаги фаолиятини якунлаб,  туғилган шаҳри Тошкентга қайтган Жавлон Тошхўжаев ўзининг иккинчи уйига айланган Ўзбекистон радиосидаги фаолиятини давом эттира бошлади.

Бугунги кунда бутун умрини санъатимиз, маданиятимиз равнақига бахшида этган, ўзининг юксак истеъдоди, ҳалол меҳнати билан ҳурмат қозонган устоз санъаткор Жавлон Тошхўжаев кўп йиллик тажрибаси ва маҳоратини ёшларга ўргатиш билан  бир қаторда, янги радиопостановкалар яратиб, уларга ўрнак бўлиб келмоқда.


Муяссар МИРЗАЕВА,

Тошкент давлат санъат ва маданият институти магистранти

November 18, 2018
by Jasurbek TOJIBOYEV