БИР ДАРЁДАН СУВ ИЧГАН ЖАЙРОНЛАРМИЗ  (46 сон)

by O'zbekiston adabiyoti va san'ati gazetasi
БИР ДАРЁДАН СУВ ИЧГАН ЖАЙРОНЛАРМИЗ  (46 сон)

Бир дастурхон узра бешта нон бўласан,

Бир дарёдан сув ичган жайрон бўласан.

Ўзбек, тожик, туркман, қирғиз, қозоқ дўстим,

Биринг қуёш, биринг ой, осмон бўласан.

Жонажон Ўзбекистонимиз энг азиз ва энг улуғ – Мустақилликка эришган биринчи куниданоқ қанчалар қувончга тўлган, қанчалар кўкси осмон бўлган халқмиз. Дунё давлатлари қаторига қўшилдик. Олисдаги катта–кичик давлатлар биз билан дўстона алоқа ўрнатиб, барча соҳаларда ўсиш, яратиш ишлари бошланди. Дипломатик алоқалар ривожланди. Халқимиз барча соҳаларда самарали меҳнатлари билан мустақилликни янада мустаҳкамлашда жонбозлик кўрсатиб, бунёдкорона яратувчанлик ишларида дунё тажрибаларини қўллаб, мамлакатлар ўртасида ҳурмат-эътибор ва обрўга эриша бошлади.

Шу даврларда дунёнинг яқин ва узоқ мамлакатларида турли экстремистик террорчи оқимлар пайдо бўла бошлади. Айрим ҳудудларда террорчилик, гиёҳвандлик ҳолатлари юз бериб, эҳтиёт чораси сифатида чегараларимизни қайта кўриб чиқиш ва мустаҳкамлаш чоралари кўрилди. Натижада қўшнилар билан борди-келди алоқалари сусайди. Аслида Марказий Осиё халқлари доимо бир–бирларини эъзозлаб, қадрлаб келганлар. Киндик қони тўкилган жойни ватан билиб, юрт ободлигига, ягона ислом динига эътиқод қилиб, фан ва илм равнақига ўзларининг беназир ҳиссаларини қўшганлар. Имом Бухорий, Форобий, Беруний, Хоразмий, Ибн Сино, Рўдакий, Жомий, Навоий, Махтумқули, Абай, Чингиз Айтматов сингари улуғ ижодкорларни етказиб берган Ўрта Осиё азалдан дунёга маълум ва машҳур бўлган.

Мир Алишер Навоийнинг навоси бор,

Махтумқули, Абай, Чингиз садоси бор.

Рўдакини бир томон, Машраб бир томон,

Мулки Туроннинг Темурдек даҳоси бор.

Оллоҳга беҳисоб шукрлар бўлсинки, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бир ярим йил давомида, аввало, барча ён қўшни давлатлар билан, уларнинг халқлари билан дўстона алоқалар, борди-келдилар тикланди, йўллар очилди.

Тожикистон, Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон каби ёндош республикалар билан чегаралар ўзаро борди-келди, қўни-қўшничилик алоқалари йўлга қўйилди. Автомобил йўлларида ҳаракатлар тикланди.

Шу йил сентябрь ойида давлат ташрифи билан Ўзбекистонимизга келган Беларусь Президенти А.Лукашенко Ўзбекистонда яшаётган 130 дан зиёд миллат, 33 миллионга яқинлашаётган халқимизнинг ҳаётида ўтган икки йил давомида қанча ўзгаришлар, юксалишлар ва эзгу ишлар амалга ошаётганидан тўла хабардор эканлигини мамнуният билан эътироф этди.

Марказий Осиё мамлакатларининг қардошлик, яқин қўшничилик алоқалари абадий бўлсин. Бир-бирини қўллашиб келажакка интилганларнинг толеи, албатта, ёруғ бўлгуси!

Қўл берганни Худойим ҳам қўллагайдир,

Қўл берганлар ой, қуёшга бўйлагайдир,

Япроқлари осмонларга соя солган,

Чинор бўлсанг Садоий ҳам ўлмагайдир.

Она юртим Туркистоним бирлашингиз,

Дўсти ёрон, қадрдоним бирлашингиз!

Шамсиддин Садоий, шоир

November 18, 2018
by Jasurbek TOJIBOYEV