СУҲБАТ МУШОИРАГА АЙЛАНДИ (46 сон)

by O'zbekiston adabiyoti va san'ati gazetasi
СУҲБАТ МУШОИРАГА АЙЛАНДИ (46 сон)


Куз айни йиғим-терим фасли. Далаларда сўнгги йиғим-терим юмушлари авжида. Фермеру ҳашарчиларнинг қўли қўлига тегмайди. Ижодкор, санъаткорлар улар ҳузурига ошиқади. Яқинда биз — бир гуруҳ ёзувчилар Самарқанднинг Пайариқ туманида бўлиб қайтдик. Туман марказидаги бу фермер хўжалиги далалари Қорасув ариғига, қўриққа туташ. Биринчи терим тугаган майдонлар қорайиб, терилмаган жойлар оппоқ бўлиб ўзига чорлаб турибди. “Навоий”, “Фаровон”, “Темир шайх”, “Гўзал” маҳаллаларидан ҳашарга чиққан ўттиз-қирқ чоғли теримчилар бир-биридан ортда қолмаслик учун бош кўтармай пахта термоқда. Ўн олти йилдан буён фермер хўжалигини бошқариб келаётган Фармон Тошев пахта, ғалла ва бошқа экинлар режасини ҳар йили ортиғи билан бажарар экан. 19 гектар ерга пахта эккан фермер камида юз миллион сўмлик даромадни кўзлаб турибди. Бир кунда 100-120 килодан пахта териб оила даромадига ҳисса қўшаётган ҳашарчилар кўпчиликни ташкил қиларкан. 

Ана шундай илғор теримчиларга Энахон Сиддиқова, Иқбол Мирзо, Анвар Обиджон, Шодмонқул Салом ва бошқа адибларнинг шу йил “Адиб ва жамият” рукни остида чиққан янги китобларидан ташқари ўз ижод намуналаримизни ҳам тақдим этдик. Тушлик пайтида ҳашарчилар билан бошланган суҳбат мушоирага айланиб кетди. 

— Ҳув анови кўриб турганингиз тепаликда иссиқхона қурмоқчимиз, — деди бизни кузатаётиб Фармон ака: — Лимон, апельсин, турли кўкатлар етиштирмоқчимиз, товуқхона қуриш, 20 қути асалари олиш ниятидамиз, — деди. Биз ҳам фермернинг ниятига йўлдошмиз. Ахир тадбиркорлик ривожланган юртнинг турмуши фаровон ҳаёти тўкис бўлади-да.

Оқдарё туманидаги фермер Назар Абдураҳмоновнинг даласида ҳам иш қизғин. Бу йил ҳар йилгидан кўра теримчиларга яхши ҳақ тўлангани боис ҳашарчиларнинг қўли қўлига тегмайди. Шоира Ойгул Маматова ва тарбиячи Олия Ўроқова бош бўлган теримчилар ҳозиргача юз тоннадан ортиқ пахта териб беришди. Ижодкорлар томонидан илғор теримчилар Ойсара Эрматова, Ҳаётгул Зайниддиноваларга ҳам китоблар совға қилинди. 

“Оқдарё овози” таҳририяти ходимлари, Самарқанд чет тиллар институти, Педагогика коллежи ёшлари билан бўлган учрашувда матбуот, санъат, қадриятларимиз ҳақида ажойиб суҳбат-учрашув ўтказилди. Дала меҳнаткашлари билан хайрлашиб ортга қайтарканмиз, уларнинг бугунги кунидан мамнунлиги, эртанги кунга бўлган ишончи бизни яна янги ижодий уфқларни кўзлашга чорлади.

Сайди УМИРОВ,

Чоршаъм РЎЗИЕВ,

Тошпўлат ТУГАЛОВ

November 17, 2018
by Jasurbek TOJIBOYEV