Совриндор фильм сабоқлари (44 сон)

Совриндор фильм сабоқлари

Режиссёр Наби ўаниевнинг буюк хизматларини ҳамда у раҳбарлик қилган “Тоҳир ва Зуҳра” ижодий гуруҳининг кино санъати ривожига, умуминсоний қадриятларга қўшган ҳиссасини Осиё кинематографиясининг ўн тўққизинчи халқаро Рим фестивали эҳтиром билан эътироф қилади.

Итало СПИНЕЛЛИ,

Кинофестивалнинг бадиий директори,

Рим шаҳри, 2018 йил 10 октябрь

Ўзбек миллий киноси оламида муҳим воқеа рўй берди. Етмиш уч йиллик даврни шараф билан босиб ўтган “Тоҳир ва Зуҳра” фильми илк бор хал­қаро Рим фестивалида намойиш этилди. Режиссёр Наби ўаниевнинг ушбу фильми “Режиссёрнинг жаҳон киноси ривожига қўшган катта ҳиссаси учун” юксак совринга муносиб кўрилди. Ушбу фильм­нинг кадр ва эпизодларини тайёрлаш, суратга олиш, монтаж қилишда ниҳоятда талабчан бўлган Наби ўаниевнинг сезгир, нозик дидли, юксак эстетик идеалга эга бўлгани, ўз ишининг ҳақиқий устаси экани жаҳон миқёсида эътироф этилди. Унинг бу фазилатларини фильм таркибидан ўрин олган эпизодларгина эмас, яхлит композицияга киритилмаган талайгина кадрлар ҳам тасдиқлайди. Шу боисдан мулоҳазаларимиз ёзилгану лекин оққа кўчирилмаган, суратга олингану монтаж қилинмаган кадрлар ҳақида бўлади.

Миллий кинематографиямизнинг бу шоҳ асари узоқ йиллар давомида кўпгина мамлакатларда намойиш этилган. Собиқ иттифоқ даврида хорижий мамлакатларга ижарага берилгани(бинобарин, катта даромад келтиргани)ни тасдиқловчи рекламаларнинг фотонусхалари сақланиб қолган. Лекин асар ҳукумат доираларида, анжуманларда кўрсатилмаган. Халқаро миқёсда тақдирланмаган. Аксинча, фильм Москвада муҳокама қилинганида асардан нуқсонлари изланган.

Фильмларнинг аксарияти эстетик ва техник жиҳатдан тез эскириб қолади. “Тоҳир ва Зуҳра” эса эскирмайдиган асарлар сирасига киради. Сценарийси бақувват, режиссура юксак даражада. Бизга замондош актёрлар ундаги ижроларга ҳали-ҳали ҳавас қилишади. Тасвирий тил бой, сермазмун монтаж ритми режиссёр сценарийсида аниқ белгиланган, монтаж хонасида амалга оширилган. Оммавий саҳналарда динамик куч бор.

Асарнинг мукаммал ишланган кадрларини синчиклаб кўрсак, таҳлил қилсак, эҳтимол, Тоҳирнинг Хоразмда бўлиши, малика Моҳимнинг севгисини рад этиши кадрларида Тоҳирга шиддат, Моҳимга (афсонадагидек!) шижоат етишмагандек кўриниши мумкин. Айтишларича, бу лавҳаларни Наби ўаниев эмас, иккинчи режиссёр суратга олган. Бу гапда жон бор деб ўйлаймиз. Иззат Султонов (1944-1945 йиллари киностудия директори бўлган) суҳбатларимиздан бирида: “Тоҳир ва Зуҳра” монтаж қилинаётган кунлари Наби ўаниевич хаста бўлиб шифохонада даволанган. Зиндонга ташланган Сардор ва хон Бобохон ўртасидаги кескин диалогли кадрларни биз режиссёр Йўлдош Аъзамов билан монтаж қилган эдик. Асар белгиланган муддатда топширилиши талаб этиларди-да”, деган эди олим. Иззат Отахонович берган бу маълумотни тўлдириш мумкин. Сценарийнинг даст­лабки кўринишлари муҳокама қилинганида Наби ўаниев мазкур эпизоднинг адабий таъриф ва тавсифини ҳамда унинг жонли тасвирий ечимини айтиб берган. У жуда ўринли таклифини сўз билангина эмас, эскизлар мажмуасида ҳам кўрсатиб берган: “Нима сабабдан Сардор ашаддий душмани бўлмиш Бобохон билан учрашмайди. Учрашсин. Сўз дуэли бўлсин... персонажларнинг бири тахт эгаси — шаҳаншоҳ, иккинчиси “камбағаллар қироли” лақабини олган Сардор. Сардор ташланган зиндон шоҳ саройи, фармони олий ўқиладиган ҳашаматли хона тагида бўлади. Рақибларни чуқурлик устига ташланган темир панжара ажратиб туради. Даҳанаки жанг чуқурликда занжирбанд ҳолатда бўлган Сардор ҳамда қалин темир панжарани тинмай босиб ўтаётган, авом “амири”ни оёқости қилмоқчи бўлаётган шоҳ ўртасида кечади”. Бу таклифни “Тошкент” киностудияси бадиий кенгашининг раиси Михаил Ромм мамнуният билан қабул қилади. Эпизод шу тарзда — ракурсли композиция қўлланган ҳолда суратга олинган. Диалог, ижро, кадрлар архитектоникаси, монтаж ритми, икки ғазабнок шахснинг портретлари меъёрида яратилган мазкур кадр фильмнинг энг таъсирчан эпизодлари сифатида томошабин ёдида қолади.

Собир Абдулла ва Алексей Спешнев ўз қаҳрамонлари ҳолатига кириб ёзган, актёрлар Асад Исматов ва Аброр Ҳидоятов талаффузида янграган диалогни тўлиқ келтиришнинг имкони йўқ. Лекин мулоқотга якун ясаган ақлирасо, бироқ зулмкор Бобохон — А.Исматовнинг қуйидаги сўзларини келтириш ўринли деб ўйлайман: “Афсус душманимсан, Сардор, — дейди у рақибига, сўнгра мулоқот гувоҳлари бўлмиш сарбозларига қараб: — Сардорнинг ўлим олдида ўзини тутиши сизга ўрнак бўлсин!” дейди.

— Студия ходимлари билан бўлган учрашувлар, савол-жавоблар давомида олган маълумотларим шу фотосуратга изоҳ беради, чамамда, — дедим. — Фильм суратга олиниб, монтаж қилинган дастлабки нусханинг кўриги студияда бўлган. Шунда расмий доиралар: фильм бош қаҳрамонларнинг ҳалокати билан якунланиши тўғри эмас, асар хотимасига оптимистик, тетик руҳ бағишлаш керак, деган фикрни билдирган. Кўп изланишдан кейин кичкина эпизод режаси тузилиб, дарҳол суратга олинган. Раззоқ Ҳамроевнинг қаҳрамони тарихнавис Нозим ўзини ҳалок этган Тоҳирнинг ханжарини олиб, фильмнинг бир неча эпизодида ошиқ-маъшуқлар Қамар (Замира Жумабоева) ҳамда Қодир (Эсон Каримов)га кўтаринки руҳда топширади. Лавҳа давомида севги, садоқат, Ватан соғинчи ҳақидаги гапларни Нозим айтган... Кўҳна афсонанинг руҳини, шоирона талқин йўлларини, драматик воқеаларнинг тадрижий ривожини билмай, табиий ниҳоясини англамай туриб, баландпарвоз гапларни сунъий равишда нафис бадиий тўқимага киритиш ҳақидаги кўрсатмага Наби ўаниев қулоқ солмаган кўринади, шу “ўзбошимчалик” азобини тортган ҳам.

Муҳокамаларда айтилган, қатъий талаб тарзида гуруҳга етказилган айрим фикрлар (бизнингча, янглиш фикрлар) асарнинг улуғвор поэтик руҳига, лирик-драматик воқеаларнинг изчил ифодасига таъсир кўрсатмади. Зуҳра ва Тоҳир болалик чоғларида қўғирчоқлар билан безатилган соябонли аравачада Самарқанд кўчаларида сайр қилиши эпизоди “донишманд” маслаҳатгўйларнинг фикри билан суратга олинган, лекин фильмнинг яхлит композициясидан ўрин олмаган... Кадр ортида қолган яна бир эпизодда Тоҳир сандиқ азобидан қутулиб, Моҳим ҳавасини қондирмай, ўз юрти, Зуҳра томон йўл олганида дарё соҳилларида елкаларига қалин арқонни ташлаб, ботиб қолган кемаларни тортиб юрадиган бурлаклар билан кун кўради, сув, ботқоқ кечиб ғарқ бўлаёзган юк кемаларини бир амаллаб ҳаракатга келтиради. (Фақат рус бурлаклари бир-бирларига “Эй, ухнем!” қўшиғини зўрма-зўраки айтиши қолган эди!)... Режиссёр бу таклифни ҳам рад этган...

Биз совриндор фильмни суратга олиш жараёнидаги сабоқларнинг айримларини санаб ўтдик, холос. Жанр софлигини, услуб бирлигини, шоирона руҳни сақлаб қолишни “Тоҳир ва Зуҳра”дек поэтик асардан ўрганиш мумкин.

“Тоҳир ва Зуҳра” сценарийси иккинчи жаҳон урушининг оғир дамларида ёзилиб, суратга олиниб, ғалаба кунлари экран юзини кўрди. Асар устида турли миллатларнинг ниҳоятда истеъдодли вакиллари ишлаган. Собир Абдулланинг ёнида рус драматурги А.Спешнев, Наби ўаниевнинг олдида украиналик оператор Д.Демуцкий ва миллий маданиятимизга меҳр қўйган рассом В.Еремян, композитор А.Козловский бўлган. Ёш Юлдуз Ризаева ва ўулом Тожиаълоев Асад Исматов, Обид Жалилов, Аброр Ҳидоятов билан ёнма-ён туриб ижод қилишган. Бугун уларнинг фарзандларини, набираларини, шогирдларини халқаро миқ­ёсдаги соврин билан табриклаймиз!


Ҳамидулла АКБАРОВ