Матбуот “мажбурий обуна” Қурбонига айланмайди (47 сон)

by O'zbekiston adabiyoti va san'ati gazetasi
Матбуот “мажбурий обуна” Қурбонига айланмайди (47 сон)

Мана, бир неча кундирки, ижтимоий тармоқларда матбуотга мажбурий обуна ҳақидаги баҳс-мунозаралар давом этмоқда. Аслида бу мунозараларнинг бошланганига кўп йиллар бўлди. Аммо ҳамон  муаммога ечим топилмаяпти. Фикрлар турлича...


Бир пайтлар...                                           

Баҳслашишга ҳожат йўқ — газета ўқиган одамнинг тафаккури кенг, маънавияти юксак, замон билан ҳамнафас бўлади. Бугун чоп этилган бир кичик хабар ҳам тарих саҳифаларидан давр­нинг инъикоси сифатида жой олиши мумкин. Чунки хоҳлайсизми, йўқми тарихчилар бугунги кунда матбуотда чоп этилаётган манбаларга суяниб келажак ҳақида фикр берадилар, бошқача йўл йўқ. Афсуски, бугунги кунда кўпчилик газета “ўлади”, деб “башорат” қилишмоқда. Хўш, нега газетхонларнинг матбуот нашрларига муносабати бу тарзда ўзгариб кетди? Бунга сабаб обуна тизими ва усулининг боши берк кўчага кириб қолганида эмасмикан? Очиғини айтганда, бир пайт­лар саноқлигина нашрлар бор эди. Уларга ҳамма иштиёқ билан, ўзлари хоҳлаб обуна бўларди. Газета ўқимайман деган одам ҳам ҳеч бўлмаганда қайсидир нашрга кўнгил қўярди. Бугун қайсидир сабаб ёки истакнинг кучлилигидан бир қишлоқдан саноқлигина одам якка тартибда обуна бўлиши мумкин.

Бу ҳам эҳтимол.


“Газета Ўқимайман!”

“Ахборотни интернетдан ҳам олавераман” дегувчи ҳамюртларимиз ҳам кўп. Аммо газета фақат ахборот бериш билан шуғулланмайди-ку. Маънавий, тарбиявий аҳамиятга эга мақолалар чоп этиш ҳам ҳозирча матбаа нашрлари зиммасида. Чунки сайтларга эътибор берадиган бўлсак, бугун тарбиявий аҳамиятга молик мақолалар деярли йўқ. Бугун журналистикани фақат ҳокимни ишдан олиш, йўлни тузатиш, қотилликни ошкор қилиш деган хабарларни тарқатиш мезонлари билан ўлчаб бўлмайди. Ижтимоий-сиёсий жараёнларни таҳлил қиладиган, моҳиятини очиб берадиган таҳлилий мақолаларни сайтларда деярли учратмаймиз. Хўш, порахўрлик билан қўлга тушган, мерос талашиб бир-бирини ўлдириш даражасига борган ёки фирибгарлигу юлғичлик қилаётганлар кимлар, нима учун мана шундай иллатлар урчиб кетмоқда, деган саволларга интернет журналистикаси ҳали батафсил жавоб бера олаётгани йўқ. Чунки интернет журналистикаси тезкорликни талаб қилгани боис мушоҳадага, таҳлил қилишга вақти қолмаяпти. Газетада эса, жиноятчининг қилмиши тўғрисидаги хабарнигина эмас, балки бу жиноят келтириб чиқарган омиллар ва унинг оқибати таҳлил қилинган мақолаларни бериш имкони катта. Қолаверса, матбуот холислик билан, асосли далилларга суяниб фаолият юритиши билан ҳам ишончли воситадир. Хўш, ижтимоий тармоқлар ривож топиб, журналист ишсиз қоладими? Афсуски, бўлиб ўтаётган баҳс-мунозараларда шундай фикрларга дуч келасиз: матбаа нашрлар ёпилса, газета журналистлари ишсиз қолади! Қарийб тўрт асрдан буён инсон тафаккури ривожига ҳисса қўшиб келаётган газеталар ҳар хил даражада таназзул ҳолатларини бошидан кечирган. Босма ОАВларга “чоҳ” қазишга беҳуда уриниш бугун бўлаётгани йўқ, аввал ҳам бўлган. Ачинарлиси шуки, матбуотга тош отаётганлар — айрим тоифадаги ҳамкасбларимиз!  


Мен нега газета ЎҚийман?


Йигирма йилдан зиёд интернет сайт­ларида фаолият юритаётган Жек Шейфер газета ҳақида бундай дейди: “Ахборотни истаган интернет манбадан топишим мумкин. Аммо учта газетани ҳар куни кўздан кечиришни канда қилмайман. Газета орқали мен ахборотни теранроқ қамраб оламан ва узоқ вақтгача ёдимда сақлайман”. Яна бир фахрий интернет журналисти Эд Ботт эса: “Ахборотнинг долзарблиги эмас, қизиқарлилиги муҳим. Ахборотни газеталар қизиқарли қилиб бера олади”, дейди.

Бугун газетанинг ўрнини интернет эгаллаяпти, деган мулоҳазалар ўринсиз. Чунки республикамизда интернет ҳали кириб бормаган, ҳатто интернетдан фойдаланишни тўлиқ ўзлаштирмаган аҳоли қатлами ёки интернетнинг тезлиги ҳаминқадар ҳудудлар борлигини ҳам унутмайлик. Интернет кириб борганда ҳам ундан чўнтак кўтарганча фойдаланамиз. Аслида, интернет журналистикаси босма ОАВга нисбатан анча қиммат. Афсуски, фарзанди: “Синфимизда обуна учун пул йиғилар экан”, деган гапга ота-оналар эътироз билдиришаётганда, интернет учун сарфланаётган маблағни ўйлаб ҳам кўришмайди. 

Обуна керакми?


Бугун кўпчиликнинг олдида мана шу савол кўндаланг. Ҳаттоки, ҳамюртларимиз жойларга “Мажбурий обунадан қутқаринг” қабилида арз билан чиқишмоқда. Обунага мажбурлаганларга чора ҳам кўрилмоқда. Аслида, нима учун обуна жараёни бундай аҳволга тушиб қолди. Маълумки, ҳар бир вазирлик ёки тармоқ ўзининг бир эмас, бир неча нашрларига эга. Демак, соҳа ходимлари ўша газеталарга обуна бўлишга мажбур. Бундан кўриниб турибдики, ишчи иш жойидан ажраб қолмаслиги учун ўзи истаган нашрга эмас, юқоридан белгилаб берилган нашрларга обуна бўлишга мажбур. Агар ўша газета ўқувчи кўнглидагидек чиқмаса, албатта, ўқувчида норозилик пайдо бўлади, аксинча бўлса, ўқувчи кейинги йили ўз хоҳиши билан обуна бўлишда давом этади.

Эътибор берсангиз “мажбурий обуна”га қарши биринчи бўлиб халқ таълими тизими кураш очди. Нега? Чунки бу тизимда обунадан пул ишлаш ҳолатлари туб қўйиб палак отди. Коррупцион тизим пайдо бўлди. Ҳатто айрим вилоят таълим бошқармалари ҳам ўз нашрларини таъсис этиб, “ўз томорқа”ларида обунага зўр беришди. Натижада таълим ходимлари “мажбурий обуна” исканжасида қолди. Ўзлари хоҳлайдиган, билимини оширадиган, ақлни чархлайдиган газеталарга уларнинг қўли етмай қолди.

Масаланинг яна бир томони бор: агар вилоят ҳокимликлари обуна масаласида ОАВларга ёрдам берса, ўша нашрлар мазкур вилоятдаги долзарб муаммоларни кўтариб чиқиши амримаҳол. Чунки еган оғиз уялар, деган гап бор.


Газеталар ЎҚишли эмасми?


Обуна яхши бўлмаслигига газеталар қизиқ чиқмаётгани сабаб, деган мулоҳазаларга ҳам дуч келамиз. Айни пайтда долзарб мавзудаги мақолалари билан ўқувчилар меҳрини қозонаётган босма нашрларимиз ҳам кўп. Масалан, “Маърифат”, “Ишонч” “Оила ва жамият”, “Жамият”, “Ҳуррият”, “Оила даврасида” газеталари, “Тафаккур”, “Муштум”, “Маънавий ҳаёт”, “Саодат” каби журналларнинг ҳар сонида камида икки-учта таҳлилий, танқидий, мулоҳазали мақолалар бериб борилади. Бу мақолаларнинг аксарияти бадиий жиҳати ва таҳлилий ёндашуви, интернет сайтларидаги мақолалардан долзарблиги билан устун туради. Лекин айнан ҳар бир хонадонга кириб бориши керак бўлган шундай газета-журналларнинг обунаси ҳаминқадар, молиявий аҳволи ҳам шунга яраша.

Таҳририятларнинг молиявий аҳволи яхши бўлмагани учун ҳам керак бўлганида зарур таҳлилий, танқидий материалларни тайёрлаш, фактлар йиғиш учун журналистлар жойларга ҳафталаб, ойлаб бора олмайди. Кўряпсизми, таҳририятлар олдида турган муаммолар қанчалик бир-бирига боғлиқ.


Сабаб нимада?


Юқорида айтилганидек, сабаб тармоқ нашрларининг ниҳоятда кўпайиб бораётганида. Камгина ададда чиқадиган самарасиз тармоқ нашрларининг бу қадар кўплиги обуна масаласини янада ��ураккаблаштиради. Яна таълим тизимидаги аҳволга эътибор қаратсак. Тизимда 25дан зиёд номдаги нашрнинг чиқиши, тиббиёт, ҳуқуқ-тартибот идоралари тизимидаги каби тармоқ нашрларининг кўплиги обуна борасида бюджет маблағларининг бесамар кетишига сабаб бўлади. Яъни давлат маблағи обуна уюштирилиши зарур бўлган асосий газеталар четда қолиб, тармоқ нашрларига сарфланади. Ва бу “мажбурий обуна” деган тушунчани келтириб чиқаради. Қолаверса, мамлакатимизга фақат ижтимоий масъулияти салмоқли газета ва журналлар учун четдан валютага олиб келинаётган қоғоз мана шундай бесамар нашрлар учун сарф бўлмоқда. Чунки мамлакатимизда алоҳида қоғоз бозори йўқ-да! Демак, бундай нашрлар сонини кескин қисқартириш, оптималлаштириш ёки уларни тўлиғича онлайн нашрга айлантириш зарур. Шундай қилинса, матбуот учун давлат бюджетидан мақсадли фойдаланишга имкон туғилади, маблағ тежалади, йўл очилади ёки иқтисод қилинади. Қоғоз ва бошқа сарф-харажатлар қисқаради, марказий нашрларининг обунаси учун имкониятлар кенгаяди.



Газеталарнинг чакана савдоси


Ижтимоий-сиёсий газеталарнинг чакана савдоси йил сайин камайиб бормоқда. Сабаби, матбуот дўконларида бу турдаги нашрларнинг сотуви буюртма асосида йўлга қўйилади. Айтайлик, бирор газетхон матбуот дўконига бош суқиб ўзига ёқадиган сиёсий нашрни сўраса, “Бир йил давомида сотиб оламан, десангиз, биз буюртма берамиз. Лекин бир-иккитагина сонини олиб келолмаймиз”, деган жавобни эшитасиз. Бундай талабни қўйишга матбуот дўкони сотувчилари ҳақли. Чунки дўкон хусусийлаштирилган. У фойда кўриши керак. Хўш, савол туғилади: матбуот сотиш тизимида аҳвол шундай бўлса, аҳолига маънавият улашиши керак бўлган газеталар аҳолига қандай етиб боради? Бу масалани ким ва қачон атрофлича таҳлил қилиши, ўрганиши ва масъулиятни зиммасига олиши ­лозим? “Ўзбекистон почтаси”, ёки “Матбуот тарқатувчи” идораларими? Бу алоҳида муаммо. Мана, ноябрь ойи ҳам яримлаб қолди. Ҳалигача обуна жараёнлари ҳақида маълумотлар йўқ.

Давлат сиёсатини тарғиб этадиган минбар — ижтимоий-сиёсий нашрлар сотувининг бу қадар барбод бўлиши иккинчи муаммо — омма орасида маънавий инқирозни келтириб чиқаради. Газета ўқимаган ёки ўқиёлмаётган аҳолидан нимани кутамиз? Газеталарни сотиш масаласи шу даражада чигалки, бир сўз билан айтганда, таҳририят газетасини чакана савдога чиқариб, сотилмаганини қайтариб олган тақдирда ҳам газета нархининг 20 фоизи миқдорида зиён кўради. Яъни таҳририят икки томонлама маблағ ва газета исрофгарчилигидан азият чекади.

Бугун матбуот бозори шаклланмаган, замонавий маркетинг асосида йўлга қўйилмаган шароитда босма нашрлар олдида ҳар доимгидан ҳам катта муаммолар кўндаланг турибди. Шунга қарамай, босма ОАВ журналистларининг келажакдан умиди бор. Чунки улар давр олдида, тарих олдида халқимизнинг маънавий юксаклиги, қадриятларимизни сақлаш, келажакка етказиш масалаларида бурчлидир. Муаммоларга қарамай газетчилар “газетанинг ўлими”ни кутаётгани йўқ. Юқорида айтганимиздек, тўрт асрдан буён яшаб келаётган маърифат тарқатувчи газеталар учун ҳам янги давр, янги саҳифа очилишида бу — бир синов. Ахборот дунёсининг кураш майдонида эса фақат кучлилар қолишига шубҳа йўқ.

Мақола сўнгида, соҳада узоқ йил ишлаган ҳамда айни пайтда газеталарини ҳар томонлама ўқишли қилиб чиқаришга ҳаракат қилаётган  устоз журналистларнинг фикрлари билан ҳам қизиқдик:


Сафар ОСТОНОВ,

“Ўзбекистон овози” газетаси бош муҳаррири:


— “Мажбурий обуна”ни эмас, газета тарғиботини йўлга қўйиш керак. Худди китобни тарғиб қилаётганимиздек, газета ўқишни ҳам тарғиб қилишимиз шарт. Газета ўқимаган одам китоб ўқийдими? Бундан бир неча йил олдин иш билан бир туманга борганимда қизиқ ҳолатга гувоҳ бўлганман. Бизга уйидан жой берган мезбон раҳбар лавозимда ишлар эди. Уйининг ҳашамини кўриб ақлингиз шошади. Аммо ўқиш учун газета-журнал ёки китоб сўрагандим топиб беролмаса денг. Жуда ҳайратландим. Лоақал газета ўқимаган одам китоб ўқиши мумкинми? Ана энди айтинг-чи, обуна тарғиботи керакми, йўқми? Айтайлик, газетага обуна бўлмаган одам қандай катта йўқотиш қилиши мумкин!  

Ҳусан ЭРМАТОВ,

“Ишонч” ва “Ишонч-Доверие” газеталари бош муҳаррири:


— Турли тармоқ газеталари, фаолиятимизни ўзимиз ёритамиз, қандай хоҳласак шундай ёритамиз, деган илгариги ноқобил сиёсат таъсирида, қайсар мақсадда таъсис этилган, фақат соҳа ходимларига мўлжалланган нашрларнинг самарасию истиқболи ҳақида уларнинг фойдалилик даражасини адолат тарозиcига қўйган ҳолда, ўйлаб кўрилса, яхши бўларди. Давлат идоралари, мутасадди ташкилотларнинг барча бўғинларида марказий газеталарга, бироқ фақат ҳукумат органи бўлган нашрларга эмас — бу бўйича балки махсус ишчи гуруҳ тузилар ёки қандайдир қарор қабул қилинар — турли йўналишдаги газеталарга обуна ташкил этилиши лозим, деб ўйлайман. Гап ходимларнинг ойлигидан, ўқитувчию шифокорларнинг маошидан босиб қолиш эвазига уюштириладиган обуна ҳақида бораётгани йўқ.


 Ҳусниддин БЕРДИЕВ,

“Оила даврасида” газетаси бош муҳаррири:  


— Назаримда, газета бугун ҳам мамлакат ахборот сиёсатини олиб бориш ва мафкуравий бошқаришда энг ишонч­ли ва энг муҳим манба ҳисобланади. У доимо ўқувчи қўл остида туради, қўлдан-қўлга ўтиб ўқилиши эса унинг қамровини янада кенгайтиради. Аҳоли, айниқса, ёш авлод саводхонлигини оширишда кундалик газеталардан кўра таъсирли восита бўлмаса керак. Бугун ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий нашрлар олдида турган энг катта муаммолардан бири таъкидланганидек, обуна масаласи бўлиб қолмоқда. Бу табиий, сабаби матбаа нашрларининг келгуси йилдаги бар­қарор фаолияти ва молиявий аҳволи бевосита нашр ададига, яъни обунага боғлиқ. Хўш, аслида, газеталар обунаси қандай уюштирилиши керак: муассисларми, таҳририятнинг ўзими ёки ҳукумат кўмаги билан? Мана шу савол очиқ қолмоқда. Амалда кўп ҳолларда газета муассисларининг нуфузи, давлат ва жамиятимиз ҳаётидаги тутган ўрнига қараб обуна уюштириляпти. Муассиси ҳукумат ёки вазирлик, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бўлган нашрлар обунаси кўп, оддийроқ ташкилотлар муассислигидаги нашрлар обунаси ҳаминқадар.

Ҳозир матбуот тарқатиш билан шуғулланувчи хусусий фирмалар кўпайган. Улар обуна мавсумида таҳририятлар билан шартнома тузмасдан аввал обунани уюштириб, сўнг шартнома тузмоқчи бўлади. Шартнома тузган тақдирда ҳам йил бошида — бир-икки ой мобайнида газетани манзилга етказади ва кейин бутунлай етказиб бермасликка интилиши, обуна пулларини ўз ҳисоб рақамига тушириб олгач, фирмани ёпиб, обуначининг пулларини “еб кетадиган” ҳолатлари кўп учрамоқда. Бундан фақат обуначи ва таҳририят зарар кўради. Обуначининг газетага бўлган ишончи йўқолади. Мабодо ўша фирмалар билан шартнома тузмасангиз, “бу газета ҳозир чиқмаяпти” деб обуначига ёлғон маълумот беришдан ҳам тоймайди. Калтак айланиб, барибир яна ўша нашрнинг бошида синаверади. Буларнинг ҳаммаси матбуотнинг жамиятдаги ўрнини пасайтирмоқда. Бундан эса фақат ва фақат жамият зарар кўради.

Мақсуд ЖОНИХОНОВ,

“Жамият” газетаси

бош муҳаррири:


— Президентимиз томонидан 2017 йил 13 сентябрда имзоланган “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тар­қатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дас­тури тўғрисида”ги қарор зиёлиларни беҳад қувонтиргани бежиз эмас. Ахир, унда инсон онгини шакллантирувчи энг муҳим омил — мутолаага даъват бор. Мазкур ҳужжатда “...китоб маҳсулотлари бўйича давлат буюртмасининг асосий йўналишларини шакллантириш, адабий-бадиий, ўқув-услубий, илмий-назарий, илмий-оммабоп ва кўргазмали адабиётларни чоп этиш ва тар­қатиш тизимини такомиллаштириш, ихтисослаштирилган китоб дўконлари фаолиятини ривожлантириш” дея кўрсатилган вазифалар босма нашр­ларга нисбатан ҳам амалиётда қўлланса, кўплаб муаммолар ўз ечимини топади. Зеро, китоб ўқиш газета ўқишдан бошланади. Бинобарин, бугун китоб маҳсулотларини нашр қилиш ва тарқатиш тизими самарадорлигини ошириш, китобхонлик маданиятини юксалтириш каби долзарб вазифаларни бажариш мақсадида мамлакатимизда 118 нашриёт, 1 минг 760 матбаа корхонаси, минглаб ижодий ва техник ходимлар фаолият олиб бормоқда. Уларнинг саъй-ҳаракати билан ҳар йили 7 тилда 60 миллион нусхадан ортиқ китоб чоп этилаётир. 60 миллионнинг ўн фоизини матбуот нашрлари ташкил этганда эди, биз ҳозир бу мавзуда ғамга ботиб мақола ёзиб ўтирмаган бўлардик.


Воҳид ЛУҚМОНОВ,

“Оила ва жамият” газетаси бош муҳаррири:


— Ўтган йил бошидан буён хонадонларда ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш бўйича Республика ишчи гуруҳи таркибида Косонсой, Учқўрғон, Норин, Хўжаобод, Булоқбоши каби турли вилоят туманларида бўлдим. Уйма-уй, хонадонма-хонадон юриб одамлар билан суҳбатлашдик, минглаб муаммолар жойида ҳал этилди.

Бироқ қайси туманга бормай, мени бир савол ўйлантираверди: нега одамлар бу қадар ўзгариб кетди? Нега бир қориндан талашиб тушган ака-укалар мерос талашмоқда? Нега бир девор қўшнилар бир-бирининг устидан ёзиб, турли идоралар эшигида сарсон? Нега ахлоқсизлик урчиб боряпти? Нега оилалар пароканда, болалар тирик етим? Саволларнинг адоғи йўқ эди...

Ўша юришларимиз чоғида фалон газетага обуна бўлганман, хонадонимга фалон журнал ёки газета келади, деган одамни учратмадим. Демоқчиманки, обуна тарғиботи айни пайтда жуда зарур ва шарт.


Р.S. Ушбу мақолада кўтарилган муаммолар шулардангина иборат эмас. Навбатдаги чиқишларимиз газеталар обунаси ва уларни етказиб бериш ишига масъул идоралар фаолияти ҳақида бўлади.

Кўтарилган масала бўйича фикр-мулоҳазаларингизни кутиб қоламиз.


Барно СУЛТОНОВА

November 17, 2018
by Jasurbek TOJIBOYEV