“Ботир топса, барча ер...”

“Яхши сўз – жон озиғи” дейдилар. Яхши мужда келтирган кишидан бисотимиздаги илиқ сўзларни аямаймиз. Хушхабар ҳаммага ёқади, юракларга малҳамдек таъсир этади.

Тунов куни ижтимоий тармоқлардан бирида ёқимли хабар тарқалди: “Сергели тумани Ички ишлар бошқармаси подполковниги Шуҳрат Бобониёзов лотереядан ютиб олган 10 миллион сўмни Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига совға қилди”.

Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизматининг хабарида айтилишича, зобит лотерея чиптасини сотиб олаётганида агар пул ютиб олса, барча ютуқни Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига совға қилишини айтганида сафдошлари унга ишонмаган. Аммо у 10 миллион сўм ютиб олгач, бошқа ҳамкасблари ҳам унга қўшилиб, Юнусобод туманидаги 23-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига турли сов­ғалар харид қилган.

Мана шу қисқагина хабар, интернет саҳифаларини нур каби ёритиб юборгандек бўлди. Беш-олти сатрдан иборат хабарга юзлаб изоҳлар ёзилишидан, гўёки қалбларда “чироқ ёнгани”ни англаш қийин эмас. “Бўларкан-у, шунақа яхши хабарлар ҳам...”, деб бошланган изоҳлар узундан-узоқ давом этган. Олижаноблик, инсонийлик ва савоб ишлар ҳақидаги илиқ муждаларни одамлар доимо соғиниши, бундай хабарларга интиқ экани бу ёзувларда акс этган. Ҳамюртлар ўз бисотидаги илиқ сўзларни саралаб, энг эзгу тилаклар изҳор қилишга интилган.

“Интернет тармоқларида кўпроқ шунақа савобли ишлар ҳақида ёзилса, ўша мард зобитимиз каби фидойилар сафи кўпайиб борса, ажаб эмас”, қабилидаги тилаклар кўп марта билдирилгани кўнгилларга ажиб ёруғлик бағишлайди. Биттаси, ҳатто: “Офарин! Сергели туманида яшаганимдан фахрландим! Барака топинг. Мартабангиз улуғ бўлсин”, деб алқаган. Бу сўзлардан самимият уфуриб турибди.

Одамларга беғараз ёрдам бериб, оғирини енгил қилувчи ҳожатбарор инсонларнинг қиёфаси нурли бўлади. Қалб гўзаллиги юзларида акс этади. Улар одамлар наздида истарали, қадди-қомати келишган, ёқимтой кишилар саналади. Бинобарин, болажонларга совға улашаётган ихчам гавдали зобитни фотосуратда айрим юртдошларимиз забардаст паҳлавонга қиёслагани ҳам асло бежиз эмас!

Бугун юртимизда кечаётган турли воқеа-ҳодисалар, жўшқин ўзгаришлар ҳақидаги хабарлар интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда кун, соат сайин акс этаяпти. Ўрни келганда ижтимоий тармоқни улкан ва бепоён ойнага қиёслаш мумкин. Унда ҳамюртларимиз ўз фикр-мулоҳазалари, таассурот ва кечинмалари, ҳатто орзу-умидларини ҳам баён этиши, воқеаларга очиқ-ойдин муносабат билдириши одат тусига кирди. Бу, фуқароларнинг ижтимоий фаоллиги, эл-юрт ҳаётига лоқайд эмаслигидан дарак беради.

Иккинчидан, “муносабат”ларда одамлар савияси, дунёқараш ва феъл-атвори ўзига хос тарзда акс этганки, у жамиятдаги маънавий муаммолар кўламини ҳам яққол кўрсатади.

Ўйлаб қоласан, киши. Охирги пайтларда интернет деганда, порахўрлик, ўғирлик, пичоқбозлик, фаҳш, ваҳшийлик ҳақидаги хабарларни ўқишга кўникиб қолгандекмиз. Баъзи “пост”ларни ўқиганда, беихтиёр, “айрим одамларга на иссиқ ва на совуқ ёқади”, дейсиз. Тўғри, ўнг қўлинг берганни чап қўлинг билмасин, деган гап бор. Лекин, савоб иш қилишни салкам ғайритабиий ҳодиса сифатида қабул қилувчилар, бировнинг яхшилиги-ю, савоб ишини ҳам хушламайдиганлар ҳам талай экани кишида таассуф уйғотади. Халқимизнинг: “Бой топса, босиб ер, ботир топса, барча ер”, “Бор бўлса, кўролмайди, йўқ бўлса, беролмайди”, “Сахийнинг ишига бахилнинг тиши қамашар”, “Сахийнинг хайрига бахилнинг боши оғрир”, “Бойнинг молини бахил қизғанар” каби нақллари эсга тушади.

Яхшилик ва савоб иш аввало, унинг соҳибига бахт-саодат келтиради. Қуйидаги ривоятда шу ҳақда сўз боради:

Бир куни донишманд олим ўз шогирди билан дала бўйлаб кетаётса, йўлда эски оёқ кийимига дуч келишибди. Пойабзал камбағал бир деҳқонники бўлиб, дарахтнинг тагида ечиб қолдирган, ўзи эса далада ишлаётган эди.

Шу пайт қизиққон ўқувчи устозига дебди:

— Устоз, келинг, оёқ кийимини яшириб, деҳқон билан бир ҳазиллашайлик. Келиб, пойабзалини кияман деса, у йўқ. Қани, нима қилар экан, томоша қиламиз. Сиз нима дейсиз устоз?

Муҳтарам зот шундай жавоб берибди:

– Ўғлим, бировларнинг ғамига хурсанд бўлиш оқилларга хос эмас. Сен ўзига тўқ оила фарзандисан. Ўзингга ва муҳтож инсонларга шод-хуррамлик бағишлашга қодирсан. Яхшиси, ҳозир бориб, шу пойабзалнинг ичига пул солиб қўй-да, деҳқоннинг қай даражада таъсирланишини яшириниб, томоша қил!

Ўқувчига устозининг таклифи маъқул келибди. Сўнгра тезгина бориб, оёқ кийимининг ичига бир қанча пул солибди-да, ўзи устози билан деҳқоннинг хатти-ҳаракатини кузатиш учун, дарахтлар ортига яшириниб олибди.

Бироздан сўнг деҳқон ишларини тугатиб, даладан қайтибди. Пойабзалини киймоқчи бўлган экан, оёғига нимадир ботибди. Олиб қараса пул. Кейин иккинчи пойига қарабди. У ерда ҳам пул ётган эмиш.

Бечора деҳқон ҳайрон бўлибди. Кўзларига сира ишонгиси келмасмиш. “Тушимми, ёки ўнгимми”, деб пулни олди-орқасига қайта-қайта қарармиш. Ён-атрофига қараса, ҳеч ким йўқ.

Пулларни чўнтагига солгач, чўкка тушибди-да, қўлларини кўкка чўзиб, баланд овоз билан Аллоҳга йиғи аралаш нидо қилибди:

— “Эй Аллоҳим, Ўзингга беҳисоб шукр. Завжам бемор, фарзандларим эса бир бурда нонга зор бўлиб, оч-наҳор ўтирган чоғда ғойибдан мадад етказганинг учун Ўзингга ҳамдлар бўлсин. Мени ва оиламни ҳалокатдан қутқариб қолдинг”.

Шундай дуолар қилиб, Аллоҳнинг бебаҳо ҳадяси учун узоқ шукроналар айтибди.

Буларни кузатиб турган ўқувчи таъсирланиб, кўзлари ёшга тўлибди.

Муҳтарам зот шундай дебди:

— Биринчи таклифингни амалга оширганингда эди, ҳозир мана шу бахтни ҳис қила олмас эдинг.

Ўқувчи:

— Устоз, минг раҳмат сизга. Бу мен учун бебаҳо дарс бўлди. То тирик эканман, бу таълимингизни асло унутмайман. Ҳаётда улуғ бир ҳикматни ҳозиргина англаб етдим, устоз.

“Олгандан кўра, тортиқ қилсанг, кўпроқ бахт-саодатга эришар экансан”.

Бахтиёр ҲАЙДАРОВ