Дарёга гул ташладим

Зомин шаршараси

Бу не мўъжизадир, бу не хаёлот

Минг йиллик тарихинг оқмоқда қайдан?

Бунчалик мовийсан, сирли самовот,

Кечиб ўтдим сутдай шарқироқ сойдан.

Улкан харсанг тошлар ялтироқ, қадим

Ёрилтош ортидан мўралар эртак.

Ана, дарвозалар очилди сим-сим,

Жавоҳир сочилди этак ва этак.

Зомин шаршараси, Зомин тоғлари,

Табиат ижоди, арчазорлари.

Тошбағир сўқмоқлар кўтарилар тик,

Сени олиб борар тиниқ сой сари.

Юзингга урилар сувлари муздек,

Тетиксан, тетиксан тоғлар сингари.

Уларга ҳавасинг ортади минг бор,

Қўлини узатар тонг чоғи қуёш.

Лаҳзалар югурик, арчалар – бедор,

Тобора юксалиб боргувчи бардош.

Зомин шаршараси, Зомин тоғлари,

Табиат ижоди, арчазорлари.

Афсона тингладим, рақсга тушди

Тераклар учида ҳаворанг шамол.

Юрагимда ажиб туйғулар жўшди

Шаршара бўйида, эй, соҳибжамол!

Зинадан пастлайман, шовуллар қадам,

Одамлар тўлқини тинмас эрта-кеч.

Кўз ўнгимда шундай безавол олам,

О, инсон шунчалик гўзалликка ўч!

Зомин шаршараси, Зомин тоғлари,

Табиат ижоди, арчазорлари.

Бу ердан ортимга қайтгим келмайди,

Мафтунман шаршара – афсунгар қизга.

Бошқасига сирим айтгим келмайди,

Сувлар олиб кетсин олис-олисга.

Бир зум бу дунёни, ўзингни унут,

Шаршарани эшит, гўзал суҳбат қур,

Сени тинч қўймайди жилвагар сукут.

Тубида аксланар тинч самовий нур.

Зомин шаршараси, Зомин тоғлари,

Пойингизда кечди кумуш чоғларим!..

Қишлоқда

Атроф жимжит туюлар, лекин

Абадийдир жило ва ғулув.

Ҳар дақиқа қуйилар бетин

Азалийдир муҳаббат, сулув.

Шу ер менинг илк ишқим – лолам,

Тилларимдан ҳеч тушмас ғазал.

Шу тупроқда туғилди болам,

Менинг каби озод ва гўзал.

Шу ер – менинг туғилган уйим,

Шу ер – менинг отам ва онам.

Шу ер – менинг биринчи куйим,

Шу ер – менинг сўнгги остонам.

* * * 

Дарёга гул ташладим,

Оқиб кетди хаёлдай.

Уфққа кўз ташладим,

Бахтни кутган аёлдай

Дарёга гул ташладим...

Дарёга гул ташладим,

Ой билан, юлдуз билан

Гулдай суза бошладим,

Қучгандай елни елкан...

Дарёга гул ташладим...

Дарёга гул ташладим,

Руҳ оташ, жоним оташ.

Майсалар кўз ёшлади –

Ичиб юборди қуёш!

Дарёга гул ташладим...

* * * 

Фироқ даштларида саргардон шамол

Дарё ёмғирларни бошлаб келади.

Кипригида шабнам уйғонган аёл

Йўлида ғамларни ташлаб келади.

Шохларида булбул сайраган гулнинг

Ишқи осмонларга бориб туташди.

Қуёшга элтувчи энг узун йўлнинг

Куйлари умримга тўлди – дил тошди!

Ойгул СУЮНДИҚОВА