ОИЛА – МУҚАДДАС ҚЎРҒОН (47 сон)

by O'zbekiston adabiyoti va san'ati gazetasi
ОИЛА – МУҚАДДАС ҚЎРҒОН (47 сон)

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан ташкил этилган «Болалар ва ёшларнинг маънавий-ахлоқий тарбиясида оиланинг роли» мавзуидаги конференцияда вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари, маҳалла, хотин-қизлар соҳаси фидойилари, педагоглар, психологлар иштирок этди.

«Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази директори ўринбосари Д.Каримова, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов, Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти Б.Абдуҳалимов, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши раисининг ўринбосари Д.Мирзажонова ва бошқалар мамлакатимизда оилалар манфаатларини таъминлаш, уларни кучли ижтимоий ҳимоялаш, ёш авлодни ибратли анъана ва қадриятларимизга ҳурмат ва содиқлик руҳида камол топтиришга устувор аҳамият қаратилаётганини таъкидлади.

«Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази бир қатор ҳамкор жамоат ташкилотлари билан бирга ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, улар маънавиятини юксалтириш, оилалар манфаатларини ҳимоялашга фаол ҳисса қўшиб келаётир. Жорий йилда оилавий ажримлар ва келишмовчиликларга ­барҳам бериш, турли низоли вазиятларни тезкор, оқилона ҳал этиш, хонадонлардаги маънавий-ижтимоий муҳитни пухта ва атрофлича ўрганиш юзасидан тизимли ишлар олиб борилди. Айни пайтда ёшларнинг оила ва жамият олдидаги масъулияти ва бурчини тобора кучайтириш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш юзасидан кўплаб тарғибот ва ташвиқот ишлари, илмий изланишлар олиб борилмоқда. Натижада ажрим ёқасига келиб қолган оилалар яраштирилди. Ҳаётга енгил-елпи қараётган, оиласи бузилиш бўсағасидаги баъзи ёшлар ФҲДЁ бўлимлари ҳамда судлардан ўз аризаларини қайтариб олди. «Соғлом оила – соғлом жамият» шиори остида олиб борилаётган маънавий-маърифий тадбирлар кутилган ижобий натижаларни бераётгани эътиборга моликдир. Маҳаллалардаги «Ота-оналар университети» фаолиятини кучайтириш, мактаб – маҳалла – оила ўртасидаги ҳамкорликни янада тизимли ва изчил йўлга қўйиш долзарбдир.

– Бугунги глобал шароитда оилавий таназзул масаласи дунёнинг барча давлатлари учун тааллуқлидир, – дейди Япониянинг Ашии университети фахрий профессори Кунико Хакамада хоним. – Ўзбекистонда оилалар тўкис. Уларда кўпинча эр-хотин ўз ота-оналари билан бирга аҳилликда яшайди. Болалар тарбиясига катта авлод вакиллари иштирокида ёндашилиши жуда ажо­йиб. Зеро, бу жиҳат болаларда меҳнатсеварлик, ҳалоллик, катталарга ҳурмат, одамийлик, ўзгаларга хайрихоҳлик каби фазилатлар мустаҳкам қарор топишида алоҳида ўрин тутади.

– Европанинг бир қатор давлатларида, жумладан, Испанияда ҳам болалар 18 ёшга тўлгач мустақил бўлиб, ота-онаси, оиладан алоҳида чиқиб кетади, – дейди Испан шарқшунослари ассоциацияси бош котиби, Мадрид автоном университети профессори Хесус Хил Фуэнсента. – Бу эса ёшларнинг оиладан йироқлашишига, маънавияти, тарбиясига қайсидир маънода салбий таъсир этади. Шу маънода ўзбек оилаларининг қадимий ибратли қадриятларга таяниб иш кўриши, ёшларнинг тарбияси, оила мустаҳкамлигига маҳалла катта масъулият билан қараши таҳсинга лойиқдир.

– Бугунги глобаллашув даврида кореялик айрим ёшлар ёлғиз ҳаёт кечириши, оила қуришга панжа орасидан қараши каби ҳолатлар ҳам йўқ эмас, – дейди Кореядаги аҳоли таълими бўйича ассоциация раиси Ча Ву Гю. – Шу сабабли эндиликда таълим масканларида оилавий қадриятларга оид дарслар, ўқув курс­лари жорий этилмоқда. Мазкур анжуман ёшлар тарбиясида оиланинг аҳамиятига доир устувор вазифаларни белгилашда, ранг-баранг тажрибаларни таҳлил этиш ва ўрганишда муҳим аҳамият касб этади.

Қизғин баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтган анжуманда оила ва тарбия, дин ва оила, оила ва жамоатчилик каби мавзулар бўйича атрофлича фикр юритилди.

Н.УСМОНОВА, ЎзА мухбири

November 18, 2018
by Jasurbek TOJIBOYEV