МЕҲР ИЛА МУНАВВАР ОЛАМ

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси яна бир хайрли ишга қўл урди. Шаҳримизда ва вилоятларда жойлашган Меҳрибонлик ва Мурувват уйлари таниқли санъаткорлар томонидан оталиққа олиндики, бу эзгу ғоя замирида чинакам инсонпарварлик ўз ифодасини топган, десак хато бўлмайди. Зеро, Навоий бобомиз айтганларидек, бир кўнгли синиқни хушнуд этмоқ, Каъбани тикламоқ билан баробардир. Аслида яшашдан мурод ҳам шу.

Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков, хонанда Баҳром Назаров шаҳримиздаги Хлебушкина номидаги 22-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ҳузурида бўлишди. Ҳар ойда ўтказиладиган бу учрашувлардан мақсад меҳр-мурувватга муштоқ кўнгилларга завқ, қувонч, шодлик улашиш ҳамда у ерда ўсиб вояга етаётган болажонлар орасидан санъатга, мусиқага қизиқувчи истеъдод эгаларини кашф этиб, уларга ҳам моддий, ҳам маънавий кўмак бериш, “маҳорат дарс”ларини ўтказиб, уларни санъат сирларидан хабардор қилишдир.

Куни кеча шундай учрашувлардан бири Зомин туманидаги Ём қишлоғида жойлашган Мурувват уйида бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова ва қизиқчи Шукрулло Исроилов ўзларининг концерт дастурлари билан барчанинг кўнглини қувончга тўлдиришди. Учрашув сўнгида совғалар туҳфа этилди.

Эзгу сўз, эзгу амал, эзгу ниятлар ила бошланган бу хайрли иш давом этади ва неча-неча кўнгилларга малҳам бўлади, деган умиддамиз. 

“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси матбуот хизмати