ДЎМБИРА ОВОЗИ ТУТСИН ОЛАМНИ

by O'zbekiston adabiyoti va san'ati gazetasi
ДЎМБИРА ОВОЗИ ТУТСИН ОЛАМНИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида” ҳамда “Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарорлари том маънода мамлакатимиз маданий ҳаётида катта воқеа бўлди. Мазкур қарорлар халқимизнинг номоддий меросларини авлодларга етказиш, миллий туризмни янада ривожлантириш, шунингдек, халқлар орасида дўстлик, маданий гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади, албатта. Қуйида соҳа мутасаддиларининг ушбу халқаро фестивалларни ўтказишдан кўзланган мақсад ва уларнинг мазмун-моҳияти ҳақидаги мақолалари билан танишасиз.

Таҳририят

Айни кунларда мамлакатимизда юз бераётган ўзгаришларнинг янги даври дунё аҳли нигоҳида. Бу шижоатли кунларнинг шукуҳи, шиддати маданият соҳасининг ҳам тез суръатларда ривожланишини таъминламоқда. Президентимизнинг миллий маданиятимизнинг туб илдизи, жон томири бўлган халқ ижодиёти дурдоналарини асраб-авайлаш борасидаги ғамхўрликлари бу борада асосий омил бўлмоқда. Кўпни кўрган, кўплаб достонларни куйлаган кўнгли тоза бахши бобо тилидан айтадиган бўлсак, беихтиёр бу кунларнинг садағаси кетай, деб юборасиз...

Куни кеча Юртбошимиз имзолаган “Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарор Ўзбекистон бахшиларининг кўнгилларини шод этди, улар “Алпомиш” ва “Гўрўғли”ларни янада жўшиб куйлаб, элимиз фарзандларининг мардлиги ва жасурлигини, Ватанига садоқатини тараннум этмоқдалар.  Термиздаги бахшилар мактаби ўқитувчиси, Ўзбекистон халқ  бахшиси Шоберди Болтаевни ушбу қарордан хабардор этиш мақсадида қўнғироқ қилдим. У киши телефонга дўмбирасини тутиб, “Куйламоққа замон келди, гўзал давру даврон келди” деб жўшиб қўшиқ айтди. Билдимки, отахон бахшимиз қалбида ғурур ва ифтихор туйғулари барқ уриб турибди.

Халқимиз, айниқса, ёшлар миллий санъатимизни қадрлашга, қадимий меросимизни эъзозлашга даъват этилаётгани, кўҳна бахшилик санъатини дунёга танитмоққа бел боғлаганимиз ҳар жиҳатдан қувонарли, албатта. Зеро, авлоддан авлодга ўтиб, сайқалланиб, янада бойитиб келинаётган бахшилар санъати ва достончилик халқимиз маънавиятини, самимиятини, бадиий-руҳий салоҳиятини намоён этувчи кўзгудир. Даврлар оша гўзал шакллари, теран мазмуни, кенг қамровли моҳияти билан бизгача етиб келган, тарбиявийлиги, халқ дилига яқинлиги билан санъатнинг бошқа турларидан фарқланадиган бу қадимий санъат тури халқ бадиий ижодиётининг энг севимли, энг жозибали, ардоқли, содда ва гўзал жанридир.

Атоқли достончилар ва бахшилар ҳамиша элу юртнинг фахри бўлиб келган. Эргаш Жуманбулбул ўғли, Фозил Йўлдош ўғли, Ислом шоир Назар ўғли, Муҳаммадқул Жонмурод ўғли Пўлкан, Умир шоир Сафар ўғли, Бола бахши-Қурбонназар Абдуллаев, Қодир бахши Раҳимов, Шомурод бахши Маҳманов, Қаландар бахши Норматов, Хўшбоқ бахши Мардонақул ўғли, Шоберди бахши Болтаев, Абдуназар бахши Поёнов, Абдумурод ва Қаҳҳор бахши Раҳимовлар каби атоқли бахшилар шулар жумласидандир.

Мамлакатимизда достон куйлаш анъанаси қадимда уч йўналишда ривожланган. Биринчиси Булунғур, Қўрғон, Шаҳрисабз, Қамай, Нарпай, Шеробод, Жанубий Тожикистонда яшовчи ўзбек-лақай достончилик мактаблари бўлиб, улар дўмбира чертиб якка ҳолда, бўғиз овоз билан куйлашган. Иккинчиси Хоразмда тор, дутор, ғижжак, гармон, буламон, қўшнай, доира жўрлигида баъзан якка, баъзан жуфт ҳолда, очиқ овозда ижро этилган. Учинчиси Фарғона водийсида дутор жўрлигида очиқ овозда айтилган. Ушбу мактабларнинг айримлари ўз фаолиятини тўхтатган, баъзилари эса йўқолиб кетиш арафасида турган бир пайтда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Термиз шаҳрида бахшилар мактаби ташкил этилди. Бундан кўзланган асосий мақсад истеъдодли ёшларни кашф этиш ва тарбиялаш, навқирон авлодни халқ оғзаки ижодининг ноёб ва бой хазинаси билан яқиндан таништириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдан иборат.

Мазкур мактабдаги учрашувда Президент Ш.Мирзиёев “Достончилик ва бахшичилик — миллий ғуруримиз. Унинг замиридаги эзгу қадриятларни халқимизга етказиш лозим”, дея таъкидлаган эди. Ушбу долзарб вазифани бажариш бўйича бугун олдимизда катта ишлар турибди.  

Аввало, бахшилар ижроларини аудио, видео тасмаларига ёзиб олиш, китоб ҳолига келтириш, шу достонлар асосида фильмлар яратиш лозим. Қолаверса, ёшларни миллий қадриятларимизга содиқ, ўзбекона руҳда тарбиялашда эзгуликка чорлайдиган, ватанпарвар, адолатли, мард, жасур бўлишга ундовчи достонларимизни мактабларнинг таълим тизимига дарслик сифатида киритиш ва достонларни фундаментал илмий тадқиқ этиш ишларини янада кучайтириб, ҳудудларда аввал мавжуд бўлган бахшилар мактабларини қайта тиклаш чораларини кўришимиз лозим.

XX асрнинг ўрталарида ижод этган номдор бахшилар жуда кўп достонларни ёддан айтишган. Жумладан, Пўлкан шоир етмишдан ортиқ, Фозил Йўлдош ўғли олтмишдан зиёд достонни ёддан куйлаган. Шунинг учун ҳозирги ёшларни замонавий усуллар асосида достонларни ёд олишга ўргатиш ҳамда давр талабидан келиб чиқиб, бахшилик санъати ва достонларимизнинг махсус веб сайт ва мобил иловасини яратиб, унга достонлар матнини, бахшилар ижроси ёзилган аудиоларни, шунингдек, юртимизда фаолият олиб бораётган бахшилар тўғрисидаги маълумотларни жойлаштириш, уларни оммавий ахборот воситаларида мунтазам равишда ёритиш ва тарғиб қилиш кечиктириб бўлмайдиган вазифалар сирасига киради.  

Бу эса келгусида бахшиларимиз дўмбирасининг оҳангини, ўзбек халқ достонларидаги ибратли ва ҳикматли ғояларни мадҳ этувчи қўшиқлар дунё бўйлаб таралишига кенг йўл очади. Келаси йили Термизда ўтказиладиган фестивалга ташриф буюрадиган чет эллик меҳмонлар бой тарихимиз билан яқиндан танишиб, дўмбиранинг ноёб овози ва бахшиларнинг юксак маҳорати туфайли кишиларни комилликка етаклайдиган халқ оғзаки ижодининг нодир дурдоналаридан баҳра оладилар.

        

Азамат ҲАЙДАРОВ,

Республика маданият муассасалари фаолиятини    ташкил этиш илмий-методик маркази директори, профессор

November 15, 2018
by Jasurbek TOJIBOYEV