«...ВАФО УЗРА ҚИЛУР КОТИБ РАҚАМ»
Нуқта янглиғким, вафо узра қилур котиб рақам,
Ишқ ўтининг доғини аҳли вафода истангиз.
Инсоният ҳаётида, шубҳасиз, энг катта мўъжизалардан бири китобдир. Мободо, башарият мутафаккирларининг китоб ҳақидаги фикрлари йиғилса ҳам бир неча жилдлик китоб ҳосил бўлишини илм аҳли яхши билади. Китобсевар миллат ҳеч қачон хор бўлмайди. Шу маънода, бошидан турли жафоларни кечирган она халқимиз маънавияти, маданияти ҳақида гап кетса, унинг китобга ошнолиги-ю ундан йироқлиги даврларини эслашнинг ўзи кифоя. Аҳли дониш, мутафаккирлар, ижодкорлар томонидан битилган китоблар то ҳозирги замон нашр ишлари юксак технологияси даврига қадар мураккаб йўлни босиб ўтган. Бизнинг юртимизда ўн минглаб қўлёзма асарлар беқиёс маънавий бойлик ҳисобланади. Маҳоратли котиблар томонидан кўчирилиб, китобат қилинган бундай ёзма дурдоналар миллий фондларимиздан ташқари дунёнинг турли мамлакатларидаги нуфузли кутубхоналарда ҳам сақланади.
Котиблар меҳнати орқали китобат санъати ривожланмаганида халқимиз интеллектуал салоҳияти бугунги кундагидек сақланиб қолишини тасаввур этиб бўлмасди.
Китобат санъатини котиблар бошлаб бергани ҳам исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. Илк ўрта асрларда Хитойда қоғозга ёзилган матнлар махсус ёғочларга бостирилиб, кейин китобларга нусхаланган. Дастлабки босма китоб буддавийликка оид “Олмос сутра” 868 йилда чоп этилгани айтилади. Матбаа корхоналари пайдо бўлганда ҳам котиблар меҳнатига талаб юқори даражага чиққан. Гап шундаки, котиб ёзиб берган матнлар аввал махсус тошларга тескари бостирилиб, ундан китоб варақларига котиб ёзуви айнан кўчирилган, ҳозирги тил билан айтганда, нусха олинган. Тошбосма матбааларда китоб чоп этишда ҳам котиблик аҳамиятини сақлаб қолган.
Ўрта асрлардаги салтанатларда, кейинчалик уч хонлик саройи кутубхоналарида олим ва шоирлар, наққошу мусаввирлар билан бир қаторда хаттотлар ҳам бир жойга тўпланиб ижод этганлар. Уларнинг ижтимоий мавқеи, молиявий-иқтисодий мақоми ҳам анча юксак бўлган. Масалан, Алишер Навоий асарларини маҳорат билан китобат қилган Султонали Машҳадий ўз замонида “қиблат ул-куттоб”, “султон ул-хаттотин” унвонларига эга бўлган. Настаълиқ хати ихтирочиси Мирали Табризийнинг шогирди бўлган Султонали Машҳадий настаълиқнинг Эрон, Туркия, Ўрта Осиё, Хуросон, Ҳиндистон ҳудудларига ёйилишига ва тараққий этишига сабабчи бўлган. У ўзи шоир сифатида настаълиқ хати ҳақида манзума яратган. Алишер Навоийнинг шахсий котиби ҳисобланмиш Абдужамил Котиб ҳам Султонали Машҳадий каби хаттотлик санъатида мумтоз даражага эришган эди. Истеъдодли хаттотлар олиму шоирлар, меъмору наққошлар мартабасида бўлган.
Асрлар давом этган анъанавий усулдаги қўлда кўчириб китобат қилишдан фарқли ўлароқ, литографик, яъни тошбосма усулда китоб табъ этиш – матнни тайёрлаш ва уни нашр қилиш тартиби ўзлаштирилди. Китобат ишида янги касблар кўпайди – литографик матбаа эгаси, муҳрдор, ношир, нашриёт ишини молиялаштирувчи ҳомий, китобфуруш. Китобатдаги асосий шахслар – котиб ва саҳҳофнинг вазифасига талаб анча ўзгарди. Китобларни қўлёзма ҳолатда кўпайтириш, аҳолидан ҳамда муқовасозлардан олдинги таъмирланган китобларни, котиблардан янги кўчирилган нусхаларни сотиб олиш билан шуғулланган китобфурушлар илгари воситачи ролида бўлган эсалар, литографиялар вужудга келгач, аҳоли қизиқишларини аниқлашда, хилма-хил жанр ва нашрларни белгилашда, турли қатламдаги халқ вакиллари орасида нашрларни тарқатишда муҳим мавқеларни эгаллай бошладилар.
Китоб иши ҳақидаги адабиётларда айнан китобфурушлар иш жараёнида қайси китоб харидоргир эканлигини, талаб ва таклифни яхши ўзлаштириб, шунга кўра, китоб саноатини белгилаб беришганини айтишади. Чоп этиш жиҳатдан типографиядан кўра арзон ва содда, ёзув шакли анъанавий кўринишдаги тошбосма китоблар (нашрга котиб матни асос бўлган) китобхонлар талабига жавоб берарди.
Демак, энди китоб ишида котиблар эмас, унинг ўрнига замон талаби билан юзлаб китоблар сотадиган, талабни ўрганиб, таклифни белгилайдиган китобфурушлар бош ўринга ўтишди. Китоб ишининг асосийдек кўринган маънавий-маърифий вазифаси ёнида унинг молиявий манфаатдорлик хусусияти олдинги ўринга чиқди. Асосий масала 500-600та китобни сотиш ва ундан келадиган даромад эди. Китобфурушлар бошқа шаҳарларга (Истанбул, Қозон, Боку) ўз нашрларини олиб бориб сотиш ишини, айни дамда ўша шаҳарлардан турли китоб олиб келишни, умуман, ҳудудлараро савдони йўлга қўйишди. “Тошбосма китобларнинг хат жиҳатдан чиройли ва саводли нашр этилиши, биринчи навбатда, хаттотларга боғлиқ бўлган, – деб ёзади манбашунос олим М.Ҳакимов. – Агар хаттот матнни нафис хат билан кўчирса, ўқувчилар томонидан тез фурсатда харид қилиниб, ўша асарнинг навбатдаги нашрларига талаб ва эҳтиёж туғилаверган. Ношир ва тожирлар эса дурустгина иқтисодий фойда кўрганлар”.
Китоб савдоси китоб бизнесига айлана борди. Юқорида айтилгандек, Туркистонда ҳам сотувчи ва хизмат кўрсатувчи китобхона-ширкатлар пайдо бўлди. Бу ширкатга келган китобхон ўз моддий аҳволига кўра, китоб (мусулмон мамлакатларида нашр этилган журнал ва газеталар) сотиб олиши ёки қироатхонада ўтириб ўқиши мумкин эди.
Китоб ишлаб чиқаришда котиб ва у ёзган матн энг асосий омил бўлгани ҳолда, ўрта асрлардан мутлақо фарқли ўлароқ, котиб мавқеи нисбатан ўзгаришга учради. Албатта, мажмуавий ташкил этилган ширкат ишларида қўлёзма усулида китоб чиқаришда энг асосий ўринда бўлган котибнинг роли кўринарли эмасдек таассурот уйғотади. Лекин устоз-шогирдлик анъанасини давом эттириб келган ХIХ аср котиблари ҳақида гап кетганда худди ўрта аср саройлари, хон кутубхоналарида хизмат қилган хаттотларга берилган таъриф такрорланади.
Аксарият котиблар ҳунарманд ёки мадраса кўрган оилалардан чиқишган. Араб-форс тиллари ва адабиётидан яхши хабардор бўлишган. Мираҳмад Мирий Абдураҳим ўғли Кўкчада пўстиндўз, Шоҳмурод котиб боғдор, Азим Содиқжон ўғли наққош, Муҳамммад Усмон котиб ва Асқарали Чархий тўқувчилар оиласидан чиқишган.Тошкент шаҳрида йирик матбаалар жойлашгани билан боғлиқ ҳолда тошбосма нусхалар учун котиблар мактаби шакллангани боис бошқа жойлардан ҳам келиб бу касб билан шуғулланишган. Нажмиддин Хўжа котиб Хўжанд шаҳридан кўчиб келиб, Комолон мавзесида китобат билан шуғулланган ва талабаларга дарс берган. Адабиётшунос олим, таржимон ва шоирлигидан ташқари, хушнавис хаттот ҳам бўлган Алмаий тирноқларини хат ёзишга мослаштириб ўстириб юрган. Алишер Навоий асарларининг китобати билан шуғулланган Шоҳмурод котиб тўқувчиларга тиғ, тароқ ясаб берар, шунинг учун бўлса керак, кўчирган китобларига “Тиғбанд”, “Шоҳимурод Тиғбандий” деб имзо чеккан. Баъзан ёзган шеърларига ҳам шу тахаллусни қўллаган.
Китобат жараёни хаттотнинг матншунослик нуқтаи назардан юксак сифатли қўлёзмаларни китобат учун саралашдаги билим ва маҳоратини қўллашда янги имкониятлар эшигини очиб берарди. Тошбосма нусха кўп нашр қилиниши баробарида котибнинг ролига муносабат анчайин сусайгани сезилди. Асрлар давомида қўлёзма асар матнининг хати қандай бўлишидан қатъи назар, асарни кўчирувчи котибнинг кимлигига, муаллиф (мусанниф)дан кейин алоҳида аҳамият бериб келинган. Аксарият қўлёзмалар колофонларида котиб номи келтирилиши бежиз эмас.
Котиб томонидан кўчирилган ҳар бир қўлёзма нашр деб ҳисобланишга лойиқ бўлгани каби тошбосма нашр учун ёзилган матн нусхаси ҳам қўлёзмадир. Литографик (тошбосма) босмахоналар туфайли котиб ёзиб берган ягона қўлёзма матн ягоналик хусусиятини йўқотиб, тошбосма китоблар деб аталадиган бўлди.