Заводлар фаолияти
September 7, 2020

“Ўзбекнефтгаз”: “Зеварда” сиқув компрессор станциясининг барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида захира агрегат билан таъминланди (Фото)

Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли “Зеварда” сиқув компрессор станциясидаги таъмирлаш ишлари белгиланган муддатидан аввал бажарилиб, фойдаланишга топширилди.

“Зеварда” газ конидаги қудуқлардан қазиб олинаётган паст босимли табиий газ “Зеварда” компрессор станцияси орқали “Зеварда” Газни комплекс тайёрлаш қурилмасига узатилади. У ерда табиий газ таркибидаги сув, углеводородлар ва бошқа механик бирикмалардан тозаланиб, “Муборак” газни қайта ишлаш заводига олтингугурт бирикмаларидан тозалаш учун етказиб берилади.

Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси томонидан табиий газ қазиб чиқариш бўйича белгиланган кўрсаткичларни бажаришда ушбу сиқув компрессор станциясининг аҳамияти катта.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, битта Газ ҳайдаш агрегатининг тўхтаб қолиши эса кунига 1,8 миллион куб метрга яқин табиий газ қазиб олиш ҳажмининг қисқаришига олиб келади.

Шуни ҳисобга олган ҳолда, сиқув компрессор станцияларининг барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида тўрттала газ ҳайдаш агрегатида ҳам техник регламент ва таъмирлаш ишлари тезкор равишда ўтказилди.

“Зеварда” сиқув компрессор станциясининг малакали мутахассислари томонидан амалга оширилган регламент ва таъмирлаш ишлари жараёнида газотурбинали двигателнинг ички қисми махсус ювиш воситаси ёрдамида юмшатилган сув билан ювилди. Двигателнинг ҳаво, ёқилғи ва мой фильтрлари тўлиқ алмаштирилди. Двигатель ва компрессорнинг барча асосий ва ёрдамчи ускуналари тўлиқ текширилди ва носоз датчиклари янгисига алмаштирилди.

Натижада, газ ҳайдаш агрегатларининг узлуксиз, бир меъёрда ишлашини таъминлашга ҳамда табиий газ қазиб олиш ҳажми қисқаришининг олдини олишга эришилди.

Шунингдек, газ ҳайдаш агрегати фавқулодда аварияли ҳолатда тўхтаб қолган вақтда газ қисқаришининг олдини олиш мақсадида қисқа муддатда ишга қўшиб юбориш учун захира агрегати билан таъминланди.

Ушбу газ ҳайдаш иншоотлари ёрдамида кунига 6,6 миллион куб метр табиий газ қайта ишлаш учун “Муборак” газни қайта ишлаш заводига узатилади.

Маълумот учун: “Зеварда” сиқув компрессор станцияси Қашқадарё вилояти Муборак тумани ҳудудида жойлашган. Станцияда 4 та газ ҳайдаш агрегатлари мавжуд. Ушбу станция йилига 2,4 млрд куб метр табиий газни ҳайдаш қувватига эга.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть #газ #энергия #скважин #инвестиция #добыча #углеводород #экономика #завод #нефтебаза #қудуқ #кон #иқтисод #аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|linkedin|YouTube|twitter|