“Ўзбекнефтгаз”: Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли соғломлаштириш оромгоҳида мавсум давомида ходимларнинг 1200 нафар фарзандлари дам олиши режалаштирилган (Фото+видео)
Бош саҳифа
Русский
Болаликнинг сеҳрли оламида яшаётган, ҳаёт ташвишларидан узоқда, ўзларининг мўъжизакор дунёларида мазза қилиб болалик гаштини сураётган самимий ва қувноқ болажонлар учун ёз фаслининг гашти ўзгача.
Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли Шаҳрисабз шаҳрида жойлашган, “Беруний” болалар соғломлаштириш оромгоҳи ҳам ёзги таътил давомида болаларнинг янгича билим ва кўникмаларини эгаллашлари, янги дўстлар орттиришлари, мароқли дам олишларини ташкиллаштриш мақсадида ўз ишини бошлади.
Барча қулайликларга эга ушбу оромгоҳда асосан бошқармада фаолият олиб бораётган ишчи-ходимларнинг фарзандлари дам олиб, ёзги таътил вақтларини мароқли ўтказадилар.
Замон талабларига жавоб берадиган 600 ўринга мўлжалланган оромгоҳда ётоқ бино корпуслари, хоналар, тиббиёт хонаси, ошхона, 2 та чўмилиш ҳавзаси, тўгарак хоналари, кутубхона, спорт майдончаси мавжуд.
Навбатлар (сменалар) сони 4 та бўлиб, ҳар навбатда 300 нафар болаларни ва мавсум давомида 1200 нафар болаларни дам олдириш режалаштирилган.
Оромгоҳда болаларни мароқли дам олдириш мақсадида 103 нафар малакали ишчи-ходимлар ишламоқда. Тарбиячи ва етакчи вазифасига Шаҳрисабз шаҳар Халқ таълими бўлимига қарашли мактаб ўқитувчилари жалб қилинган.
Болаларнинг саломатлигини назорат қилиб бориш мақсадида 1 нафар шифокор ва 2 нафар ҳамшира жалб қилинган. Оромгоҳ осойишталигини таьминлаш мақсадида эса 1 нафар ИИБ ходими, 1 нафар Ёнғин хавфсизлиги ходими ва 2 нафар Миллий Гвардия ходимлари мавсум давомида болаларга хизмат қилмоқда.
Оромгоҳнинг мавсумий иш режаси белгиланган соатлар асосида тузилган бўлиб, етакчи ва тарбиячилар режа асосида иш олиб бормоқдалар. Оромгоҳда маданий-маърифий ишлар йўлга қўйилган бўлиб, дам олаётган ўқувчи ёшлар билан ишлашни самарали ташкил этишда маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари, китоб ўқишга қизиқишни ошириш, ўқувчи-қизларни ижтимоий фаол ҳаётга жалб этиш бўйича 5 та муҳим ташаббусни амалга ошириш белгилаб олинди.
Оромгоҳ кутубхонасида 1200 дона болалар учун мўлжалланган бадиий китоблар бор, ҳар куни дам олувчи болалар кутубхонадан унумли фойдаланиб, ўз билим доираларини ва дунё қарашларини ошириб бормоқдалар.
Шунингдек, кутубхонада турли тадбирлар шу жумладан “Китоб бизнинг дўстимиз”, “Эртаклар яхшиликка етаклар”, “Энг фаол китобхон”, “Мен ёқтирган асар қаҳрамони”, “Зулфияхоним қизлари” баҳру байт шеърият кечаси каби тадбирлар ўтказиш режалаштирилган.
Бундан ташқари оромгоҳда “Инглиз тили”, “Тикиш-бичиш”, “Ёш Беҳзодлар”, “Компьютер кўникмалари”, “Ёш ижодкорлар”, “Миллий рақс” тўгараклари учун алоҳида хоналар ташкил этилган бўлиб, болаларни ўз қизиққан йўналишлари бўйича машғулотларга қатнашиб, вақтларини унумли ўтказишлари учун шароит яратилган.
Кечки умумий йиғинда “Энг аҳил жамоа”, “Энг тоза ётоқхона”, “Энг масъулиятли жамоа навбатчиси”, “Энг масъулиятли етакчи”, “Энг чаққон тарбиячи” номинациялари бўйича танловнинг кун ғолиблари эълон қилиб борилмоқда.
Ҳар бир жамоа етакчи ва тарбиячилари ҳам ўз иш режаларига эга бўлиб, жамоа ичида турли танловлар, ҳаракатли ўйинлар ташкил қилиб болаларни зериктирмасликка ҳаракат қилмоқда.
ФОТОЛАВҲАЛАР
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть #газ #энергия #скважин #инвестиция #добыча #углеводород #экономика #завод #нефтебаза #қудуқ #кон #иқтисод #аёқш
|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|