“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” Бухородаги инвестиция лойиҳалари ҳолатини ўрганди (Фото)
“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли “Учқир” газни олтингугуртдан тозалаш қурилмасида пропан-бутан аралашмасини олиш қурилмасини қуриш бўйича қиймати 49,4 млн. долларлик инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Лойиҳани амалга ошириш учун Украинанинг “Сумское НПО” ва “Турбогаз” заводлари, Россиянинг “Гидромашсервис”, “АЗСТРАСТСТРОЙ” ва “Промресурс” заводлари, Германиянинг “Linde AG” ва бошқа чет эл заводларида ишлаб чиқарилаётган ускуналарни импорт асосида харид қилиш кўзда тутилган 13,21 млн. долларга тенг 13 та хорижий шартномалар тузилган.
Ҳозирда турбодетандер, насос, ҳаво орқали совутиш аппарати секцияси, иссиқлик алмашинув ускунаси ва сепараторлар каби ускуналар тўлиқ олиб келинди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” аъзолари, ушбу инвестиция лойиҳаси доирасида ускуналар бўйича тайёрлаш ва етказиб келиш ишларининг ҳолатини ўрганиш мақсадида Бухоро вилояти ҳудудида жойлашган Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида бўлди.
“Ишчи гуруҳ” аъзолари томонидан ушбу лойиҳа доирасида, газни цеолитли қуритиш қурилмаси, суюлтирилган газни қабул қилиш, суюлтирилган газни сақлаш ва истеъмолчиларга етказиш учун сиғимлар, пропан бутан аралашмасини олиш қурилмаларини, лаборатория бинолари қуриш ишларининг ҳозирги ҳолати ўрганилди.
Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев ва “Ишчи гуруҳ” аъзоларининг Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига ташрифи давомида, лойиҳа доирасидаги амалга оширилаётган ишларнинг сифатини ошириш ва жадаллаштириш бўйича топшириқлар берилди.
Бугунги кунга қадар, Бош пудратчи – “Муборакнефтгазмонтаж” МЧЖ томонидан қурилиш ишлари 43,6 фоизи бажарилган бўлиб, қурилиш-монтаж ишларини жорий йилнинг ноябрь ойида якунлаш кераклиги белгиланди.
Шу билан бирга 5 йиллик Дастур доирасида, Учқир объектида “ENTER Engineering Pte.Ltd.” компанияси томонидан қурилиши амалга оширилаётган “Учқир” сиқув компрессори станцияси ҳамда “Учқир” олтингугуртдан тозалаш қурилмасининг 6-тармоқлари ҳам кўздан кечирилди, уларни мос равишда жорий йилнинг июль ҳамда сентябрь ойларида ишга тушириш вазифаси белгилаб берилди.
Эслатиб ўтамиз, йилига 4,5 млрд. куб.м газни қайта ишлаш қувватига эга бўлган пропан-бутан аралашмасини олиш қурилмасини қуриш орқали, бир йил давомида 80,0 минг тоннагача пропан-бутан аралашмаси ҳамда 37,5 минг тонна конденсатни ишлаб чиқариш, ўз навбатида ички бозорда ушбу маҳсулотларга ошиб бораётган талабни қондиришга эришиш режалатирилмоқда.
"Ўзбекнефтгаз" АЖ Матбуот хизмати