Заводлар фаолияти
October 23, 2020

“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” “Uzbekneftegaz GTL” заводи қурилиш майдонида бўлди (Фото)

Бош саҳифа Русский

Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев ва “Ишчи гуруҳ” аъзолари Қашқадарё вилоятининг Ғузор тумани ҳудудида қурилиши давом этаётган “Uzbekneftegaz GTL” заводида бўлиб ўтган воқеа-ҳодисалар ортидан бугунги вазиятни ўрганиш мақсадида қурилиш майдонида бўлди.

Бошқарув раиси қурилиш ишларида Бош пудратчи бўлган “ENTER Engineering” компаниясининг раҳбари билан учрашиб, қурилиш-монтаж ишларида иштирок этаётган ишчилар учун яратилган мавжуд шароитлар билан яқиндан танишиб чиқди.

Бундан ташқари, норозилик билдирган ва воқеалар жараёнида иштирок этган ишчилар билан очиқ мулоқот ўтказиб, уларни қийнаётган муаммоли масалаларни атрофлича ўрганди.

Ишчиларнинг меҳнат қилишлари, овқатланиши, дам олиши ҳамда яшаши учун янада яхшироқ шароитлар яратиб берилишига келишиб олинди ва мавжуд камчиликлар тузатилиб, эндиликда уларнинг олдини олиш чоралари ҳам кўрилди.

Шу вақтга қадар мавжуд бўлган барча камчиликлар аниқланиб, уларни қисқа фурсатда бартараф этиш чора-тадбири ишлаб чиқилди.

Шунингдек, Бошқарув раиси бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” аъзолари “Uzbekneftegaz GTL” инвестиция лойиҳасининг амалга оширилиши, қурилиш-монтаж ишларининг бажарилиши, заводдаги бир қатор ускуна ва технологик қурилмаларнинг ишга тушириш-созлаш олди ишлари бажарилиши жараёнлари ҳамда заводни ишга тушириш ва эксплуатация қиладиган персонални тайёрлашга алоҳида эътибор бердилар.

Бундан ташқари, “Uzbekneftegaz GTL” заводида электр энергияси, хомашё, сув, ёқилғи газ етказиш ишлари, ёнғинга қарши тизим ва умумий оғирлиги 8 минг тоннадан зиёд бўлган Фишер-Тропш реакторлари бўйича қилинган ишлар ҳолати билан ҳам танишди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси томонидан лойиҳа доирасида ишларни жадаллаштириш ва муваффақиятли якунлаш юзасидан зарур бўлган топшириқлар берилди.

Эслатиб ўтамиз, ушбу завод ишга тушгач, йилига 3,6 миллиард куб метр тозаланган табиий газ (метан) қайта ишланади ва 1,5 миллион тонна юқори сифатли синтетик суюқ ёқилғи, жумладан, 307 минг тоннадан ортиқ авиакеросин, 724 минг тонна дизель ёқилғиси, 437 минг тонна нефть, кимё соҳаси учун хомашё бўлган нафта, 53 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқарилишига эришилади.

Ҳозирда лойиҳа 90,9 фоизга, шу жумладан, қурилиш-монтаж ишлари 76,3 фоизга бажарилган бўлиб, қурилиш майдонида жами 12 мингга яқин ишчи-ходимлар (шулардан 1 771 мутахассис чет эл фуқаролари) ва 719 та махсус техника ва механизмлар сафарбар этилган. Заводнинг бир қатор технологик қурилмаларида ишга тушириш олди ва созлаш ишлари амалга оширилмоқда.

ФОТОЛАВҲА

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|