Ўзбекистонда Нефть ва газ саноати ходимларининг касб байрами табриги
Қадрли ҳамкасблар!
Маълумки, ҳар йили сентябрь ойининг биринчи якшанбаси Ўзбекистонда Нефть ва газ саноати ходимларининг касб байрами сифатида нишонланади. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ва ҳукуматимиз томонидан нефть ва газ соҳасини ривожлантириш учун барча шароитлар яратиб берилмоқда ва соҳа ходимлари ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда.
Шуни билингки, Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётининг энг муҳим тармоғи бўлмиш нефть ва газ саноатида эришилган ҳар бир ютуқда барча-барчангизни ҳиссангиз бор. Шу муносабат билан сизларни самимий муборакбод этаман.
Нефть ва газ соҳасида фаолият олиб бораётган 50 минг нафарга яқин ходимларни матонат ва мустаҳкам ирода тимсолига ўхшатаман.
Ўтган 9 ой давомида барчангиз билан бир ёқадан бош чиқариб меҳнат қилдик ва яхши натижаларга эришиш учун юксак мақсад сари интиляпмиз. Бу муддатда сизларга қўшилиб, геолог, бурғиловчи, мастер, муҳандис, техник, тадқиқотчи ва устага айландим. Ўтган давр мобайнида имкон қадар сизнинг ёнингизда бўлиб, машаққатли меҳнатингизда елкадош бўлишга ҳаракат қилдим.
Қишнинг қирчиллама аёзи ва ёзнинг жазирима кунлари ҳам сизнинг касбингизга бўлган меҳру муҳаббатингизга, садоқатингизга раҳна сола олмаслигининг гувоҳи бўлдим.
Бу соҳа қанчалик машаққатли бўлмасин, унинг ўзига хос сеҳри борлигига ишондим. Унинг энг муҳим жиҳати эса, ҳар бир қилган меҳнатингизнинг самараси халқимизнинг фаровон ҳаётида акс этишидадир.
Сизларнинг ўта машаққатли меҳнатингиз ва масъулиятингиз туфайли ватандошларимиз иссиқ уйларида ҳаёт кечиришмоқда. Мамлакат саноати тўхтовсиз ҳаракатланмоқда. Жамият фаровонлигини таъминлаган ҳар бир техника воситасининг ҳаракатланишида сизнинг улушингиз бор.
Соҳада узоқ йиллардан буён фаолият юритиб келаётган, унинг ривожланиши учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилган фахрийларимизга эса алоҳида миннатдорчилик билдираман. Улар қилган ишлар бугунги кадрлар учун дастурул амал бўлиб хизмат қилади.
Нефть ва газ соҳасига эндигина қадам ташлаб кириб келаётган ёш мутахассисларга шуни айтмоқчиманки, сиз танлаган касб мамлакат иқтисодиётида ҳал қилувчи роль ўйнайди. Шу сабаб ҳам соҳа сирларини чин дилдан ўрганишдан, билимингизни тўхтовсиз чархлашдан ва малакангизни оширишдан тўхтаманг!
Ишончим комилки, бизни биргаликда янги муваффақиятлар кутмоқда. Ҳамкорликда биз бундан ҳам кўп ютуқларга эриша оламиз. Атрофимда барчангиз бир жамоа бўлиб меҳнат қилаётганингиз учун самимий миннатдорчилигимни билдираман.
Ўзингиз ва яқинларингизга соғлик, бахт, турмушингизга фаровонлик тилайман. Ҳар бирингиз келгусида юксак марраларни забт этишингизга ишонаман ва бу йўлда муваффақиятлар ҳамиша ҳамроҳ бўлишини тилайман!
Ҳурмат билан,
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси
Меҳриддин Абдуллаев
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть #газ #энергия #скважин #инвестиция #добыча #углеводород #экономика #завод #нефтебаза #қудуқ #кон #иқтисод #аёқш
|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|linkedin|YouTube|twitter|