May 17, 2022

“Ўзбекнефтгаз”: Маҳаллий корхоналар билан алоқаларни ривожлантириш ҳисобига янги турдаги саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда

Бош саҳифа Русский

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 24 августдаги “Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ҳамда 2022 йил 11 март куни “Саноат кооперациясини ривожлантириш ҳамда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш чора-тадбирлари”га бағишланган йиғилишда давлат раҳбари томонидан маҳаллий саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмлари ва номеклатурасини кўпайтириш топшириғи берилган эди.

Ушбу топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида "Ўзбекнефтгаз" АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев топшириғи билан акциядорлик жамияти харидлари тизимида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар иштирокини кенгайтириб бориш ҳисобига саноат ишлаб чиқаришда қўшилган қиймат занжири яратилиши бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.

Ушбу тадбирлар доирасида куни кеча “Ўзбекнефтгаз” АЖ мутахассислари ҳамда "GPZ-27 PODSHIPNIK ZAVODI" АЖ корхонаси Бош муҳандиси ва технологи иштирокида учрашув ташкил этилди.

Таъкидлаш жоизки, “GPZ-27 PODSHIPNIK ZAVODI” АЖ корхонаси 1988 йилдан бошлаб подшипник ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. Корхона металлга ишлов бериш, термик ишлов бериш, метални эритиш-қуйиш, сиқиш, маҳсулотни сепаратордан ўтказиш, сайқаллаш, маркаларга ажратиш ҳамда йиғиш цехларидан иборат.

Ҳозирда корхонада 180 дан ортиқ ходим фаолият юритиб, 1200 дан ортиқ маҳаллий ва экспортбоп маҳсулот маркалари ишлаб чиқарилмоқда. Корхонанинг ўртача йиллик пул айланмаси 100 млрд сўмни ташкил этади.

Учрашувда сиқув компрессор станцияси мутахассислари билан биргаликда “Ўзбекнефтгаз” АЖ учун зарур бўлган импортдан харид қилинаётган подшипникларнинг маркалари ва йиллик эҳтиёжи юзасидан музокаралар олиб борилди. Ўз ўрнида маҳаллий корхона вакиллари томонидан импортдан олиб келинаётган маҳсулотларни ўзлаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ мутахассислари “GPZ-27 PODSHIPNIK ZAVODI” томонидан нефт ва газ саноати учун етказиб бериладиган подшипник маҳсулотларининг сифатига алоҳида эътибор берилиши лозимлигини таъкидлашди.

Шунингдек, учрашувда “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватловчи қулайликлар, тадбиркорлар билан доимий мулоқот, харидлар жараёнларида коррупция ҳолатларини бартараф этиш чоралар билан таништирилди. Корхона томонидан мавжуд буюртмаларни ўз вақтида етказиб беришни таъминлаш, сифат талабларига риоя қилиш, ўз ўрнида “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан шартномаларни вақтида молиялаштириш қайд этилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|