May 27, 2022

“Ўзбекнефтгаз”: Шўртан газ кимё мажмуаси томонидан ишлаб чиқарилган полиэтилен маҳсулоти тўлиқ ички бозорга реализацияси қилинмоқда

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Шўртан газ кимё мажмуаси углеводород хомашёсини чуқур қайта ишлашга мўлжалланган юртимиздаги биринчи йирик корхона ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йилдаги “Полиэтилен ишлаб чиқарадиган Шўртан газ кимё мажмуаси қурилиши тўғрисида”ги қарорига мувофиқ барпо этилиб, 2001 йил 21 декабрда ишга тушурилди.

Юқори технологиялар билан жиҳозланган мажмуада 2002 йилдан бошлаб “UzClear®” товар белгиси остида биринчи ўзбек полимери ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган. Мажмуада биринчилардан бўлиб “ISO 9001” ва “OHSAS 18001” халқаро стандарт тизими мувафаққиятли жорий этилди.

Шуртан газ кимё мажмуаси технологияси 150 маркадаги юқори, ўрта ва паст босимли чизиқли полиэтилен ишлаб чиқаришга имконияти мавжуд бўлиб, йилига 4,0 млрд куб метр қуйидаги табиий газ хом ашёсини қайта ишлаш қувватига эга:

• 3,5 млрд куб метр тозаланган газ;

• 125 минг тоннадан ортиқ полиэтилен гранулалари;

• 110 минг тоннадан ортиқ суюлтирилган газ;

• 90 минг тоннадан ортиқ газ конденсати;

• 1 минг тонна олтингугурт маҳсулотларини ишлаб чиқаради.

Ўтган 2021 йилда мажмуа томонидан 4,2 млрд куб метр табиий газ хом ашёси қайта ишланиб, 135,2 минг тонна полиэтилен гранулалари, 3,5 млрд куб метр тозаланган газ,117,5 минг тонна суюлтирилган газ, 103,6 минг тонна газ конденсати 1,1 минг тонна олтингугурт маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, махсулотларнинг йиллик ишлаб чиқариш режаси ўртача 103 фоизга бажарилди.

Шуни айтиш лозимки, сўнги йилларда ички бозорда талабнинг кескин ошиши туфайли мажмуа томонидан ишлаб чиқарилган полиэтилен маҳсулоти тўлиқ ички бозорга реализацияси қилинмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ ва мажмуа мутахассислари томонидан операцион самарадорликни ошириш бўйича барча фаолият йўналишларида амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида юқори кўрсаткичларни йиллар мобайнида барқарорлигини таъминлашга эришилмоқда. Хусусан, “Ernst&Young” компанияси билан олиб борилаётган амалий ишлар туфайли полиэтилен маркаларини ишлаб чиқаришда ўтиш даврини ва технологик қурилмаларнинг таъмирлаш вақтларини оптималлаштириш орқали мажмуанинг узлуксиз ишлаши таъминланмоқда.

Республикамизга 2021 йилда импортдан кирган полимерлар таҳлили (Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра) шуни кўрсатдики, бугунги кунда “Ўзбекнефтгаз” АЖ корхоналари томонидан йилига 490 минг тонна полиэтилен ва 90 минг тонна полипропилен ишлаб чиқарилишига қарамасдан, турли ҳил кўринишда полиэтилен ҳамда полипропилен гранулалари ва ундан олинадиган буюмлар кўринишида 83,96 млн долл (59 минг тонна) полиэтилен ва 91,47 млн долл (93 минг тонна) полипропилен Россия, Эрон, Қозоғистон, Туркманистон каби давлатлардан импорт қилинган. Олдинги 5 йилга нисбатан импорт қилинган полиэтилен ҳажми 2,5 баробарга ва полипропилен ҳажми эса 1,4 баробарга мос равишда ортган.

Шу сабабдан ички бозорда маҳсулотга бўлган талабни қондириш мақсадида тайёр нефть газ-кимё маҳсулотлари ҳажмини кўпайтириш ва турларини кенгайтириш, импорт ўрнини босиш ҳамда республиканинг экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорларига мувофиқ “Шўртан газ кимё комплексининг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш” инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Лойиҳа “Uzbekistan GTL” МЧЖда ишлаб чиқариладиган йиллик 430 минг тонна синтетик нафтани чуқур қайта ишлаш орқали импортдан олиб келинаётган ва бугунги кунда муқобили бўлмаган қиймати 550 млн доллар бўлган 280 минг тонна труба, пленка, пуфланган, қуйма полиэтилен маркаларини, ҳамда 100 минг тонна гомо, қуйма, трубалар учун полипропиленнинг янги маркаларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, 800 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.

Хулоса қилиб шуни таъкидлаш керакки, республикамизда газ кимё соҳасини ривожлантириш, маҳаллий хом ашёлар асосида янги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш орқалигина мамлакатимизнинг полимерлар хом ашёсига бўлган мустақиллигини таъминлаш билан бир қаторда, соҳадаги кичик ва ўрта бизнес субъектларини келажакда барқарор ишлашига, ривожланишига мастаҳкам замин яратилади ва шу турдаги маҳсулотлар экспорт ҳажми ошади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|