November 17, 2023

Жорий мавсумда 300 мингга яқин дарахт ва бута кўчатлари экилди

O‘zbekcha Ruscha

Давлат раҳбари томонидан илгари сурилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан жорий йилги куз мавсумида ҳам дарахт кўчатларини экиш ишлари давом этмоқда.

Жорий йилнинг 25 октябридан бошлаб, шу кунга қадар тизимдаги бошқарма ва корхоналар томонидан жами 299 240 туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди.

Жумладан,
• Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида – 44 000 туп,
• Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида – 29 442 туп,
• Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида – 29 635 туп,
• "Термиз нефть базаси" МЧЖда – 11 214 туп,
• "Кучлик нефть базаси" МЧЖда – 9 775 туп,
• “Ўзнефтгаз бурғулаш ишлари” МЧЖда – 9 850 туп кўчат ўтқазилди.

Кўчатлар ҳудудларнинг иқлим шароитидан келиб чиқиб, боғлар барпо этиш ва кўкаламзорлаштиришни назарда тутган ҳолда танлаб олинмоқда. Бу борада Илмий тадқиқот институтларининг тавсияси билан сувсизлик ва иқлим шаротига чидамли гужум, қайрағоч, катальпа, акация, заранг, шумтол, тут, жийда, ёнғоқ, терак каби дарахт новдалари экилиши белгиланган.

Экилган дарахтлар агротехник талаблар асосида парвариш қилиниб, минерал ва органик ўғитлар билан озиқлантирилиб, зараркунандалардан ҳимоя қилиб борилади.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил “Баҳор мавсуми” тадбири доирасида Жамият томонидан жами 232 718 дона кўчат экилиши кўзда тутилган бўлиб, амалда эса 241 574 дона мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилган.

Бундан ташқари Муборак газни қайта ишлаш заводи, Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси, Шўртан газ кимё мажмуаси ҳамда Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида сувдан оқилона фойдаланиш мақсадида 34 500 п/м томчилатиб суғориш тизимлари ўрнатилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Ахборот хизмати

web-sayt | instagram | telegram | youtube