May 23, 2022

“Ўзбекнефтгаз”: Паркентдаги 7 та эҳтиёжманд оилага янги хонадон қуриб берилди

Бош саҳифа Русский

"Ўзбекнефтгаз" АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг ташаббуси билан “UNG Petro” МЧЖ корхонаси ва “Himmat” ҳайрия фонди ташаббускорлигида Тошкент вилояти Паркент туманидаги 7 та эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган кўпболали оилаларга янги хонадон қуриб берилди.

Жорий йилнинг 21 май куни Паркент тумани “Бошқозон қўрғони” маҳалласида қад ростлаган замонавий уйлар ўз эгаларига топширилди.

Хонадонларнинг тантанали топшириш маросимида “Ўзбекнефтгаз” АЖ ходимлари, “Ҳиммат” ҳайрия фонди вакиллари, Паркент тумани ҳокимлиги мутасаддилари, маҳалла фаоллари иштирок этишди.

7 та хонадон жойлашган 18 сотиҳдан иборат ер майдони саҳоватпеша тадбиркор томонидан туҳфа қилинди. Ушбу майдонга 2021 йилнинг 22 декабрь ойида "Ўзбекнефтгаз" АЖ томонидан қурилиш ишлари бошланган эди. Умумий майдони 2,5 сотиҳдан иборат 7 та хонадон тўлиқ таъмирланган ҳолатда қуриб битказилиб, жиҳозлаб ҳам берилди.

– Дунёда ҳар бир инсоннинг ўз уйи бўлгани яхши, - дейди “Ўзбекнефтгаз” АЖ “UNG petro” МЧЖ бош директори Мирзоҳид Мусаев. – Юртимиздаги кўплаб яхши инсонлар ҳамкорлигида ташкил қилинган бу лойиҳа Тошкент вилоятидаги бошпанасиз, ногиронлиги бор, моддий ёрдамга муҳтож фуқароларга амалий кўмак бўлди, десак бўлади.

Уйларни опшириш маросимида янги хонадон соҳиблари тантанали тарзда кутиб олиниб, совғалар ҳам тақдим этилди.

- Биз Паркент тумани Чотқол қишлоғида яшардик. Бундан 4 йил аввал отам вафот этган, – дейди янги хонадон соҳиби Шаҳзод Жумабоев. – Мен ва укаларимни боқиш онамнинг зиммасига тушди. Биз ижарада яшардик. Яхши, саҳоватпеша инсонлар сабаб, бугун уйли бўлдик. Биз бу ишга ўз ҳиссасини қўшган барчадан миннатдормиз. Келажакда яхши ўқиб, юртимизга нафи тегадиган шахс бўлиб етишиш орзум. Мен ҳам биз каби қийинчиликка дучор бўлган оилаларга ёрдам қўлини чўзаман.

"Ўзбекнефтгаз" АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида бугунги кунда кўмакка муҳтож юртдошларимизни нафақат уй-жой муаммосига ёрдам бериш, балки “UNG petro” корхонаси таркибидаги 70 дан ортиқ АЁҚШлардаги мавжуд бўлган вакант ўринларга ишга жойлаштириш ишлари ҳам амалга оширилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|